O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таъзиянома

Таъзиянома
164 views
04 May 2013 - 11:59

Бугун, 2013 йил 4 май куни дўстимиз, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг аъзоси, ташкилотнинг Жиззах вилояти бўлимини 1996 йилдан бошлаб бошқариб келган Бахтиёр Ҳамраев фоний дунёни тарк этди.khamraev

Бахтиёр Ҳамраев 1955 йил 12 январда Самарқанд вилояти, Пойариқ туманининг “Фармонқул” қишлоғида таваллуд топди.  1975 йил Тошкентдаги савдо-касбий ўрта билим юртини тугатди. 1977 йилдан бошлаб у бир неча йил Россиянинг Ростов шаҳрида қурилаётган атом машинасозлик заводида ишлаган. 1982-92 йилларда махсус алоқанинг  Жиззах вилояти бўлимида фельдъегер [ҳарбийлар ёки ҳукуматнинг муҳим, асосан махфий ҳужжатларини ташувчи курьери] бўлиб ишлади. Бахтиёр Ҳамраев 1989 йилда Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракатига биринчилар қаторида аъзо бўлган ва бу ташкилотнинг Жиззах вилоят бўлимини бир неча йиллар раиси ва кейинчалик ҳамраиси бўлди.

            Бахтиёр Ҳамраев ЎИҲЖ раҳбарлари орасида энг фаол, инсон ҳуқуқига жонкуяр, инсон ким бўлишидан қатъий назар унга ҳамма вақт ёрдам қўлини чўзадиган ҳуқуқбонлардан бири эди. У қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг кўзга кўринган ҳуқуқбонларидан бирига айланди. Бахтиёр Ҳамраев ЎИҲЖни нафақат Ўзбекистонда, балки чет эллар пойтахтлари – Вена, Дублин, Москва, Алмати, Бишкек шаҳарларида намоён этган. Уни дунё танирди. У ўз иши билан шунга лойиқ эди.

Узоқ Ирландияда фаолият юргизадиган, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларни ҳимоя қиладиган “Front Line Defenders” ташкилоти Бахтиёр Ҳамраевни ўзининг 2013 йилда бериладиган йиллик мукофоти топшириладиган олтита номзод қаторига қўшди. Бу номзодлар ўз фаолияти билан дунёга танилган юзта ҳуқуқбон орасидан танланган экан. Шу ташкилотнинг раҳбари Мэри Лолор хонимнинг Бахтиёр Ҳамраевга йўллаган хатидан (Парча):

Ҳурматли Бахтиёр Ҳамраев,

Маълумингизким, Сиз ушбу йилда бериладиган мукофотимизни 40 давлатдан бўлган 100 та номзоднинг олти финалисти сирасига киргансиз. Бу финалистлар ўз соҳаларида кўзга кўринган инсонлар экани назарда тутилганда Ирландия ва Европа Иттифоқи парламентларининг жюрига кирган аъзолари олдида охирги танловга келишдек оғир муаммо турган эди. Узоқ давом этган муҳокамадан кейин жюри “Front Line Defenders”нинг 2013 йил мукофотини Мавританиялик, қулликка барҳам бериш ҳаракатининг фаоли  Бирам Даха Абейдга беришга қарор қилди.

Олтита финалистнинг ҳар бири инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишига ўзларининг буюк ҳиссаларини қўшишганини биз биламиз. Сизларнинг тарихингиз ушбу йилда барча олти финалистнинг мислсиз фаолиятига эътиборни жалб қилиш информацион кампаниясини уюштиришга бизни илҳомлантирди.

Хулоса қилиб айтмоқчиман-ки, жиддий қийинчиликлар олдида таслим бўлмасдан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқ қолган Сиз каби инсонлар “Front Line Defenders” ходимлари ҳамда бизнинг тарафдорларимиз учун ғоявий илҳом берувчилардирсиз. Сизлар билан бирга ишлашни биз жуда истаймиз. (Парча тугади).

Ўз фаолияти билан Бахтиёр Ҳамраев шундай юксак баҳога эришди. Бундай баҳога камдан-кам одамлар, иши ва дили пок инсонларгина эришишади. Шундай инсон ЎИҲЖдан чиққани бизни ғурурлантиради.

Бахтиёр Ҳамраевни Ўзбекистондаги мавжуд мустабид сиёсий режим синдира олмади: бу тузум унинг ўзига беҳисоб марта хуруж қилди, уйи атрофига муттасил ўзининг айғоқчиларини қўйиб қўйди, у ўз ватанида бемалол юра олмади, унга ака-ука ва опа-сингилларини қарши қўйишга ҳаракат қилди, ўғлини қамади – бироқ Бахтиёр Ҳамраев таслим бўлмади.

Биз, Бахтиёр Ҳамраевнинг сафдошлари, бу улуғ инсонни Аллоҳ ўз раҳматига олишини, жаннатига доҳил қилишини, билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўраймиз. Амийн.

Толиб Ёқубов, ЎИҲЖнинг собиқ раиси;

Мўтабар Тожибоева, “Ўтюраклар Клуби” халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти раҳбари;

Тўлқин Қораев, ЎИҲЖ Қашқадарё вилояти бўлимининг собиқ раиси;

Саида Қурбонова, ЎИҲЖ Жиззах вилояти, Пахтакор туман бўлимининг раиси;

Мамир Азимов, ЎИҲЖ Жиззах вилояти, Жиззах туман бўлимининг раиси;

Эгамназар Шайманов, ЎИҲЖ Жиззах вилояти, Дўстлик туман бўлимининг раиси;

Зиёдулла Раззоқов, Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти Ўзбекистон секцияси Жиззах вилояти бўлимининг раиси;

Мамаражаб Назаров, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Жиззах вилояти, Зарбдор туман бўлимининг собиқ раиси;

Ўктам Пардаев, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Жиззах вилояти бўлимининг раиси.

4 май, 2013 йил.