O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ташналик

Ташналик
189 views
17 May 2013 - 9:51

Бу кескир дунёда инсон ҳар дақиқада бир тингловчига, бир суҳбатдошга ташналик сезиб туради.
Ёзувчи Чингиз Айтматов ўз хотираларида ёзади: “Болалик давримда овулимизда истиқомат қиладиган битта ҳурматли оқсоқол: “Мана, энди гаплашадиган одам ҳам қолмади”, деб тез-тез нолирди. Ўша пайтлар ростакамига ёқамни ушлардим: Оқсоқол жуда инжиқда! Кейинчалик англаб етдимки, оқсоқол фақат ҳамсуҳбатга эмас, тингловчига ҳам ташна экан!

Аммо Роббининг каромати, суҳбати ва мажлисини топган мўминда ўзга бир суҳбатдошга эҳтиёж қолмас экан. Чунки Унинг суҳбати Унинг зикрини ширин қилар, шунда қалбдан бошқа суҳбатларга ташналик, ўзга нарсаларнинг ширинлиги чиқиб кетар экан.

Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Рабби билан сўзлашганларидан сўнг узоқ муддат инсонларнинг суҳбати ва сўзини эшитмай юрардилар, агар эшитсалар кўнгиллари озарди.

Аслида инсон мустаҳкам суянчиқ (Вакил) топганидан сўнггина тингловчи ва суҳбатдошга эришар экан…
Илму-ирфон ўчоғи бўлмиш Тошкандек шаҳри азимда билган кишиларимнинг биронтаси на тақвода на илмда менда қониқиш ҳосил этмасди. Нуқул қишлоққа ўз акам ҳузурига югурардим. Ҳамма саволларимга жавоб олар эдим.

Бошимга бир иш мусибат тушса “ака!” деб сим қоқардим ва икки оғиз гапидан ўзимга келардим. Баъзан у киши билан суҳбат ҳам қилмасдим, акам мени тингламасди ҳам. Сукутининг ўзидан бир дунё файз, ибрат олиб изимга қайтардим. Қишлоққа фақат акам берадиган сукут илмининг дарсларини соғиниб ошиқар эдим. Унга қаттиқ суянган эканман. Бир куни Аллоҳ ўша суянчиғимни йиқитди. Ўшандан сўнггина том маънодаги Тингловчи ва Таянч топдим.

Аммо буларнинг ҳеч бирига мусибатсиз эришиб бўлмас экан. Қуйидаги ривоят бу фикримни қувватлайди:
Қўмондонлардан бири зафар қучиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирди. Унинг олдида ўрта бўйли бир киши ҳам бор эди. Ҳазрати Умар: “Бу ким?”, деб сўрадилар. Қўмондон: “Бу менинг қулим. У мен билан ғазотда бирга бўлди. Энг яхши хабарларни келтирди. Ғалаба учун кўп хизмат қилди. Мен унга суяниб, унинг соясида ғалаба қозондим”, деб жавоб берди. Анча вақт ўтгандан сўнг ўша қўмондон Умар(р.а)нинг ёнига мағлуб ҳолда келди.

“Ҳалиги ғуломинг қани?” деб сўрадилар Ҳазрати Умар. “Эй амирул-мўминин, у менга хиёнат қилди, душман томонига ўтиб кетди”, деди. Шунда Ҳазрати Умар: “Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга таянмаслик кераклигини ўтган сафар айтишдан воз кечдим. Сабаби – бир мусибат мингта насиҳатдан яхшироқ эканини англашингни истаган эдим», дедилар.

Марзия Мумтоз
facebook.com