O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тақлид, тақлид, тақлид…

Тақлид, тақлид, тақлид…
136 views
04 July 2017 - 10:54

Бизда кўп киноларимиз руҳи том миллий бўлмаганидек телевидениемиз кўрсатувлари ҳам миллий эмас.

Иккала соҳа негизида ҳам бегона руҳ ҳукмрон. Тилию услубидан тортиб шаклию ғоясигача тоза миллий негизга асосланмайди.

Бу гап қанча қаттиқ айтилган туюлмасин, шу соҳалар мутасаддиларига қанча оғир ботмасин, воқелик шу.

Айниқса, телекўрсатувларимизга боқинг: юзда етмиш-саксони ўрис телевидениесига тақлиддан туғилган.

Тақлид, тақлид, тақлид…

Бунинг устига, тили халқона эмас, қанақадир ясама, таржима тил.

Кўрсатувлар миллий анъана ва миллий фитратга уйғун шаклда тайёрланмас экан, ўзбеклар иштирок этиб гўё ўзбекча гапиргани билан руҳимизга бегоналигича қолаверади.

Хабарлар халқимизга шу халқимизнинг оддий, жайдари тилида етказилмас экан, жамиятга ижобий таъсири бўлиши қийин.

Таҳлиллар тоза миллий манфаатимизни кўзлаб қилинмас ва ҳар бир таҳлилчи ўз мулоҳазаларини эркин билдирмас экан, фикрда дунёдан орқада қолаверамиз.

Булар эса сўз ва ҳаракат эркинлиги билан бўлади.

Ҳархиллик хавфли эмас, бирхиллик хавфлидир.

Ҳархиллик гўзал, бирхиллик туссиз.

Ҳархилликда ўсиш бўлади, бирхиллик одамларни фикрий турғунликка солади.

(“Нафсимга ўгитлар” туркумидан.)

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com