Бугун Тошкентда таниқли ўзбек ёзувчиси Зоҳир Аълам 71 ёшида юрак хуружидан вафот этгани ҳақида машьум хабар келди.
У бир пайтлар “Бирлик” ва “Эрк”ка хайрихоҳ инсон эди. Шунинг учун бўлса керак, Мустақилликнинг сўнгги йигирма тўрт йилида унга бирор жойда бир кун ҳам иш берилмади.
У 1943 йилда туғилган эди. Ўтган йили унинг етмиш йиллиги ҳам бирор жойда нишонланмади.
Зоҳир Аълам кўзга кўринган ва таниқли ёзувчи эди.
Совет даврида унинг биринчи китоби — «Бахтли билет» (1972). «Муқаддима» (1978), «Ҳаммаси бир бинода», «БАМ манзаралари» (1978), «Кийик кўзлари» (1981), «Ўсма кетар, қош қолар» (1981), «Ота ўгитлари» (1985), «Зарб» (1987) каби китоблари нашр этилган.
«Афандининг қирқ бир пашшаси» (шу номда кисса ҳам ёзган, 1989) номли песаси ҳам бор. Публицистик асарлар ҳам ёзган («Боёвут», 1986; «Майиз атрофидаги гаплар», 1990 ва бошқалар).
Плутархнинг «Искандар Макидунли» (1998) асарини ҳамда П. Василевнинг «Тўсиқ», «Ўлчамлар» каби қиссаларини, рус адиби С. Залигиннинг «Комиссия» романини ўзбек тилига таржима қилган.
Унинг «Зарб» номли ҳикоялар тўпламини ўқиганда мен ҳали университет талабаси эдим.
Лекин мустақиллик даврига келиб унинг бирорта асари чоп этилмади. Гўё у ёзишдан тўхтаб қолгандек…
Ҳолбуки бу йилларда ҳам у тинмай ижод қилди, ўлмас асарлар яратди.
Ҳали биз бу асарларни ўқийдиган бахтли кунлар ҳам келади. Бунга шубҳам йўқ.
Зоҳир Аълам туркий халқларнинг буюк шоири Рауф Парфининг курсдоши эди.
Ҳали журналистика факультети бугунгидек алоҳида ажралиб чиқмаган пайтда улар университетнинг филология факультетида бирга ўқишган.
Ўтган йили Рауф Парфининг ҳам 70 йиллиги атрофида қанча шов шувлар бўлишига қарамай шоир ҳақидаги эсдалик ва шеърлар китоби чоп этилмай қолди, унинг юбилейи ҳам тантаналар арафасида тўхтатилди…
Бугунги сиёсатлашган ёзувчилар уюшмасида Зоҳир Аъламлар турадиган алоҳида қора рўйхат бор. Бу рўйхатдагилар бирорта ҳам йиғин ва ё маракага таклиф этилмайдилар.
Менда – Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бу каби “таъқиқланганлар” тоифасига мансуб ўз аъзоларини аллақчон тобутга солиб, хайр хушсиз қабристонга обориб қўйгандек тасаввур уйғонади баъзан…
Зоҳир Аълам талантли ёзувчи, яхши инсон эди. Ҳалол ва диёнатли умр кечирди. Ноҳалол ва диёнатсиз яшай олмади.
Шунинг учун ҳам умрининг кейинги йигирма тўрт йилини ёлғизлик ва унутилишда, хўрлик ва таҳқирликда ўтказди.
Ҳали шундай замонлар келадики, Зоҳир Аъламга ўхшаш ростгўй, иродали ва бардошли, матонати улуғ инсонлар қадрланади. Уларнинг муборак номлари халққа қайтиб берилади.
Мен бунга ишонаман.
Торонто, Канада, 13 апрел, 2014 йил.