O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Талваса

Талваса
170 views
22 January 2016 - 14:58

Metal_mirziyayevЎзбекистон Бош Вазири Ш.Мирзиёевнинг селектордан янграган оғзаки буйруғига асосан, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб “Металлолом” йиғиш учун вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларига қаттиқ топшириқ берилди. Ҳокимлар эса ўз навбатида, ҳудудларидаги ўзларига тўғридан-тўғри бўйсинадиган СЭС, солиқ ва ҳоказо ташкилотларни бу ишга жалб этдилар. Бу каби ўта мустабид ҳаракатлар билан илгаригига қараганда ҳам, тадбиркорларнинг иш фаолиятига жиддий аралашиш жараёни бошланди. Президентнинг тадбиркорларни ҳимоя қилиш учун вақтли матбуотда томоқ йиртганлари-ю, чиқарган қарорларининг шунчаки кўзбўямачилик учун навбатдаги компания экани билиниб қолди. Энг асосийси, зукко халқимиз мустақилликнинг биринчи йилларидаёқ тўғри пайқаганидек, президент И.Каримовнинг ҳеч қачон ёлғонни тарк эта олмаслиги, лавзсизлиги яна бир марта ўз тасдиғини топди.

Шу муносабат билан вилоятларда жойлашган темир-терсак йиғишга мослаштирилган “Металлолом топшириш базалари” қошидаги масъулияти чекланган жамиятлар, яъни МЧЖларнинг куни туғди. Маҳаллий мулозимлар томонидан дастакланаётган МЧЖ масъуллари, олдиндан имзо ва муҳр қўйилган, юқорида ўтирган бир ҳовуч текин томоқ зўравонларнинг фойдасига мослаштирилиб тузилган шартномаларга тадбиркорларни имзо қўйишга мажбурламоқдалар. МЧЖ орқасида, бутун бошли ҳокимият турибди.

Шартномада “тадбиркор “фалон” тонна  метални 2016 йил давомида чоракма-чорак топширилишини ўз зиммасига олиши шарт” деб кўрсатилган. Акс ҳолда, шартномани бажармаган томоннинг тадбиркорлик фаолияти ёпиб қўйилиши айтилмокда. Бу дегани СЭС, Солиқ ва Прокуратура оркали жиддий текширув уюштирилиб, тадбиркорларга ноқонуний босим бўлиши очиқдан-очиқ таъкидланмоқда. Ҳозирданоқ, қаттиқ топшириқ олган СЭС муассасаларига ўхшаган бир нечта қароқчи муассасалар республика, вилоят ва шаҳарларда эрталабдан уйи бузилган гадо каби ҳар кўчада санғишни бошладилар. Улар дорихоналар ва бошқа шунга ўхшаш турли тадбиркорликлар амалга ошириладиган обеъктлар билан шартнома тузишга киришдилар. Шартнома тузишдан бош тортган тадбиркорларнинг дорихоналари, дўконлари ва ишлаб-чиқариш корхоналари ҳар хил баҳоналар билан ёпиб қўйилмоқда.

Айниқса, бу каби қонунларга зид тадбир, дорихонаси бор тадбиркорларга жуда қимматга тушмоқда. Йиллар бўйи давом этиб келаётган тазиқлар остидаги бунақа зарарли “ҳашарлар” бу соҳанинг ҳам силласини қуритган. Шунингдек, республиканинг аксар ҳудудларидан темир-терсак ўн йиллар илгари сўнггигача йиғиштирилиб олингани етмагандек, “Металлолом топшириш базалари”га тегишли МЧЖлар дорихоналарга ўхшаш нақд пул билан ишлайдиган корхоналардан ҳар бир кг метал учун  500-600 сўм нақд пул олиб, уларга “метал топширди”, деб маълумотнома ёзиб беряпти. Номи чиққан бир Дорихона мудирининг айтишича, фақатгина бир вилоятдаги дорихоналардан 1 000 000 000 (бир милиард) сўмдан ортиқ нақд пул ноқонуний йиғиштириб олинган.

Ўтган йилларда, ҳокимият ва прокуратура тил бириктириб, ноқонуний қурилган деб топилган қурилишлар ва гаражларни биргаликда буздириб ташладилар. Ва ўзлари иш бошида туриб, бузилган бинолар ва гаражлардан чиққан яроқли нарсаларнинг КОМХОЗга топширилишини охиригача назорат қилиб турдилар. Уларнинг эгаларига барчаси чиқиндига ташланди, деб, зарари қопланмасдан, юқорида турганларнинг ўзлари чексиз бойликларни толон-тарож қилдилар – сотдилар, едилар, улардан ўзлари учун қават-қават ҳашаматли бинолар кўтариб олдилар.

Бугунги кунда, бу зўравонликка асосланган иқтисоднинг илдизлари, янада баққуватлашиб бормоқда. Металалом ҳисобидан нақд пул ишлаб, коррупцион схемалар орқали чўнтагини тўлдириш операциялари кун-кундан гуллаб-яшнаяпди. Халқнинг ва мамлакатнинг зарарига иш кўрадиган бу каби мафия бошида, ҳокимият ўзи кўз-қулоқ бўлиб турибди. Халқнинг, мамлакатнинг манфаатини ҳимоя этиш ўрнига, ҳокимиятдагилар жиноятчиларга эш бўляпдилар, тадбиркорлага зуғум ўтказиб, халқни кундуз куни ошкора таламоқдалар.

Ҳозирги кунда ширкатларда, кўп қаватли уйлар ертўлалари ва томларида, ноқонуний деган баҳоналар билан жуда катта миқдорда темир-терсак йиғиштириляпди. Металаломга топширилиши керак бўлган темир панжараларни, гаражларни ҳокимиятларнинг ҳомийлигида коррупцион мафиялар арзимаган пулга сотиб олиб, жуда қимматга пуллаяпди.

Мустақиллик йилларида, қанчадан қанча завод ва фабрикалар таг-томири билан йўқ қилиб юборилди. Ҳокимият структураси тадбиркорликни ривожлантириш ўрнига тадбиркорларга ўзларининг фойдаси учун тўхтовсиз тайзиқлар  ўтказишмоқда.

Буни бугун Ўзбекистонда ҳамма яхши билади. Аммо, ҳеч ким норозилигини тўғридан-тўғри ҳокимиятдагиларнинг юзига айта олмайди. КОРРУПЦИОН ДАВЛАТ МАФИЯСИнинг куни битиб бораётган бўлса ҳам, ўйламасдан бир нима дейиш, қийин. Илдизи чириб, шохлари тўкилиб қолган бу тузум, жуда ҳам аламзада! У талвасага тушиб қолган, у ўлим билан олишмоқда. У кимдан аламини олишни билмасдан, ўзининг елкасига ўзи оғиз солмоқда!

Таҳририятга келган мактуб