O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ташаккур, муҳтарам Президентим…

Ташаккур, муҳтарам Президентим…
146 views
29 March 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

21-ҚИСМ

Ўрхон Нодий Оқтошнинг кўзлари чафнарди:

–Менга қара, — деди Mаxматга, — бу фикр мендан чиқди деб мақтанма.

–Албатта, Ўрхон, — деди Mаxмат, — сен бошламасайдинг, биз на Tошкентга кетардик, на-да Ўғуз билан танишардик. Демак, мен ҳам Ўғузнинг мақоласини қирқиб, Салимга юбормасдим…

Mаxмат бу билан “Тушлар ўлкаси” деб аталган истироҳат марказининг дунёга келишида Ўрхон Нодийнинг ҳам, Ўғузнинг ва ўзининг ҳам маълум xиссаси борлигига имо қилди.

2000 йилининг 21 марти эди. Улар олти йил аввал қурилиши бошланиб, бугун халққа топширилаётган “Тушлар ўлкаси”нинг очилиш маросимида, ҳашаматли ложада ўтиришарди. Сивирxисор этакларида, Афйўн-Эскишаҳар-Кўнё йўли кесишган жойда катта истироҳат шаҳарчаси бино қилинганди. Сал нарида эса ҳовузлар, голф ва теннис майдонлари билан ўн бешта отел тикланганди.

Ўрхон Нодийнинг рафиқаси Жонон хонимнинг ёнида ўтирган Ўғуз рўпарадаги ложада ўтирган давлат раҳбарларига қаради. Туркия, Озорбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Шимолий Қибрис (Кипр) турк жумҳуриятларининг Президентлари ёнма-ён ўтиришарди. Фақат Ўзбекистон Президенти йўқ эди, тез келиб қолиши мумкин дейишарди. Аслида, бир ҳафтадан бери Ўзбекистондан ҳар хил хабарлар келиб турганди. Ўзбекистон Президенти ўлкани тарк этди, деганлар ҳам бор эди.

Бу нотинчлик Гулнорни жуда қийнар эди. Олти йилдир ватанини кўрмаганди. Аммо юзи, яшил кўзлари куларди. Бугун унинг иккинчи орзуси ушалаётганди. Ёнида 5 ёшга кираётган Гунхон исмли ўғли ўтирарди. Ундан нарида Aнвар Mурод ва рафиқаси ўтиришарди. Ўзбекистондаги нотинчлик туфайли Aнвар Mуроднинг Туркияга келишига ҳеч ким қаршилик қилмаганди. Камол Эркин ва Шариф Жамол ҳам шу ерда эдилар. Шариф оғзини каттайтириб Камолга бир нарсаларни тушунтирарди.

Комил хўжанинг сочлари анча оқариб қолганди. Сигарет чекмагани учун асабийланарди. Кичик Гунхонни қўлига олиб, гаплаша бошлади. Турғут Дениз ҳам сигаретсизликдан қийналарди.

–Бунақаси кетмайди, Комил оғабей, — деди Турғут, — ҳамма нарса яхши ўйланган, аммо сигарет чекадиганларни ўйлашмабди. Сигарет чекилмаган ерда қандай “Тушлар ўлкаси” бўлади?

–Бўлади, Турғут, бўлади, биз сен билан тушларимизни сигарет тутунидан ижод қиламиз, Ўғуз каби ёшлар тушларини ҳақиқатга айлантиришади, — деди Комил бей.

Ўғуз бу сўзлардан ғурурланди, аммо юзида ҳеч нарса акс этмади.

Ойдон Ори маросимга ол рангли кўйлак кийганди. Оқ ва овал юзи, оқ қўллари ҳудди байроқ ичида эди. Эри полковник Илкар Думон расмий форма кийганди. Тунж кўкракли аскар эди ҳудди. Али Моҳир ва одамлари маросимни турли нуқталардан кинога оларди.

Ойша Қилич хўжа, Дўғон Гўкман ва рафиқаси ёнма-ён ўтиришарди.

–Хўжам, Ўркун билан Идилни ҳам олиб келмабсиз, — деди Ниҳол Гўкман хоним.

–Улар ҳали ёш, келиб кўришга улгуради, — деди Ойша хўжа.

Гунаш Эрйигит Суодга:

–1967 йилда “Диснейланд”ни кўргандан бери шундай истироҳат марказини ҳаёл қилгандим. Тўғриси, Туркияда унинг қурилишини тасаввур қилолмасдим, — деди.

Суод Сарварўғли:

–Тўғри айтасиз хўжа хоним, бу ҳаёлимизни ҳам ошиб тушди, — деди.

Суоднинг рафиқаси Гулсаран гапга аралашди:

–Биласан, Гунаш, Суод “Диснейланд”ни кўрди, аммо мен ёнида эмасдим, — деди.

–Дисней ўлкаси бизга нимага керак. — деди Суод, — сенга, мана, “Тушлар ўлкаси”ни кўрсатаяпман!

Сўнар ойдамир:

–Суод, Гулсаранни Америкага олиб бормадим, деб қўяқолмайсанми?, — деди.

–Сен ҳам мени олиб бормадинг-ку, — деди Ойдамарнинг хотини Хайрия.

Сомий Ошкин, икки Иброҳим, Зивар Дўнмас ва уларнинг хотинлари ҳам ложада эди. Бахтиёр Ваҳобзода, Боймирза Xайит, Исмоил Елмонли, Хайдар Саидзода, Шомил Алиев ва Mурод Маxдиев ҳам шу ерда эдилар. Бу ложада ўтирганлар салим Бойжоннинг фахрий қўноқлари эди. Улар бир xафтадан бери “Тушлар ўлкаси”да эдилар, марказ фақат улар учун ишлаб турарди.

“Тушлар ўлкаси”нинг кўчаларида бир нечта Насриддин Хўжа айланиб юришарди. Бектоший боболар ҳам ўтган-кетган билан ҳазиллашиб, одамларни кулдирарди.

Дарахтлар остида Қўрқут ота либосини кийган созандалар кўбизлари билан “Қўрқут” куйини чалишарди. Сувлар устидан ўтаркан, кутилмаганда икки тарафга айрилиб кетадиган кўприклар ҳам бор эди. Йўловчилар пастга йиқилиб кетмаслик учун орқага чекиларди, лекин бирдан Хизир пайдо бўлиб, уларнинг қўлидан тутар ва нариги қирғоққа ўтказиб қўярди. Аслида, кўзга кўринмаган механизмлар кўприкни бирлаштириб қўярди. Баъзан учар гиламлар пайдо бўлиб, унинг учувчиси гўзал қиз болаларни гиламга ўтқазар ва яна ҳаволанарди. Булар “Тушлар ўлкаси”нинг пулсиз, текин бўлимлари эди холос.

Кенг майдонга ёйилган, пул тўлаб кириш мумкин бўлган бўлимларда ақл бовар қилмас мўъжизалар намойиш қилинарди. Масалан, кўкдан гуриллаб келган сас:

–Мен, Билги ҳоқон!, — дерди юракларга қўрқу солиб.

Кейин мовий нур Қултегин мангу тошини ойдинлатарди. Ички деворларида бўзқир жанглари томашабинлар олдида пайдо бўларди. Кейин, иккинчи бўлимда 360 даражалик кино экранида саф тортган университет талабалари пайдо бўларди. Бошлари тик, кўкраклари керилган ёш йигит-қизлар. Мустафо Камолнинг нутқи эшитиларди: Турк миллати ишчандир, Турк миллати закийдир. Чаноққалъа мудофаасида аскарларга ўлим амри берарди ва даҳшатли саҳналар фонида Mаxмат Окифнинг шеъри жарангларди.

Энг ҳаяжонли саҳналардан бири бўзқирга сел келгани эди. 40-50 тача томошабин тўртта от қўшилган арава шаклидаги бир воситага миндирилиб, бўзқирга чиқариларди. Бирдан ҳаво бузилиб, момақалдироқ гулдурай бошлар, яшин чақнарди. Бир неча дақиқа ичида сел томошабинлар минган “арава”га бостириб келарди. Шу пайтда бир-бирининг кўлини тутган ўн йигит, ўн кўктурк селдан омон қолмоқ учун қояга қопишиб тургани кўринади. Ва бир овоз гуруллайди кўкларда:

–Бўз қоя, қўлингни чўз!

Аммо сафдаги бешинчи кўктурк қўлини қўйиб юборади ва сафнинг ярми сел тўлқинлари ичида қойиб бўлади.

Метеор тошлари аро сузган фазо кемасига фақат ёшлар мина оладилар. Кемалар қўнадиган юлдузларнинг тортиш кучи жуда оз эди. Кемадан тушиб юрган йўловчиларнинг одимлари узун ва енгил бўларди.

Mаxмат Эрйигит ва унинг дўстларини ҳайратга солган бўлим “Эргенакон” бўлими эди. Томошабинлар қор устидан юмалаб, муз жарга учишарди. У ердан қайиқлар билан сув оқишига қарши юриб, Эргенаконга чиқардилар. Эргенакон темир ва мис рангли тоғлар билан ўралган яшил майдон эди.

Фахрий қўноқлар бутун булимларни бир ҳафта ичида кезиб улгургандилар. Олти ўлканинг миллий марши чалинди. Мингларча меҳмонлар оёқда туриб тинглашди. Кейин тўққиз марта тўп отилди. Олти давлатнинг олти Президенти ўрнидан туриб, темирчининг босконига яқинлашдилар. Катта болғаларни олиб, навбатма-навбат чўғ бўлиб ёнаётган темирга урдилар. Кейин уларнинг қаршисида турган баxайбат темир дарвоза очилди. У очиларкан, бўзқир мусиқаси чалинди, майдон жаранглади. Оломон “Тушлар ўлкаси”нинг очилган дарвозаси томон оқди.

Мингларча одам “Тушлар улкаси”га кира бошлади.

Салим Бейжон бу манзарани сайр этаркан, кўзларидан икки томчи ёш оқди. Туркия Жумxуриятининг президенти Салим Бейжоннинг ёнига келди. Қўлини қисди, нималардир деди. Кейин биргаликда фахрий қўноқлар ложаси томон юришди.

Президент Боймирза Xайит ёнида тўхтади:

–Калайсиз, Xайит бей, — деди унга.

–Ташаккур, муҳтарам Президентим, — деди Боймирза бей овози титраб.

Президент Aнвар Mуроднинг қўлини қисиб:

–Эртага соат ўнда сиз билан бир кўришайлик, — деди.

–Хўп бўлади, — деди Aнвар Mурод.

Президент ҳаммага қўл силкиб, саломлади.

Mаxмат Эрйигит қоқилиб кетди, йиқилмаслик учун Гунашхонимнинг қўлидан тутди. Шариф Жамол оғзи каттайиб, кулди. Комил Эркин, Мандоки қўнғирни эслади. Ўғуз ўғли Гунхонни кўтариб, ўйнатди. Гулнор яшил кўзлари билан кулимсиради. Бу кулимсираган кўзлар Али Моҳирнинг камерасида муxрланди.

09. 08. 1998, соат 23. 00

ТУГАДИ