ТАРИХНИНГ КИЧИК ТАКАРРУРИ
Шароф Рашидов ўлиб, машҳур 16-Пленумда у қаттиқ танқид қилинганидан кейин кўп раҳбар ва зиёлилар жонларини асрашга чора ахтариб: “Билмаган эканмиз… Кўзимиз кўр бўлган экан… Сеҳрланиб қолган эканмиз…” каби тутириқсиз “тушунтириш”ларнинг панасига ўтиб олган эди. Уялмай!
Тарих яна такрорланяпти. Ислом Каримов ўлимидан кейин сиёсат ўзгара бошлаганини ҳидлаб қолган амалдорлар яна ўзларига фатво ахтариб қолишди:
“БИЛМАЙ ЮРГАН ЭКАНМИЗ…”
Яъни, Сиз Жаноби олийлари кўзимизни очмаганингизда ўлгунимизгача билмай юраверар эканмиз!..
Айниқса, кечагина барча нарсани билишини даъво қилиб юрган, ҳатто номашруъ ишларни машрулаштириб беришгача йўл топа оладиган “ҳуқуқ олими” шундай деб турса, бошқалари хафа бўлишга ҳам арзимас экан-да!
Ана, аҳволимиз! Кунимиз шуларга қолган!
Йигирма етти йил ҳеч нарсани билмаган бўлса, АЙБ КИМДА:
Ҳеч нарсага ақли етмайдиган, ақли етмаслигини билатуриб ҳокимиятга талпинадиган, эришиб олганидан кейин эса уни ҳеч кимга бергиси келмай қоладиган ўзларидами?!
Оддий нарсаларнинг ҳам фарқига бормас кадрларни етиштириб, халқ ва давлат ишларини шунақа билмас кимсаларга ишониб топшириб қўйган тузумдами?!
Балки ҳеч нарсани билмайдиганларни бошимизга кўтариб, номимиздан тақдирларимизни “белгилайдиган” депутат қилиб сайлаб қўйган сиз билан биздадир айб?!
Бундан беш йил бурун ёзилган “Бу кунлар”да тарихдан сабоқ чиқарилмаётгани ҳақидаги бобида айни шу ҳолимиз ҳам тилга олинган экан:
“Зиёлилар хатоси – ҳаммасини кўриб, билиб, ақли етиб турганига қарамай, худди ҳеч нарса бўлмаётгандай овсарларча тутяпти ўзини. Билиб билмасликка оляпти, талмовсираяпти. Эртага бугунги ҳақиқатлар юзага чиққач халқи олдида хижолатларга тушиб қолишини хаёлига келтирмаяпти…
Оддий халқ хатоси – кечагина совет раҳбарларининг ёлғонларига кўр-кўрона ишониб-эргашиб қаёққа борди-ю, “Мустақиллик эгаси” нинг ёлғон-яшиқларига ишониб-эргашиб бугун қаерга боряпти? Ва бу одам ўтиб кетганидан кейин эртага яна қанақа нағмаларга ўйнай бошлайди – ҳеч йўқ шуларни ўйлаб кўрмаяпти.
Ҳа, бу кунлар ўтади, президент ҳам ўтади. Бошлиқлар алмашади. Замонлар, сиёсатлар ўзгаради. Тарихга бошқача қарашлар бошланади. Устма-уст тўпланиб-қалашиб ётган йигирма йиллик гуноҳлар, жиноятлар бир-бир очилади. Ўшанда нима бўлади?!
Кеча бу бузуқ жамиятнинг қайси нуқтасида турган бўлсак, эртага яна ўша нуқтасида ҳеч нарса кўрмагандай иршайиб тураверамизми?!
…Оқил киши булардан сабоқ чиқаради.
Бугунги маддоҳ зиёлилар эртага нима қиларкин? Манглайига шаппа уриб, оббо, яна адашибмиз-да, деб… ҳеч нарса кўрмагандай, яна янгисига эргашиб кетаверадими?!
Ёки худди кечагига ўхшаб: “Сеҳрланиб қолган эканмиз…” деб қутулиб қолмоқчи бўладими?! Деса, шу гапига ўзи ишонадими?
Виждони қонадими?
Зиёли агар зиёли бўлса, эртанги ҳолини бугун ўйласин”.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон