Ишсизликка қарши турли тадбирлар ўтказилмоқда, маҳаллий ҳокимиятлар бўш иш-жойлари ярмаркаларини бир чиройли тарзда уюштирмоқда-ки, яратилган шарт-шароитларни кўриб ҳавасинг келади киши. Бироқ муносиб маошдан дарак йўқ.
Иш қидириб камина ҳам борди. Янги ва бўш иш-жойлар рўйхатини кўриб ҳайратга тушдим.
Ҳақиқатда иш жуда кўп… Лекин муносиб маошдан дарак йўқ. Таклиф қилинаётган маошлар стандарт 400 минг сўмдан 600 минг сўмгача.
Назаримда бу иш берувчилар оддий арифметикадан хабари йўқдек.
Сабаби оилалик инсон эрталабдан туриб жамоат транспортида ишга бориб, тушлик қилиб уйга қайтса, оладиган маошини ёнига яна шунча қўшиш керак бўлади.
Демакки, иш вақтида ўз-ўзидан “қўшимча даромад” топишни ўйлашга мажбурсан киши.
Хуллас бу каби ярмарка кор қилмади.
Ўзини йиллар мобайнида оқлаб келган “ўзбекчасига” услубига қўл урдим.
Яъни таниш-билиш орқали “мени фалончи акахон юбордилар” деб бир олийгоҳга бориб деканга учрашдим.
Учрашиш ҳам осон кечмади. Чунки қачон қарама “хўжайин мажлисда ёки ўта муҳим тадбирда”. Насиб экан ахири қабул қилдилар.
Вақтлари зиқлигини ва 5 дақиқадан кўп вақт ажратолмаслигини айтди.
Инглиз тилидан ўқитувчи эканимни ва иш излаб келганимни айтдим. Орада телефонларига қўнғироқ бўлиб қолди.
Уйда ремонт бошлаган кўринадилар келин ойи билан обойнинг рангини 10 дақиқа маслаҳат қилдилар. Хуллас мени борлигим эсларига тушиб қолди гўшакни қўйишга мажбур бўлдилар.
Ўқитувчи ярим ставкага зарур эканлигини айтиб, бўлажак домланинг маъсулиятларини тушунтира кетдилар.
Гапларидан ўқув даргоҳлари халқаро мавқеъга чиқиш нияти бор экан.
Шунга устозларда ўз шахсий компьютери (камида 3 миллионлик сумлик ноутбук) бўлиши ва уйда интернетга доимий уланиб (ойига 100 минг) баҳоларни онлайн қўйиш керак экан.
Инглиз тили домласи IELTS сертификати (1 миллион сўмдан ортиқ) олиши шарт экан. Ундан ташқари турли презентациялар, тарқатув материалларини тайёрлаб келиш лозим бўлар экан.
Ўз-ўзидан барча ҳаражатларни ўқитувчи ўз ҳисобидан қилиши кутилмоқда. Таклиф қилинаётган маош эса 500 минг сўм.
Тахминан 1 йил оладиган маошингни олдиндан шу ишга сарфлаш талаб этилар экан. Бу ерда еб-ич кундалик ҳаражатлар ҳакида умуман гапирмаса ҳам бўлади.
Яна ўша номутаносиблик – оддий арифметика муаммоси – кирим билан чиқим “ўзаро чиқишмай” қолди.
Гапирсанг гап кўп…
Гапнинг индаллоси – депутатларимиз нафақат янги иш-жой яратиш хақида ҳужжат қабул қилиш билан чекланмай балки шу ҳужжатларга “муносиб маош билан таъминлансин” деган оддий бир жумлани ҳам тиркаб қўйсалар мақсадга мувофиқ бўларди.
Қолаверса, нафақат жарималарни ошириш хақида балки анча йиллардан бери умуман унутилиб кетган “истеъмолчи саватчаси” ҳақида ҳам бир ўйлаб кўришса айни муддао бўларди.
Тошкентлик блоггер
Манба: Би-би-си Ўзбек