Ўтган ҳафта ҳаракатимизнинг баъзи аъзолари ўзаро тўпланиб, Ўзбекистонда қурилажак янги жамият ҳақида фикр алмашдик. Бу ерда ҳукуматни танқидни бир четга қўйиб, мамлакатамизда ЎХҲ ўлароқ амалга оширишни режалаганимиз ислоҳотлар ҳақидаги тасаввуримни ҳамюртларимизга қисқа ва лўнда ҳолда билдиришни хоҳлайман:
1.ЎХҲ ҳукуматни ўз қўлига оладиган бўлса, аввало фуқароларга Ўзбекистонда ва хорижда саёҳат эркинлигини таъминлайди. Яъни, ОВИР визалари бекор қилинади. Яқин қўшниларимиз, Яъни Ўрта Осиё давлатлари билан ҳамда бошқа хорижий давлатлар билан визасиз саёҳат тизими йўлга қўйилади. Бу тарзда фуқароларимиз ўзлари истаган жойда яшаш, ишлаш, табдиркорлик ва тижорат билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
2.Ўзбекистонда яшашни истаган фуқароларимизга эркин тадбиркорлик, тижорат ва кичик корхоналар очиш учун шартлар соддалаштирилади. Яъни, истаган киши ўз маҳалласи ва қишлоғидаги солиқ масъулларига учрашиб, қандай фаолият билан шуғаланмоқчи эканлиги ҳақида қисқа баёнот варақаси тўлдириб беради ва шу шаклда фаолиятга бошлайди. Бундай табдиркорлардан солиқ фақат даромадга эга бўлгандан кейин, даромадига қараб маъқул миқдорда олинади.
3.Худди шундай деҳқонларга ҳам, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган (шу жумладан пахта етиштирадиган) фермер хўжадликларига ҳам эркин фаолият олиб бориш учун шартлар яратилади. Деҳқонлар қандай маҳсулот етиштиришга ўзлари қарор берадилар. Лозим бўлгандагина, агар хусусий фаолият билан шуғулланадиган деҳқонлар ва фермер хўжаликлари талаб қилганда, давлат уларнинг фаолиятига, масалан маҳсулотни четга сотиш каби масалаларда ёрдам беради.
4.Кичик ва ўрта корхоналарни қуриш ва ишлатиш ҳам қулайлаштирилади. Бозорлар тамоман эркин фаолиятда бўлади. Тижоратчилардан фақат маъқул миқдорда солиқ тўлаш, маҳсулотларни сотишда тозалик (гигиена) шартларига амал қилиш талаб қилинади.
5.Мана шу дастлабки тўрт ислоҳотни амалга ошириш билан халқнинг ўз қорнини ўзи тўйдириш муаммоси ечилади, иншаллоҳ. Чунки давлатнинг вазифаси халқни боқиш эмас, фуқароларга эркин иқтисодий фаолият юргизиш учун ҳуқуқий ва қонуний шартларни яратиб беришдан иборатдир. Шу билан бирга давлат ижтимоий жиҳатдан заиф табақаларни, яъни ногиронлар, ишсизлар, кимсасизларларга ижтимоий ёрдамни ўз зиммасига олади.
6.Иқтисодий шарт шароитлар ҳаммага бир хил бўлади. Яъни, ҳозиргидек ҳокимларнинг оилалари ва яқинлари истаганини қиладиган, оддий халқ эса хўрланадиган зулм тузуми тугатилади.
7.Жамиятда сўз, фикр, эътиқод, матбуот ва сиёсий эркинликлар таъминланади. Фақат бу эркинликлардан фойдаланишда суъистемолларга йўл қўйилмайди. Масалан, сўз ва матбуот эркинлигидан ахлоқсизлик йўлида фойдаланишга изн берилмайди. Дин масаласида гуруҳбозликка йўл қўйилмайди. Мустақил олимлардан иборат Уламолар Кенгаши тузилади ва давлатнинг диний сиёсати мана шу Кенгашнинг тавсияларига кўра амалга оширилади. Дин масаласида “Маърифат ва мусулмонларнинг иттифоқига эришиш” илк мақсад сифатида танланади. Ўз гуруҳларини тузишни истаган мусулмонларга Уламолар кенгашига мурожаат қилиш ва диний ихтилофларни шу Кенгашда ҳал қилиш тавсия қилинади.
8.Сиёсий ислоҳотлар Тунис ва Мисрда бўлгани каби умумий сайловлар ўтказиш ёки бўлмаса маҳаллалардан бошлаб, босқичма босқич туман, вилоят ва ниҳоят Давлат Халқ Мажлисларини сайлаш, давлат бошқаруви тармоқларини Қарор Қабул қилувчи (Давлат Халқ Мажлиси), Ижро муассаси (Давлат раиси Идораси) ва Маҳкамаларга ажратиш орқали амалга оширилади. Давлат бошқаруви тизимларининг асосий вазифалари жамиятда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, адолатни тиклаш, қонунларнинг бажарилишини таъминлаш, ижтимоий заиф табақаларга ёрдам беришдан иборат бўлади .Бундай ислоҳотларни амалга ошириш вақт талаб қилиши халқимизга бутун оммавий ахборот воситалари ёрдамида тушунтирилади. Шу шаклда ўтиш даврида миллий, диний ва сиёсий низоларнинг олди олинган бўлади.
9. Сиёсий, диний ва иқтисодий соҳаларнинг тараққий қилиши билан маориф, соғлиқ ва ижтимоий таъминот соҳаларини ривожлантириш учун имконлар пайдо бўлади. Бундай имкониятлардан халқимизнинг эътиқоди, миллий урф одатлари ва тарихига мос келадиган таълим тарбия, маданият ва маърифат тизимини йўлга қўйиш учун фойдаланиш мумкин бўлади.
10.Менинг ЎХҲ дўстларим билан сўнги учрашувимиздаги фикр алмашишидан кейин ватанимизда амалга ошириладиган ислоҳотлар ҳақидаги фикрларим янада теранлашди. Булар албатта менинг ЎХҲ оддий аъзоси сифатида тушунганларимдир. Балки бу фикрлардан баъзилари дастуримиз ва низомимизга юз фоиз тўғри келмаслиги мумкин. Аммо ҳаракатимизда фикр ва сўз эркинлиги тўла йўлга қўйилгани учун бу фикларимни жамоатчиликга етказишга қарор қилдим. Фикримча бундай ислоҳотлар натижасида ўртага чиқадиган ижтимоий –сиёсий муҳит Ислом Каримов диктатурасидан миллионларча бўлмаса ҳам, мингларча марта яхши бўлади. Ахир эркинлик, адолат, ҳуқуқ давлати, инсонларнинг Каримов ва унинг ҳамтовоқларига қул бўлишидан кўра, эркин фуқаролар бўлиши ҳамма нарсадан афзал эмасми?
Шундай экан, келинг ЎХҲ сафларида бирлашайлик. Ҳаракатимизнинг яхши ниятлари ва мақсадлари амалга ошиши учун биргаликда курашайлик.
Ўқувчиларга ҳурмат билан ЎХҲ аъзоси
Уйғунжон, 21 март 2012 йил.