O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тарафкашлик ўртага чиқди

Тарафкашлик ўртага чиқди
348 views
19 July 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(73-қисм)

Ўзбекистон давлати ўқувчиларни, талабаларни жума намозига қўймаса ёки жума намозига борганларни ўқишлардан ҳайдаса, ўқитувчи ва мелисаларни йўлларга қўйиб, жумага келган ўқувчиларни мачит эшиклари тагидан тутиб кетаверса, шу ишни ҳам ўзи эплаёлмай Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан, домла-имомлардан кўмак сўраса, сўровларига жавобан ҳақ динимизнинг: “Ёшу қарига, эркагу аёлга илм олиш ҳам фарз, балоғатга етган ҳар бир мўмин-мусулмонга намоз ўқиш ҳам фарз!” деган ҳақ ҳукмини тўғри етказмасдан, шариатни оёқости қилиб, ҳақиқатни бекитиб, итоаткорона: “Ўқувчи ва талабалар намозга келмаса ҳам бўлаверади, илм олиш фарз”, деб фатволар чиқариб берсак… бу энди муроса эмас, бу энди… нима экани маълум.

Ўзбекистон давлати ва ҳукуматига аёлларнинг ҳижоби ёқмай қолиб, ўтган асрнинг 30-йилларида худосиз Совет давлати бошлаб берган сиёсатни давом эттириб, иккинчи катта “Ҳужум” кампаниясини очса, муслима аёлларни ечинтиришга куч-ғайрат билан киришса ва ечганини ечинтириб, эътиқоди кучлиларга кучи етмай қолганида яна-тағин домла-имомлардан ёрдам сўраб мурожаат қилса, мурожаатларига лаббай деб жавоб бериб: “Ҳижоб арабларнинг миллий кийими… Улар кўпроқ сершамол саҳроларда яшаган, учиб юрган қум зарраларидан асраниш учун юзларини ҳам ўраб юришган… Ўзбек халқининг ўзига хос миллий кийимлари бор. Рўмол ҳам жумладан миллий кийимдир”, деб фатволар чиқариб берилса, уят ерларни ёпишга буюрган шариат “унутилса”… бу энди муроса эмас, бу энди… нима экани маълум.

Ўзбекистон давлати бора-бора халқнинг эътиқодини сусайтириш учун неча йиллардан бери намозга қарши сиёсат юритади.

Бу қарши сиёсат илк бор Наманган туманларидан бирининг ҳокими ҳақида президент очиқчасига: “Ё намоз ўқисин, ё ҳокимлик қилсин!” деган ҳамда мачит қуришга кўмаклашган бошлиқларни қаттиқ танқид остига олган пайтлардан бошланган эди.

Сўнгра тобора жиддий ва кескин тус олди. Советнинг охирги паллалари мактабларда, ишхоналарда, вокзал ва қўналғаларда, шифохона ва ошхоналарда очилган намозхоналар битта-битта ёпилди. Ўқилса, жарималарга тортилди, намозхонасини ёпмаган ошхоналар ўзи ёпилди.

Кейин-кейин ишхоналарда яшириб намоз ўқийдиганлар аниқланиб, ё намозни, ё ишни ташлаш таклифлари қилинди.

Маҳаллаларда намозхонлар ва ўранган аёллар рўйхатга олинди. Уларга тинимсиз “профилактик ишлов”лар берилди.

Мачитлар ҳар куни ва ҳар жума махсус ажратилган “холис одамлар” ёрдамида кузатилиб (бугун урф бўлган тил билан айтганда: мониторинг қилиниб), беш вақт намозга келадиганлари алоҳида, жумага келадиганлари алоҳида, онда-сонда мачитга қатнайдиганлар алоҳида, ёшлари алоҳида гуруҳларга ажратилиб рўйхатлар тузилди, шахслари ўрганилди. Ва ниҳоят, шу каби тадбирлар орқали мачитга қатнайдиган ва жума намози ўқийдиганлар сонини беш-олти йил нарига қараганда анча-мунча озайтиришга эришилди.

Бу “ғаройиб” ишлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, имом-домлалар ҳамда бутун миллат кўзи ўнгида очиқчасига давом этаркан, мачит минбарларида, уламолар кенгашларида, олий ҳайъатларда “Биз мўмин-мусулмонларга ибодатларимизни эмин-эркин адо этишга имкон яратиб берган давлатимизга, муҳтарам Юртбошимизга, у киши бошчиликларидаги барча бошлиқларимизга шукроналар келтирамиз!” каби ҳамду санолар янграши… бу энди муроса эмас, бу энди… нима экани маълум.

Нўъмон ибн Собит Абу Ҳанифа… Аҳмад ибн Ҳанбал…

Улар бунақа “муроса” қилмадилар-ку! Муроса қилсалар, бегонагамас, дини тайинсиз кимсагамас, мусулмонга, мўминлар ҳокимига, халифага муроса қиларди-ку! Ҳозиргилар осонгина бораётган “муроса”га шариатдан йўл топса, шу буюк мазҳаббошилар топарди-ку!

Улар бундай қилмадилар. Бутун жабр-ситамни елкаларига олиб, сўзларидан қайтмай туравердилар!

Нимага? Нима уларни бош эгишга қўймади?

Улар бош эгсалар эди, илмнинг боши эгиларди, диннинг боши эгиларди, умматнинг боши эгиларди. Шунинг учун улар қаттиқ турдилар. Ва шу тариқа динни, илмни, ор-номусни асраб қолдилар. Чинакам етакчилик намунасини кўрсатдилар. Умматнинг кўксини кўтариб қўйдилар. Тик қоматлар ва азиз бошлар аслида нимага ва кимга эгилиши кераклигидан таълим бердилар.

Абу Ҳанифа билан Аҳмад ибн Ҳанбал ҳаётларидан бу мисоллар кўп китобларда келтирилади. Минбарларда айтилади. Нимага? Ўрнак учун, албатта. Унда нега ўрнак олмаяпмиз? Нимага бемалол уларга тескари иш қилаверамиз?

Дунё тарихи, инсоният тарихи имон билан куфр курашидан иборат экан, энг ачинарлиси – бугун куфр бир четда қолиб, мўмин (имон келтирган)лар бир-бирига қарши курашмоқда. Бир-бирининг юзига лой чаплаш, бир-бирининг этагини очиш, бир-бирининг оёғидан чалиш билан овора. Бир-бирини ҳар хил оқиму ҳар хил маслак ва турли мазҳабда айблаб (айбласа, ўзининг хато иши тўғри бўлиб қоладигандек), шайтон бу хунук ишини унга чиройли кўрсатаётганидан хабарсиз, бир-бирига қарши қон ва жон жангига киришган.

Ажаб… Ажаб… Ажаб…

Ҳақ биз мўминлар қўлида бўлатуриб нимага ишимиз нуқул ҳақсизлик, деган сўров кишини ўйлантиради, қийнайди, аламларга ботиради.

Албатта, бундай аянчли ҳолга тушишимиз сабаблари, илдизлари жуда чуқур ва кўп. Ҳар қайси замон олимлари бу масалани куюнчаклик билан ўрганишган, касаллик иллатини аниқлаб, даволаш йўлларини ҳам кўрсатиб беришган.

Энг катта сабаблардан биттаси менга таълим услубимиздаги бир хатолик бўлиб туюлади. “Устоз ‒ шогирд” муносабати хато тушунилиши, хато талқин этилишидир. Тўғрироғи ‒ бу муносабатнинг ҳақиқати унутилганидир.

Динда чинакам устоз деб кимни айтса бўлади?

Менимча, динда чинакам устоз шогирдини Оллоҳга ва Унинг элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) боғлайди, ўзига эмас.

Оллоҳни ва Унинг элчисини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севдиради, ўзини эмас.

Шогирдининг юрагини Оллоҳга ва элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббат билан тўлдириб ташлайди, у юракдан ўзига муҳаббат учун жой қолдирмайди.

Оллоҳ элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чинакам ворис бўлишдек шарафга эришаман деган устоз ўртада ўзи бўлмаслиги керак, шогирди юрагида Оллоҳга ва элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) том ихлосни тарбиялаши-қозонтириши лозим.

Бунинг учун биринчи галда устоз ўзи том ихлосли бўлсин. Мен ким бўлибман, ҳеч кимман, нари борса, гуноҳларга ботган, қиёматдаги ҳолидан хавотирда титраб-қақшаб турган бир ожиз кимсаман ‒ ўзимнинг ҳолим бу экан, қайси юз билан Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ворислик даъво қиламан, деган ҳис уни доим муҳокама қилиб турсин, шогирди юрагига ҳам шу туйғуни сингдирсин.

Олимнинг бошқалардан фарқи ‒ Оллоҳ насиб этган озгина билими бор, вазифаси шу билимини қўлидан келганича, Оллоҳ қодир этганича оммага етказишдир. Тўғри етказишдир. Холос.

Бизда нима бўляпти?

Устозлар шогирдини, пирлар муридини кўпроқ ўзларига боғлаяптилар, ўзларини севдиряптилар, ўзларининг сўзларини ҳамманинг сўзидан устун қўйдиряптилар.

Ҳозирги таълим-тарбия услуби натижаси ўлароқ шогирд ёки мурид ўзининг устози ё пиридан бошқасини танимай, тан олмай етишяпти.

Ўртада дин қайғусидан кўра кўпроқ устоз ва пир қайғуси бўлиб қолди. Ҳар бир шогирд ёки мурид ўзининг устози ёки пирини мақташ, кўкларга кўтариш билан овора.

Бу дегани Оллоҳдан қўрқув ва ихлос ўрнига тарафкашлик ўртага чиқди деганидир.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com