Дунё сиёсатидаги “совуқ уруш” мувозанати ўртадан кўтарилди ва бу шаклда дунёмиз мувозанатсиз қаёққадир боришга уринмоқда. Бу албатта, инсон кўзи ва ақли кўрган кичкина ҳақиқатдир. Асл ҳақиқат эса дунёни, худди қалбларни ўйнатгандек, “икки бармоғининг” орасидаги ўйнатаётган Зотнинг ҳақиқатидир….
Яна бир буюк ҳақиқат шундан иборатдир: Ё инсоният ақли ҳушини тўплаб, ўзининг иродасини Яратганнинг иродасига мутаносиб ҳолга келтиради, ёки бўлмаса унинг мувозанатсиз кемаси бир қояга бориб урилади ва парчаланиб кетади. Дунё кемасини қутқариш учун ўз нисбий иродаларини ўртага қўйиш масъулияти эса мана шу ҳақиқатни тушуниб етганларнинг зиммасидадир..
Бразилия Президенти сўнги ўн йилда дунёни ларзага солган иқтисодий бўҳронларга ўз муносабатини билдирар экан шундай деганди: дунёни бошқараётганлар уни бир қиморхона ҳолига келтирдилар…
Бу қиморхона эгалари материализмнинг чириган арқонига ёпишиб олганлар. Улар бу арқонни ўзлари учун қутқарувчи, деб биладилар. Улар ўзларини ва ўзгаларни алдаш учун бу арқонга Демократия, дея ном ҳам берганлар. Бу арқоннинг бир учи инсон ҳавойи нафсининг битмас туганмас истаклари бўлса, иккинчи учи эса дунёга даҳшат солаётган “давлат манфаатлари”дан туғаётган қонли мажоралардир. Бу мажораларни дунё аҳли ўз ўйларининг тўрига жойлаштирган телевидение каналлари орқали Ироқ ва Афғонистондан кўрсатилган жонли саҳналарда кўрдилар.
Мана шундай вазиятда, кечагина дунё “кемасининг” бир бурчагидан ўрин берилган янги давлатнинг ташқи сиёсати қандай бўлиши керак эди?
Ўзбекистон мустақил давлат, дея эълон қилингандан кейин унинг ташқи сиёсати бир кун бўлсада, мувозанатга келмади. Тўғри дейишлари мумкин бу пала-партиш сиёсатни бошқараётган золим раҳбарлар. Тўғри биз ташқи сиёсатда мувозанатсизлик йўлини танладик, чунки ўзингиз айтганингиз каби, бугун дунё сиёсатида мувозанат йўқдир…
Бу эътироф мамлакатимиз ташқи сиёсатини бошқараётганларнинг (тўғрироғи уни бир киши бошқаради, яъни мамлакат диктатори) ақллилига эмас, ақлсизлигига далилдир. Чунки ақлли киши кема қоя томонга шиддат билан сузар экан, уни бошқараётганлар билан бирга ҳалок бўлишни эмас, қандай қилиб қутулиб қолиш йўлини излаган кишидир…
Ислом Каримовнинг ташқи сиёсатини “муте” никоҳига ҳам ўхшатиш мумкиндир. Бундай никоҳ шартномаси эркак ва хотиннинг маълум муддат ва маълум нарх учун ётиб- туришга келишишларини билдиради. Ҳолбуки, мустақилликнинг илк йилларида ташқи сиёсатда жиддий тадқиқотларга ҳам қўл урилганди. Бу мақсадда Туркия, Хитой, Жанубий Кореа каби давлатларнинг ривожланиш моделлари кун тартибига келганди. Яъни, ҳукумат (Ислом Каримов) истаганда ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам Ўзбекистон учун тўғри ривожланиш йўли топилган бўларди.
Аммо диктатлорнинг ҳавойи нафсига “мутелик” маъқул келди. Шунинг учун ўтган йигирма йилда Ўзбекистонни бошқараётганлар ташқи сиёсатда гоҳ бир суперкучнинг, гоҳ бошқасининг қучоғига ўзларини отдилар. Бунинг охирги ўрнаги ушбу кунларда диктатор Каримовнинг АҚШ ва Оврупо давлатлари билан оғиз-бурун ўпишишидир. Аммо бу “муҳаббат”нинг вақтинчалик эканлигини ҳамма билади. Чунки Ислом Каримов АҚШ билан бир марта ҳамкорлик қилган ва кутилмаганда уни “қўйиб” ҳам юборган эди. Яъни, 2006 йилда АҚШ Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилинганди. Ушбу тажриба унутилмаган бўлса керак, бу марта томонлар нарх- наволарни яхшилаб келишиб олишди. Ҳатто Франция Ташқи Ишлар Вазири Ўзбекистон билан тузиладиган янги “никоҳ”нинг жуда қиммат эканлигини эътироф ҳам этди…
НАТО ҳарбий кучлари 2014 йилгача Афғонистонни тарк қилишлари керак. Ундан кейин Ўзбекистон ташқи сиёсати қандай бўлади, деган савол табиий саволдир. Бу саволнинг жавоби ҳам жуда оддийдир. Чунки қабр томон йўл олаётган режим ва унинг раҳбари билан бундан кейин ким ҳам “севги” ҳақида гаплашарди …
Танқид қилиш осон, аммо бу айтилганларда бирор таклиф йўқ, дейдиганларга келадиган бўлсак, ҳар бир инсоннинг ҳатти- ҳаракатлари унинг фитратига мос бўлгани каби, ҳар бир давлатнинг ҳам ўз- ўзидан яқин муносабат қурадиган давлатлари бўлади. Ўзбекистон учун эса мана шундай яқин давлатлар шубҳасиз унинг қўшнилари, яъни Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистондир. Яъни, Ўрта Осиёнинг янги давлатлари ўзаро ҳамкорлик ва ҳатто иттифоқ қуришга маҳкумдирлар. Албатта, бундай иттифоқ учун СССР ўрнак бўла олмайди. Яъни, бу иттифоқда катта оғалик мақоми бўлмаслиги керак. Оврупо Иттифоқи (халқларнинг эътиқодлари орасидаги фарқ назарда тутилган ҳолда) янги Ўрта Осиё Иттифоқи (ЎОИ) учун яхши бир ўрнак бўлиши мумкин. Мана шу ЎОИгина минтақамиз халқларининг манфаатларини бошқа давлатлар ва иттифоқлар билан тенг ҳуқуқлилик, ҳурмат ва адолатга асосланган муносабатларда тамсил қила олиши мумкин. Яъни, ЎОИ ўртага чиқиши ҳеч ким учун ҳуқуқсизлик, ҳурматсизлик ва зулмни билдирмайди…
Йўлдош Абдулла ўғли, 8 март 2012 йил.