O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тарихи Муҳаммадий — 2 (давоми)

Тарихи Муҳаммадий — 2 (давоми)
221 views
24 December 2015 - 11:50

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ – 2 (давоми)

ИСЛОМГА ДАЪВАТНИНГ БОШЛАНИШИ
ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НАСАБЛАРИ ВА ТУҒИЛИШЛАРИ

Билмак керакким, умматман деган ҳар бир одам, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ўз ота-онасини танигандек билиши лозимдур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари араб наслидин, Қурайш қабиласи, Бани Ҳошим уруғидин бўлиб, номи шарифлари Муҳаммаддир, соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Туғилган жойлари Арабистонда Макка шаҳридур. Оталари Абдуллоҳ, Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб, унинг отаси Ҳошим, унинг отаси Абдуманофдур. Ушбу тўрт оталарини билишлик ҳар бир мусулмонга лозимдур. 11-оталари Қурайш, 21-оталари Аднондур.

Пайғамбаримизнинг юқориги оталари Иброҳим Халилуллоҳдур. Оналарининг отлари Оминадур.

Пайғамбаримиз ота-онадин ёлғиз туғилган, тўнғич ўғилдур. Чунки пайғамбаримиз она қорнида икки ойлик бўлган чоғларида оталари Абдуллоҳ Шом сафарига кетаётиб, Мадина шаҳрида вафот топдилар, ёшлари ўттизга етмаган эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Исо алайҳиссаломдин 571 йил кейин туғилдилар. У замонда Эрон мамлакатида машҳур Нўширавон Одил подшоҳ эди. Одил подшоҳ замонида туғилдим, деган сўзлари марвийдур. Раббиул-аввал ойининг 12-си душанба кечаси, саҳар вақтида дунёга келдилар. Она қорнида ётишлари, онадин туғилишлари бошқа болалардек бўлмади. Чунки оналари Омина оғир бўй хотунлардек қурсоқ оғирлигини сезмади, юклик хотунларга бўладурган бадан оғирчиликларининг ҳеч бирини билмади.

Она қорнида 6 ойлик бўлганларида «Худонинг дўсти, охирзамон Пайғамбарига юклик бўлдинг, — деб Оминага тушларида башорат бўлди. — Бу муборак ўғил туғилган сўнгида оти Муҳаммад бўлсин», дейилди.

Туғилиш ой-кунлари тамом бўлганда Аллоҳнинг қудрати билан ҳазрати Марям, Фиръавннинг хотуни ҳазрати Осиё ва бошқа бир неча ҳур қизлар билан дояликка ҳозир бўлдилар. Бола туққан хотунлардек одатдаги тўлғоқ тортиш, қурсоқ оғриғи, қон келишига ўхшаш нарсалардин ҳеч бири бўлмади. Пайғамбаримиз туғилганларида поклик, тозалик билан вужудга келдилар. Шундоқки, суннат қилинган эдилар. Киндиклари кесилган, баданлари ёғланган, хуш ислик нарсалар суртилган ҳолда туғилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган кечасида ул зотнинг шараф ва ҳурматлари учун Худои таоло кўп мўжизалар кўрсатди. Ул замонда олам ҳаммаси кофиристон эди, ўтган пайғамбарларнинг кўрсатган ҳақ динларидин одамлар адашган эдилар. Араб мушриклари тарафидин Байтуллоҳга 360 дона бут осилган эди. Арабларнинг ҳар бир уруғи ўзларига атаб, Байтуллоҳга бир донадан бут осиб қўйишни одат қилган эдилар. Мана шу бутлар Пайғамбаримиз туғилган кечада ҳаммалари юзтубан йиқилиб, ерга тушди. Эрталаб келган кофирлар бу ҳолни кўриб, ҳайрон қолдилар. Ва ҳам она қорнидан ерга тушган чоғларида бир нур пайдо бўлди, унинг ёруғлиғидан Шом вилоятидаги Бусро деган шаҳарнинг саройлари кўринди. Макка шаҳри билан бунинг оралиғи 50 кунлик йўл эди. Ҳозирги Эрон халқи у замонларда ҳаммалари оташпараст кофир эдилар. Тутган динлари эса мажусийлар дини — ўтпарастлик эди. Буларнинг оташкада, яъни ибодатхоналаридаги минг йиллаб, узун замонлардин бери ўчмай, ёниб турғон ҳисобсиз ўтлари Пайғамбаримиз она қорнидан тушган чоғларида ўчиб қолди. Яна ул мамлакатда Сова деган бир кўл бор эди, шул кечада ерга сингиб кетиб Самова деган чўлдан қайнаб чиқди. Ул чўл сувга мўл бўлди, кўлга айланди. Мана шунга ўхшаш у кечада бир неча турли мўжизалар пайдо бўлдиким, агар уларнинг ҳаммаси бу ўринда ёзилса, бир китоб бўлур. Энди бу жойда айтганларимиз дарёдан бир чўмич, хирмондан бир ҳовуч мисоли бўлса ҳам қолганларга ишорат, мўминларга башоратдур.

Пайғамбаримиз туғилганларини англагач, боболари Абдулмутталиб ҳаммадин ортиқроқ суюнди. Ёшлигида ўлиб кетган боласи Абдуллоҳдин ёдгор қолган ёлғиз ўғлим Муҳаммад, деб кўп суяр эди.

ЭМИЗДИРИЛИШЛАРИ

У замондаги шаҳарлик арабларнинг одатлари янги туғилган болаларини саҳролик бадавий қабилаларига эмизишга берур эдилар. Атрофдаги бадавийларга ҳар йили кузда, кўкламда эмизишга бола олиш учун Макка шаҳрига келиш одат эди. Шунинг учун Бани-Саъд уруғидин Ҳалима деган хотун ўз қабиласидин чиққан хотунларга қўшилиб, ўзи бир ориқ эшак миниб, эри бир ориқ туя минган ҳолда чиқишган эдилар. Буларнинг минган уловлари ҳолсизликдан яхши юролмай ҳамманинг ортида қолишди. Улар шаҳарга келгунларича илгари келган хотунлар ота-оналик бой болаларни танлаб олишиб кетган эдилар.

Пайғамбаримиз бир фақир оиланинг етим боласи бўлганлигидан уни эмизишга ҳеч бир хотун ортиқча қизиқмас эди. Ҳамманинг кейинида қолган Ҳалима ҳам шаҳарга кирди. Эмизишга бола сўроқлаб юрганида Пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталиб кўриб қолиб, бизнинг бир етим боламиз бор эди, деб келинлари Омина уйига бошлаб келди. Ҳазрати Омина Ҳалимани кўриб, айтдиким:

— Бизни камбағал, боламни етим демасанглар, эмизишга берайин, — деб оқ жун йўргакка ўралган Пайғамбаримизни Ҳалимага кўрсатди.

Ҳалиманинг кўзи тушиши билан меҳри қўзғалиб, сўл эмчакларини оғизларига солган эди, оғизларини юмиб, эммай қўйдилар. Иккинчи ўнг эмчакларини солганда, дарҳол эма бошладилар. Мана шу кундин тортиб, то сутдан чиққунчалик, сўл эмчакни эмакдош болага қолдириб, ўзлари ўнг эмчакни эмишни одат қилдилар.

Ҳалима хотун бу муборак ўғилни олиши билан уларнинг уйлари хайру баракага тўлди. Нима иш қилсалар ривож топиб, тирикчиликлари тузалди. Сути озлигидан ёлғиз ўғил тўймасдан ориқлаган эди, қачонки Пайғамбаримизни эмгизди эрса, сути булоқдек бўлиб оқа бошлади.

Маккага келишда ҳаммадин ортда қолган, минган эшаги, Пайғамбаримизни ўнгариб қайтар чоғида ҳамманинг олдига тушиб юрди. Бу қутлик ҳайвонда бир турлик қувончлик ҳол пайдо бўлиб, ортиқча куч-қувватга эга бўлди. Бу сирни кўрган йўлдош хотунлар ҳайрон қолдилар. Ва ҳам шу йиллар ёмғир етарлик ёғмай Арабистонда қуруқчилик эди. Ердан ўт унмаган сабаблик, ҳайвонлари ориқ бўлиб, аларнинг сутлари сўғолғон (тўхтаган) эди. Тирикчиликлари чорва сут-қатиғига суянган кўчманчи араблар турмуш тўғрисидин анчагина оғирчиликлар кечирмоқда эдилар.

Пайғамбаримиз Ҳалима хотун оиласига қўшилгандин сўнгра унинг турмуши фавқулодда тузала бошлади, шундоқки, ориқликдан кўтарам ҳолга эришган қўй-эчкилари хиёл ўтмай семиришга турдилар. Ҳеч ерда чиққан ўт, еган чўплари кўринмасдин, елинлари тўлиб, сутлари оқиб келар эди. Ҳалиманинг бутун оиласи овқатга мўл бўлиб, уй ичлари сут-қатиққа тўлди.

Бу сирнинг тагига тушунмаган бошқа молдор қўшни араблар Ҳалима қўйчиси қайси ерда мол боқса, сизлар ҳам шу жойда боқинглар, деб ўз молчиларига бек топширур эдилар. Улуғ қудрат томонидан бўлган бу каромат сирларини у бечоралар қайдин билсинлар. Шундоқ қилиб, Ҳалима хотун Пайғамбаримизни тўлиқ икки ёшга етгунча эмгузди.

Шу ёшдаёқ бошқа болалардин унуб-ўсишда кўп фарқлари бор эди. Эмди одат бўюнча сутдин чиқар вақти ёвуқлашди. Ҳалима ва унинг бутун оиласи Пайғамбаримиздин бирор нафас ҳам ажрашга тоб-тоқатлари йўқ эди. Шундоқ бўлса ҳам расму одатга қараб болани сутдан чиқаргани сўнгида Оминага келтурди. Бу муборак болага меҳри тушуб ажрашга тоқати йўқлигини билдириб йиғлади. Бу қутлуқ оёғ ўғил борғондин буён бўлган баракаларни баён қилиб, мумкин бўлса беш-ўн ёш бўлгунча тарбият қилишни сўради. Омина Ҳалимага раҳми келиб, Пайғамбаримизни унга қайтариб берди. Бундан сўнгра Ҳалиманинг қўлида яна икки йил туруб ёшлари тўртга тўлди.

КЎКСИ ЁРИЛИШ ВОҚЕАСИ

Мана шу йилда «Шаққи Садр» воқеаси бўлди. Яъни, фаришталар келиб, муборак кўкракларини ёрдилар. Бу қисса баёни шундоқ эрдиким: бадавий араб болалари одатларича Пайғамбаримиз ҳам тўрт яшар чоғларида эмакдош бола билан бирга қўй, эчки, қўзиларни боқиб юришар эди. Бир куни эмакдош ўғил югурган ҳолда йиғлаб келиб хабар бердиким:

— Укам Муҳаммадни оқ кийим кийган икки одам келиб ушлаб олди ва уни ерга ётқизиб, кўксини ёриб қўйди, — деди.

Ҳалима эри билан бу даҳшатли хабарни эшитиб, хушлари бошларидан учди. Фарёд-фиғон қилишиб чопишиб бордилар, кўрдиларким ранглари ўчган, вужудлари ўзгарган ҳолда турибдилар. Дарров қучоқларига олишиб:

— Эй ўғилчоғим, сизга нима бўлди? — деб сўрадилар. Анда Пайғамбаримиз:

— Оқ либослар кийган одам сифатида икки киши келди, мени ётқизиб, кўксимни ёрдилар, ичимга қўл солиб юрагимни чиқазиб, уни тилдилар, ундан қора қонни оқизиб ташлаб, бир жом кавсар суви билан кўп ювиб чайқадилар. «Мана, сендаги шайтон насибаси кетди, энди сенга шайтон йўл тополмайдур», деб яна қайтадан кўксимни тикишиб қўйиб, ғойиб бўлдилар, — дедилар.

Қарасалар кўксиларида ёрганнинг нишонаси қолиб, изи кўриниб турибдир. Бечора Ҳалима хотун эри билан бу кароматнинг ҳақиқатига тушунмай, бу ишнинг Худо тарафидин бўлганига ақллари етмай, кўнгилларига турли хаёллар келиб, кўп қўрқунчликлар тушди. Бу иш жин-шайтонлар қасдидин бўлдими, деб гумон қилишди. Ўзлари Пайғамбаримиздин ажрашишларига сира тоқатлари бўлмаса ҳам, бу ҳодисадин қўрқиб, ночор Пайғамбаримизни оналари Оминага келтириб топширдилар.

— Бу муборак болага бундай меҳру муҳаббат қўйган энагаси биздин рухсатсиз келтурди, албатта, бунинг боиси бўлса керак, — деб сабабини Ҳалимадин сўрадилар, аввалда айтмай яшириб турган бўлса ҳам, сўнгра бўлган воқеани баён қилди ва:

— Бу иш жин-шайтонлар тарафидин бўлиш имконияти бордур — деди. Оналари Омина бу сўзга қарши дедиларким:

— Бу болам Муҳаммад бўйимга битгандин бошлаб, ғойибдин кўп ишорат-башоратлар кўриб келганман. Бу боланинг шарофатини билдириш учун туғут кечасида неча турли каромат ишлар бўлиб ўтгандир. Энди бундоғ улуғ хосиятларга эга бўлган фарзандим Муҳаммадга ҳеч қачон жин-шайтонлар яқинлашолмайдилар, — деб Ҳалимага ҳурмат кўрсатиб, рухсат қилдилар.

Шу чоғда Пайғамбаримиз тўртга тўлиб, бешга қадам қўйган эдилар. Мана бу воқеа Пайғамбаримизга ёш болалик вақтларида бўлган мўжизаларнинг бирисидур. Буни «Шаққи Садр» дейдурлар.

(давоми бор)