O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таълим тизими: Сўров ўтказилди, хўш, нима ўзгарди ёки нима ўзгаради?

Таълим тизими: Сўров ўтказилди, хўш, нима ўзгарди ёки нима ўзгаради?
154 views
17 May 2013 - 14:47

anketaЎтган ҳафда давомида Самарақанд умумтаълим мактабларида ота-оналар ўртасида сўров ўтказилди. Аноним тарзда жавоб беришга мўлжалланган анкетага мактабдаги таълим-тарбия ишларининг йўлга қўйилиши ҳамда ўқувчилардан пул йиғилиши ёки йиғилмаслиги ҳақида саволлар киритилган эди.

Неварам ўқийдиган мактаб мажлислар хонасида ота-оналар (аниқроғи, 95 фоиз оналар), улар ўрнини босувчи қариндошлари тўпланган эди. Дастлаб шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг (эндиликда шаҳар халқ таълими бўлими шундай аталади) икки нафар ходими сўров ўтказиш нега керак бўлганлигини изоҳлаб беришди.

Уларнинг айтишича, ота-оналардан мактабларда пул йиғиш авжига чиққанлиги ҳақида юқори ташкилотларга кўплаб шикоятлар тушган. Бу гап-сўзлар қанчалик тўғрилигини билиш учун сўров ўтказилаётган экан.

Сўровномада жумладан шундай саволлар киритилган эди (савол анкетада қандай ёзилган бўлса, шундайлигича келтирилмоқда):

– мактабда металлолом, макулатура, ремонт ишлари, парда, мактаб фонди, синф фонди, фаррош, қоровул учун пул йиғилиб туриладими? Пул йиғилиб турса қанчадан ва қанча муддатда, ким томонидан йиғилади? Сиз бунга қандай қарайсиз?

– байрамлар, битирув кечалари, “Алифбе” байрами (4-9 синф) синф раҳбари ва мактаб директорининг туғилган куни учун фарзандларингиздан пул йиғилиб туриладими?

Бу саволларни ўқиб, ота-оналар ҳайрон бўлиб ёқа ушлашди. Наҳотки, саволларда санаб ўтилган пул йиғиш ҳолатлари шунчалик сир эканки, уни халқ таълими мутасаддилари билишмаса?! Ахир, йиллар давомида ота-оналар металлолом, макулатура, ремонт ишлари учун пул тўлаб келишаётганлигидан улар бехабарми?

Сўров номигагина, кимнидир қистови билан ўтказилаётганлиги саволларга бериладиган жавоблар учун ажратилган жойнинг сўровномада бир-икки қатор билан чекланганлигидан ҳам билса бўлади.

Неварам ўқийдиган мактаб ўқитувчиларидан бири сўровни нега айнан шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ўтказаётганлигини тушунмаслигини уқтирди. “Ўқитувчи ва ўқувчилардан пул йиғиш одатий ҳолга айланган. Турли комиссиялар учун пул йиғамиз. Ҳар хил тадбирлар учун пул йиғамиз. Э-ҳе, қайси бирини айтай. Буни раҳбарларимиз яхши билишади”, — таъкидлади суҳбатдошим.

Хўш, сўров ўтказилди, нима ўзгарди ёки нима ўзгаради? Ҳар бир қилинган ҳаракат натижасиз қолса, у кимга керак? Номигагина, ҳисобот учун ишлаш вақти ўтиб кетмадими?

Тошпўлат Раҳматуллаев