Ўлим деган подшоҳ бир кун эшик қоқар,
Худо билар у кимларга хушрўй боқар…
Бу ҳақиқат кимга ёқмас, кимга ёқар:
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!..
Ёшлигингда ота-онанг тугган тугун,
Ечилишга тайёргарлик кўрар бугун,
Ўлим учун тадоригинг йўқдир нечун?
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!..
Пайғамбарлар кетдилару, ибрат йўқдир,
Тобут турар сенга илҳақ, кўнглинг тўқдир.
Ҳаммага бир-бир отилган аниқ ўқдир –
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!..
Осмонўпар бинолар ҳам дарз кетдилар,
Энг чиройли санамлар ҳам қарз кетдилар.
Ва ҳаммаси бир манзилни уй этдилар,
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!..
Боланг йиғлар сабоқ истаб, нон тутасан,
Жоҳил ўсса, йиғлаб тағин қон ютасан.
Айт, мунчалар нимани зор-зор кутасан?
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!..
Нодон асли кибр билан кўкрак керур,
Иймонини пуч дунёга сотиб берур…
Ўлмайсан, деб алдаётган шайтон эрур
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!..
Ҳароб айлаб гулбўстонда гул ҳаётни,
Аллоҳ туриб, дўст тутмагин ўзга ётни.
Унутмагин энг азалий тартиботни:
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!..
Хайрулло Ҳамидов