Яқин кунларгача ”Янгидунё” саҳифасини яқиндан кузатиб борардим ва бу саҳифада унча-бунча мақолаларим ҳам эълон қилинган ва қилинаётганди. Бироқ бу саҳифада М.Захидов (унинг ўз иборасини қўлласак Мараз Охидов)га ўхшашларнинг аҳмоқона хаёллари ҳам чоп этила бошлаганидан сўнгра, ундай бемазачиликларга тез-тез кўзим тушмасин учун, бу ерни сийрак очадиган бўлдим.
Аммо саҳифани навбатдаги очишимда, унда Юсуф Жуманинг исмига кўзим тушди. Унинг ёзганларини дарҳол ўқиб чиқиш ҳаваси пайдо бўлди, албатта.
Тўғрисини айтсам, унинг ёзганларини ўқиб, кейинги йилларда мен учун (балки жуда кўплар учун ҳамдир) ачинарли кунлар, йиллар (у адолатсиз ҳукм билан зиндонга ташлаганида ва зиндон ҳаётида қолган вақт давомида) келтирган ва шунингдек ҳеч бўлмаганда менинг қалбимнинг энг нозик торларини чертиб, мени (зиндондан озод бўлганда) оламда энг хурсанд кишига айлантирган халқ шоири Юсуф Жумани кўра олмадим. Чунки унинг ёзувида бир неча шундай нуқталарни учратдимки, уларни адолатсизликни ўз зиммасида (танасида, жисмоний жазо шаклида) кечирган кишига муносиб келмайди, деб ҳисобладим.
Биринчи нуқта, мақолани ўқиб чиққан киши, мақоланинг асосий қаҳрамонига айланган ҳурматли ҳофизимиз Дадахон Ҳасаннинг 70 ёшга тўлишини тилга олиш, мақолани эълон қилишдан кўзда тутилган асосий мақсадни ўртага чиқариш учун, бир баҳонага айланиб қолганини кўради. Бу билан, ҳурматли Юсуф Жума, сиз, балки ёзувларингизни таҳрир қилганлар ҳам қўшилиб, унга нисбатан ҳурматсизлик юз берганини кўрсатиш эмас, аксинча Дадахон Ҳасанни калака қилишганлар бўлиб қолгансанлар. Чунки менинг билишимча, Дадахон Ҳасан бир эътиқодли мусулмон одам. Мусулмон киши юбилейларни ёқтирмаслиги керак. Дадахон Ҳасан ҳам балки ҳақиқатан 70 йиллик ёшини “тўй” қилишни истамаётгандир.
Иккинчи нуқта, ёзувингизнинг биринчи, бошланғич сўз бошини ўқиган киши ҳайратдан ёқасини ушламаслиги мумкин эмас… Ал-ҳaзар, Ҳурматли Юсуф Жума, шу ёзилганларни ҳақиқатан сиз ёзган бўлсангиз, унда сиз ўзингиз кимсиз? Исломда бир ўгит бор, унга кўра ота-онанг ўғри, ғайридин бўлса ҳам сен уларни ранжитмаслигинг лозим. Ҳа, халқимизда жуда кўпгина қусурлар мавжуд. Лозим бўлса мен ҳам сизга қўшимча бир қаторини санашим мумкин. Бироқ сиз санаган кабисини тилга олиш қандай бўларкан? Агар Ўзбекистонда давлат режими бироз бошқачароқ бўлса эди, сиз бу сўзларингиз учун адолатли ҳакам ҳукми билан жазога лойиқ топилардингиз. Сизнинг бу сўзларингиз учун ўзини ўзбек ҳисоблаган ҳар бир киши ўзини ҳақорат қилинган ҳисоблаб, сизни маҳкамага берса ҳақли бўлади. Мана шу ерда менинг ёзувимнинг сарлавҳаси нима учун “Тақсир, йўқ, ундай эмас …” бўлганини тушунтириш ўрни келди, шекилли.
Валлоҳy олам, ўтган ойнинг (2011 йил декабрининг) бошларида эди, ўзбекистонлик ўзбек, исломий ва дунёвий илми етарли даражада юксак бириси билан қисқа муддатли суҳбат қилишим мумкин бўлди. У ерда асосан мен сўзладим ва сўзларимда “биз жуда гўл халқмиз. Шунинг учун мана 20 йилдан ортиқ замон давомида бир инсофсиз бизга ҳукмрон бўлиб турибди” каби жумлани ҳам қўлладим. Вақтимиз зиқ бўлганлиги сабабли, мен суҳбат жойини ташлаб кетишимга тўғри келди. Суҳбатдошим мени кузатиш учун автобус бекатига қадар мен билан бирга чиқди ва бекатгача бўлган йўлда, у менга, “Тақсир, боя сиз тўғри сўзламадингиз. Бутун миллат бирданига гўл бўла олмайди,” деди. Ўйлайманки, менинг суҳбатдошим каби ўзбекистонликлар оз эмас. Қаранг, менинг суҳбатдошим, мен халққа нисбатан фақатгина “гўл” сифатини ишлатганимни қабул қила олмади. Сизнинг бу ёзувингизда қўллаган сўзларингизни, ўзбекни қўйинг, бошқа исталган бир миллатдан бўлган бирор инсофли муҳаррир ҳам эълон қилишга уялган бўларди.
Буниси нуқта эмас, бошқа бир гап. Сиз Қашқардарёлик зиндондошингизнинг ҳиқоясини ёзувингиз ғояси қилиб оласиз. Бу жуда яхши. Нега сиз ҳам халқ учун ўша чўпондай тарбиячи бўлмайсиз-да, ўша чўпоннинг бажарганларини бажармайсиз-да, оғизингизга нима келса, ўшани сўзлайверасиз. Тил суяксиз, аммо дарвозасиз эмас, ахир. Унинг оғиз исмли қопқоғи бор. У қопқоқни очиш ёки ёпиқ тутиш ҳақини, ҳуқуқини, ихтиёрини эса, Оллоҳу таоло кишининг бошига жойлаб қўйган.
Учинчи нуқта, ҳурматли Юсуф Жума сизнинг ёзувингизда, “Муҳаммад Солиҳ қайси бир ҳаракатга, қайси бир ташкилотга бошлиқ бўлган бўлса бари фожеа билан якунланганини бундан кейин ҳам шундай бўлажагини мен ўзимча баён қилдим. Яқинда Россиядаги раҳбари ўлдирилди. Бу албатта бошланиши,” каби бир жумла келтирасиз.
Оллоҳ мени ислоҳ айласин, биринчидан, бу жумла шоир Юсуф Жуманинг ёзувига унча ҳам уйғун келмайди.
Иккинчидан, ўтган йилнинг май ойида таъсис қилинган ҳаракат ўз исми ва жисми билан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати дейилади. Уни М.Солиҳ ташкил қилмади-ку, ахир. Уни бир қатор ташкилотлар ва шахслар биргалашиб ташкил этишдилар ва уларнинг бири М.Солиҳ ҳам ичида бўлган (яъни раҳбари бўлган) Эрк партиясидир. Мен сизнинг ақл-фаросатингизга шубҳа қилмайман, аммо бундай бир ташкилотни фақат бир шахс М. Солиҳ номига боғлашни, қайси ақлга уйғун ҳисоблаш мумкин? Сизнингча ЎХҲ бугунги аъзолари бўлган ташкилотлар, шахслар нафсига ҳеч асоссиз тил теккизишни нима деб аташ лозим? Умуман, бир неча ташкилот ва юзлаб кишилар масъул бўлган ташкилотни бир шахсга боғлаб ва бундай ҳукм чиқаришга сизнинг қандай ҳақингиз бор? Сиз кимсиз ўзи? Киши ўзининг кимлигини билиши, “нонни катта тишласанг тишла, сўзни катта сўзлама” дейилган нақлга амал қилиш адаб, ақлу фаросатлилик аломатидир. Агар сиз ҳақиқий ватанпарвар ва миллат эрки учун курашчи бўлсангиз нега биргалашиб курашишга уринмайсиз? Дунё қарашлари жуда уйғун бўлмаган кишиларнинг биргалашиб ишлашлари мумкин эмасми? Албатта мумкин. Фақат бир ҳолда бу мумкин эмас, яъни ташкилот менинг ихтиёримда бўлиши лозим, у қандай бўлишидан қатъи назар унга мен хўжайин бўлишим керак деган киши ҳеч қачон ҳеч ким билан бирлаша олмайди.
М.Солиҳ эса, кишилар ва ташкилотлар билан келишди, кўпчилик билан келишиб бамаслаҳат ишлашни ўз зиммасига олди. Бу ишни сиз ҳам ва сизга редакторлик қилишаётганлар ҳам қилишлари мумкин эди. Ҳозир ҳам қилишларингиз мумкин. Бироқ бундай қадам қўйиш учун кишида бироз инсоф бўлиши шарт. Масала шундай экан, М.Солиҳ кўпчилик билан келаша олаётган экан, янгидан тузилган ЎХҲ шаклида умумий курашимиз самарали бўлишига рози бўлаётган экан, демак бу шахс ҳақида сиз ёзганларнинг ҳақиқатлигига шубҳа қилишга тўғри келади. Ҳар қандай бир кишига асоссиз тамға босиш эса буюк адолатсизликдир. Адолатсизлик бор жойда зулм бор. Адолатсиз киши золимдир. Золим бўлиш учун подшоҳ бўлиш шарт эмас. Ҳатто ҳар қандай адолатсиз ота-она ҳам золимдир. Кишига баҳо берганда, айниқса, аниқ бир шахсга баҳо берилганда, ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Бу ерда, яъни киши (шахс)га баҳо беришда адолатсизлик, Kаримовнинг зиндон жазосидан ҳам оғирдир, менимча. Чунки бу бошқача айтганда туҳматдир. “Туҳмат, ўт ва сув балонгдан сақла” дейилган халқ мақоли борлигини ҳам биларсиз, ахир. Билмадим, сиз Ислом ахлоқидан ибрат келтиришга қандай қарайсиз, динимизда кишининг кўнгилини асоссиз, адолатсиз қолдириш, инсон ҳақларини зиммасида сақлаш бўлиб, афв бўлмайдиган гуноҳдир.
Мени тўғри тушунинг, мен М.Солиҳни ҳимоя қилаётганим йўқ. У киши менинг ҳимоямга муҳтож ҳам эмас. Унинг ижоди, фаолияти ўзини исталган жойда кўрсата олишга кифоядир. Менинг бугунгача ёзганларимни ўқисангиз, унинг адресига анчагина аччиқ сўзлар ҳам сўзлаганимни кўрасиз. Хатосиз ягона Парвардигордир. Бироқ, ҳаводан ёки кимларнингдир ёлғон ҳикояларидан олиб, дабдурустдан кишининг шахсига тил текизишни адолатсизлик демоқдаман. Жумладан, ҳурматли М.Солиҳга ва исталган бошқа кишига ҳам нисбатан адолатсизликни зулм, ҳақсизлик деб биламан. Зулмни, ҳақсизликни кўрмаслик, унга қарши курашмаслик жуда катта камчиликдир, гуноҳдир.
“Яқинда Россиядаги раҳбари ўлдирилди. Бу албатта бошланиши,” дейиш билан жумлангизни тамомлайсиз. Бу нима деганингиз? Бу, бир одамзотининг фожиали ўлимидан хурсанд бўлишингизми ё нимаси бу? “Бу бошланиши”, дейиш билан яна бошқалар ҳам ўлдирилади, дейишга уялмайсизми? Ё сиз ва редакторларингиз Каримов ҳукумати билан ҳамкормисиз? Уларнинг ЎХҲ аъзоларига суиқасд режаларидан хабарингиз борми? Бундай жумлалар тузишгача бориб этишни пасткашлик дейилса етарли бўлмайди, менимча. Ҳар ҳолда бу жумла, сизнинг ёзганларингизга бирор ўта инсофсиз редактор тарафидан илова қилганга ўхшайди.
Қадрли Юсуф Жума, мен янги асргача “Бирлик” ҳақида мен билган ҳақиқатлар” номли бир китобча ёзгандим. Уни бир ўқиб чиқсангиз ёмон бўлмасди. Материални “Янгидунё”нинг архивидан топиб ёки http://samarkanduz.narod.ru/mentug3.htm адресдан бошланган қатор саҳифалардан ўқиш мумкин. Мақтанаяпти демайсиз, мен у ерда бизнинг фаолиятимиз (Ўзбекистонда мухолиф ҳаракатнинг, унинг лидерларининг) ҳақида ўзим гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя қилганман. Ҳақиқатларни тўла билсангиз, воқеаларни тасвирлашда оғишлар бўлмайди, тарафсиз, холис бўласиз. Эшитганларингизни ҳақиқатлар билан таққослаш мумкин бўлади. Ҳақиқатларни билиш олдингизда пайдо бўлган масалаларни бир томонлама изоҳламаслингизга асос бўлишини сизга таъкидлпш ўринсиз, албатта.
Мақолани ўқишда давом этсак изоҳ бериладиган ва ундаги ифодаларга, фикрларга эътироз билдириладиган жойлари яна анчагина. “Кўп сўз эшакка юк” ўгитига амал қилиб, улар ҳақида ёзиб ўтиришни лозим кўрмадим. Бироқ хулосалар ўрнида қуйидагалрни ҳам айтиб ўтиш керакка ўхшайди.
Ҳурматли Юсуф Жума, сизнинг бу ёзувингиз, биринчидан, юқорида ҳам имо қилингани сингари, Д. Ҳасаннинг 70 йиллик ёши баҳона-ю, М.Солиҳнинг майдонига ҳақсиз, инсофсизларча тош отишдан, иборат бўлиб қолибди. Шунинг учун сизнинг бу ёзганларингиз баъзи бир каримов нусханинг ёки нусхаларнинг фаолиятига жуда уйғун тушади. Ҳатто у ёки улар сизга муҳаррирлик қилишганми деган эҳтимолни ҳам четга отиб бўлмайди. Иккинчидан, мен сизнинг бундан анча илгари, ҳатто “курорт” йилларингиздан ҳам аввал ёзилган бир мақолангизни ўқигандим. “Хаста миллат, хаста ҳукумат, хаста мухолифат” дейилган нақорати бор эди шекилли. Ўша мақоланинг тузилиши айнан мана шу ҳозиргига ўхшарди, аммо мазмуни бирмунча бошқачароқ эди. У ерда сиз анча холис киши шаклида гавдалангандингиз. Бугунгисида эса, мақоланинг шакли сақлаган-у, бироқ мазмуни тамоман бир томонлама бўлиб қолган. Бунинг сабаби нимада? Мақоланинг энг аввал ҳаракат.нет – да эълон қилингани ҳам сизнинг бир тарафлама қарашингизни кўрсатмоқда. Сиз каби халқ шоири номини олган кишиларнинг бундай тарафкашлик қилишлари, унинг устига барча ҳақиқатларни билмасдан, айрим тўғрими ёки нотўғрими миш-мишлар асосида йиғилган хулосалар билан майдонга чиқиши, менимча энг ози билан уят бўлади.
“Янгидунё” саҳифасининг муҳарририга ҳам икки сўз насиҳатим бор. Ислом ахлоқида шундай бир қоида бор. Унга кўра, фарз ибодатини қилиш фитна чиқариши мумкин бўлган жойда, уни адо этмаслик маъқул кўрилади. Агар Юсуф Жуманинг бу ижодини “ҳаракат.нет” – дан бу ерга кўчириб босилмаганида эди; мақолага эътибор ва уни изоҳлаш бунчалар долзарб мавзуга айланмасди. Кишилар бир-бирларининг кўгилларини бугунгидек ғира қилмаган бўлардилар.
Ҳурматли муҳаррир, сиз бу ҳаракатингиз билан билиб ёки билмай саҳифага ҳурматни озайтирдингиз. Менимча, саҳифанинг ўқувчилари ва муаллифларининг сезиларли даражада озайганини кўришни кўп кутмайсиз. Ҳар бир ҳаётий юмуш, иш беўлчов бўлмайди. Уларнинг барчасининг белгиланган меъёрлари, ўлчовлари бор. Шунингдек, мутлақ (абсолют) адолат, эркинлик, демократия ҳам бўлмайди. Бу айтилганлар: адолат, эркинлик, демократия деганлари чегарасиз, мутлақ ва эшигу деразаси йўқ бўлсалар, уларнинг исми анархия (ўзбекча айтсак, тартибсизлик, бебошлик) бўлиб қолади. Яна ҳам тўғриси, чегарасиз адолатпарварлар, эрксеварлар, демократлар иғвогарларга, фитначиларга, улар тўпланадиган жойлар эса, ўшаларнинг ўйин майдонига айланади. Оллоҳ ана шундайларга айланиб қолишдан сақласин!
Алибой Йўляхши,
04. 01. 2012, чоршанба.