O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таҳайюл

Таҳайюл
147 views
04 September 2013 - 11:21

Sh.Bobojon

(Рассом  ва журналист Шуҳрат Бобожоннинг  туғилганига  50 йил тўлиши муносабати билан)

Шуҳрат Бобожон жуда закий журналист. Балки журналистлик сифатидан унинг закийлиги оғирроқ босар.  Ҳа, у шубҳасиз oддий журналистликдан каттароқ сифaтга соҳиб.  Бу сифатнинг исмини топсам айтаман бир кун.

Шуҳрат Бобожоннинг рассoмлиги алоҳида мавзу, унинг жиддий ва ақлли мақолалари ҳақда ҳам бошқалар айтсин.

Мен унинг жамоатчлик қаршисида мунтазам кўрсатиб келаётган кичик, аммо эффектив акциялари ҳақда қисқа гапирмоқчиман.

Унинг фейсбукда “шунчаки” қўяётган расмлари ва бу расмларга қисқа изоҳлари доим бир концептуал мағиз ташийди.

Бу кичик чизгиларда, дейлик, бир киши, бир шахс, баъзан хатто бир жамоанинг у ёки бу вазиятда кўрсатган ва ёки кўрсатаолмаган ижтимоий жасоратини ва ёки иккиюзлилигини ифшо қилади.

Яқинда бир расм, унинг ёнига Абдулла Ориповнинг шу шеърини илова қилди фэйсбукка:

“Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,

Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.

Арслон чорлаганди қошига бизни,

Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.

Жами тирикликка таниш шу хатар,

Қумурсқа яралган ёппа таларга.

Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,

Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга”.

Расм Ўзбекистондаги режим мухолифларининг чет элда ўтказган мажлисидан бир саҳна-фрагмент: танаффусда қўлини чўнтагига тиқиб, у ёқ-буёққа юраётган инсонларнинг тасвири холос.

Аммо Абдулла Ориповни ҳам, мухолифларни ҳам танийдиган биттаси учун, масалан, камина учун Шуҳратнинг бу мини-акцияси таҳайюл чегараларини кенгайтирадиган бир омил.

Таҳайюлимизни шеърда юритиб кўрайлик. Бу шеър муҳтамалан Турғунлик йилларида ёзилган. Шу икки мисра жуда гўзал!

“Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,

Бизда ҳам бор эди матонат, бардош”.

Биз каби Совет даврида  вояга етган ўқувчининг кўз олдига Рус Декабристларининг шукуҳли тарихини  келтиради.

Бир қутлуғ ғоя учун ўлимга ҳозир бир авлод чизади таҳаюлимиз.

Инсон яшагиси келади, қисқаси.

Аммо шеърнинг учинчи мисрасидаги “Арслон чорлови” ва унга лаббай деб жавоб берган “сафардош қумурсқалар” бизни яқиндагина ҳаяжонлантирган мотивни дарҳол заифлатади. Иккинчи тўртлик эса бу кўтаринкилик руҳини чил-парчин қилади.

Бошланаётган ижтимоий достон Арслон (ёки Подшох) ҳузурига бориб, бир-бири билан сарпо  “талашган” тамагир қумурсқаларнинг зарбулмасалига айланади.

Бу типик Абдулла Орипов шеьрияти.

Аслида, шоир яхши ниятли шахс ва, хар бир шоирда бўлгани каби, унинг ҳам асл қахрамони –  Яхшилик ва Ёмонлик.

Аммо унинг деярли бутун шеърларида ёмонликнинг манбаи тоталитар ёки дикатор режимлар эмас, балки бу режимлардан мукофот оламан деб  мамлакатнинг Буюк Шоирининг оёғидан чалган ҳасадгуй “қумурсқалар” бўлиб чиқади.

Бу “қумурсқалар”  рўйхати ўтган асрнинг 60 йилларида адабиёт сахнасига чиққан Эркин Воҳид билан бошланиб, 21 асрда пайдо бўлган энг ёш шоиргача давом этади.

Шеър фабуласи, ундаги конфликт, зиддият ва ечим кўпинча шу қумурсқалар (баъзан  итлар) образига қурилади.

Орипов фақат шеърларида эмас, кундалик ҳаётида ҳам “актив гражданлик позицияси”да турган ва яқин тарихимизнинг жаъми  чоррахаларида  “сафдош қумурсқаларга”  зарба бериб, режим қаршисида тартибга чақирган.

Шу маънода, А.Орипов шеърияти орзу  қилинган ижтимоий юкакликка чиқолмасдан, маиший савияда қолиб кетди.  Унинг 60- йиллардан кейин ёзилган шеърларини тўпласа, уларнинг ижтимоий вазни  шоирнинг илк китобидаги “Тилла балиқча”  шеъридан оғир эмас.

Шуҳрат Бобожоннинг топоғонлиги шундаки, бу шеърнинг фош килувчи кучи фақат муаллифнинг ўзига эмас,  шеърга илова қилинган расм персонажларига ҳам ишора қилади.

Мухолифларнинг илк мажлисида худди А.Ориповнинг шеъридаги каби  “биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни, бизда ҳам бор эди матонат, бардош”.

Ҳатто баъзиларимиз “8 ойдан сўнгра Ватанга қайтамиз”, деб  ҳайқиргандик у шукуҳли дамларда.

Аммо “бу матонат,бу бардош” узоққа бормади.

МХХ одамларини Дюсселдорфга юборди ва иш яна “қумурсқалар”га бориб тақалди…

Шуҳрат Бобожон қўйган расм ва шеърнинг матности мазмуни каминанинг  таҳайюлида шулардан иборат эди.

 Муҳаммад  Солиҳ