O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таҳоратнинг фазилати

Таҳоратнинг фазилати
199 views
11 November 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(43)
(давоми)

ТАҲОРАТНИНГ ФАЗИЛАТИ

Абу Умоматул Боҳилий дейди:

“Бир куни Амр бин Анбасага “сенга нечун исломнинг тўртинчиси” деган унвон берилди?”, деб сўрадим.

У менга шундай жавоб берди: “Мен аввалдан бери инсонларнинг тўғри йўлдан озганини, улар топинган бутларнинг бўш нарсалар эканини билардим.

Бир куни Маккада бир одамнинг чиқиб, янги иддаолар олға сурганини эшитдим. Дарҳол уловимга миниб, Макка йўлига тушдим.

У ерга борганимда, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг яширин фаолият кўрсатаётганини кўрдим, атрофида бир неча дўсти бор эди.

Унинг ёнига бориб, хушмуомалалик билан “сен кимсан?”, деб сўрадим.

“Мен Пайғамбарман”, деди у.

“Пайғамбар не демак?”, деб сўрадим.

“Аллоҳнинг элчиси демак”, деди у.

Шунда мен:

– Сени Аллоҳ юбордими?,- деб сўрадим.

– Ҳа, – деди у

– Сенга У қандай вазифа берди?,- деб сўрадим.

– Аллоҳнинг бирлигига инонишни, унга  ўртоқ қўшмасликни, бутларни синдиришни, қариндош ҳақларига риоя қилишни вазифа қилди,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

– Бу тамоилларда сенга тарафдор бўлганлар кимлар?,- деб сўрадим мен.

– Бир ҳур ва бир қул,- деб жавоб берди.

Қарадим, унинг ёнида Абу Бакр ва Билол бор эди.

Мен унга:

– Мен ҳам сенга боғланишни истайман,- дедим мен.

– Бугун буни қилаолмайсан, сен ҳозир оилангнинг олдига қайт. Очиқ майдонга чиққанимдан сўнг менга қўшиласан,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

Мен оиламнинг ёнига қайтдим. Аммо мен энди мусулмон эдим. Кўриб турганингдек, ўша куни мен мусулмон бўлганлардан тўртинчи киши эдим.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат этганда мен уловимга миниб, Мадинага бордим.

Пайғамбаримизнинг ёнига кирганимда, ундан “мени танидингми?”, деб сўрадим.

У “танидим, сен Маккада ёнимга келган эдинг”, деди.

– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таолонинг сенга берган билгилардан менга ҳам ўргат,- дедим мен.

– Бомдод намозидан сўнгра, қуёш чиққунча бошқа намоз қилма. Қуёш чиқиб, бироз юксалгунча ҳам намоз қилмагин. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасида туғади ва у онда кофирлар қуёшга сажда этадилар.

Қуёш бир ёки икки найза бўйи қадар юксалганда, намоз қил. У пайт қилинган намоз мушоҳада ва ҳузур пайдо қилади. Бу вақт ҳар нарсанинг сояси ўзи қадар бўлгунча давом этади.

Ҳар нарсанинг кўланкаси ўзи қадар бўлганда намоз қилма. Чунки у пайт  жаҳаннамнинг ёқилажаги пайтдир.

Ҳар нарсанинг сояси унинг бўйидан оша бошлагандан бошлаб, аср намозигача қилинган ҳар бир намоз, мушоҳада ва ҳузур пайдо қилади.

Аср намозини қилиб, қуёш ботгунга қадар намоз қилма. Чунки қуёш шайтоннинг шоҳлари орасида ботади ва у пайтда унга кофирлар сажда қилишади, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

Сўнгра унга “менга таҳорат ҳақида билги бер”,- дея илтимос қилдим.

– Орангиздан биттаси оғзига, бурнига сув олиб, уни қайтариб ташласа, сув билан бирга оғиз ва буруннинг гуноҳлари чиқиб кетади.

Кейин Аллоҳнинг амр этгани каби юзини ювса, сув билан бирга юзининг гуноҳлари ювилиб кетади.

Сўнгра Аллоҳнинг амр этгани каби қўлларини тирсакларига қадар ювса, бармоқ учларидан оққан сув билан қўлларининг гуноҳлари тушиб кетади.

Сўнгра бошини масҳ этганда, сочларининг учларидан тўкилган сув билан бошидаги гуноҳлар кетади.

Сўнгра қул оёққа туриб, Аллоҳга ҳамд этиб, икки ракат намоз қилса, онасидан энди туғилгандай бутун гуноҳлардан қутулади”.

Абу Ҳурайранинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийларига “Аллоҳ таолонинг гуноҳларингизни ўчириб, даражангизнинг юксалтиришига сабаб бўладиган нарсаларни сизга айтайми?, деди.

“Айт, ё Расулуллоҳ”, дейишди саҳобийлар.

Пайғамбаримиз шундай деди:

– Эрталаб нуқсонсиз шаклда таҳорат олмоқ, сизга ёқмаган нарсаларга сабр этмоқ, масжидларга қараб одим отмоқ, намознинг бирини қилиб, иккинчисини кутмоқ – сизни душмандан ҳимоя қилувчи қалъалардир. (Бухорий)

Аба Ҳурайранинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни шундай деди:

“Ким таҳоратли ўлароқ, тоза бир ич кийимда уйқуга ётса, бир малак ҳам у билан ётади. У кечаси ҳар сафар уйғонганида, малак “Аллоҳим, бу қулингни авф эт, у топ-тоза бўлиб ётоққа кирди”, дея дуо этади.

Савбоннинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Туппа-тўғри бўлингиз, бунга фақат маҳсус ғайрат билан эришмоғингиз мумкин. Билинг-ки, энг хайирли амалингиз намоздир ва фақат мўминларгина давомли таҳоратли юрадилар”.

Ҳазрати Усмон (Аллоҳ ундан рози бўлсин) бир саҳобийни Каъбага ўртук (Каъбанинг устини ёпиш учун маҳсус ёпинчиқ) олиб келиш учун Мисрга юборди.

Саҳобий Шомда бир ҳавро (синагог) га кириб, унинг хохоми (руҳонийси) билан суҳбатлашиб, баъзи билгилар олмоқчи бўлди.

Саҳобий ҳавронинг эшигини қоқди.

Эшик анча вақтгача очилмади.

Саҳобий анча кутди, сўнгра, ниҳоят эшик очилиб, уни ичкарига киритишди.

Саҳобий хохом билан анча суҳбатлашди, суҳбатдан мамнун қолди.

Суҳбат сўнггида саҳобий хохомдан нега эшикни очмай, уни куттирганларини сўради.

Хохом шундай деди:  Ҳавронинг эшигига келганингда сени султон каби ҳайбатлик кўрдик ва қўрқдик.

Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га “Ё Мусо, бир султондан қўрқсанг ҳам ўзинг таҳорат ол ва атрофингдагиларга таҳорат олдир, чунки таҳоратли инсон қўрққанига қарши Менинг ҳимоямга киради”, деб буюргани учун сени эшик олдида куттириб, таҳорат қилдик, сўнгра эшикни очдик”.

Ривоятга кўра, мўмин қул таҳоратни тамомлар экан, “субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик. Ашҳаду анла илаҳа илла анта астағфирука ва атуби илайк”, деса унинг олган таҳорати муҳрланиб, Арш тагига қўйилади ва қиёмат куни унга берилгунча устидаги муҳр бузилмай туради.

Бу дуонинг маноси шундай:

“Аллоҳим, Сенга ҳамд этаман, Сени нуқсонлардан танзиҳ этаман. Шаҳодат этаман-ки, Сендан бошқа илоҳ йўқдир, гуноҳларим учун Сенинг даргоҳингга сиғиниб, тавба этаман, Сендан авф тилайман”.

Ҳазрати Умарнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Орангизда биттаси таҳоратини тамомлаб, “ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу ва анна муҳаммадан  абдуҳу ва росулуҳу”, деса, унга Жаннатнинг саккиз эшиги очилиб, истаганидан ичкарига киради”. (Бухорий)

Абу Дардо (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деди:

“Қиёмат куни ким иймон билан бирга шу беш нарсани бажо келтирган ҳолда келса, жаннатга киради:

1.Рукулари ва саждаларини тўла-тўкис қилиб, таҳоратли ҳолда, ўз вақтида намозларини адо этса.

2.Нафсини покламоқ учун закотини берса (ямин этаман-ки буни фақат мўмин қилади).

3.Рамазонда рўза тутса.

4.Боришга кучи етса, ҳажга борса.

5.Омонатни жойига берса”.

Тингловчилар “Ё Абу Дардо, бу сўзингда “омонатни жойига берса”  деганингда нимани назарда тутяпсан?” деб сўрадилар.

“Омонат бу ерда жунубликдан тозаланиш, ғусл маъносидадир. Чунки Аллоҳ таоло ўз динининг фақат ушбу ҳукмини инсон зотига омонат этгандир”, деб жавоб берди Абу Дардо.

Абу Ҳурайранинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз бир бомдод намозида Билолга “энг пок амал диний амалинг нима, менга айт. Чунки мен Меърож кечаси Жаннатда сенинг оёқ товушларингни эшитдим”, деди.

– Менга кўра, менинг энг пок исломий амалим кечанинг ва ёки кундузнинг ҳар қандай соатида таҳорат оламан ва мутлақо Роббимнинг ризоси учун намоз қиламан,- деди Ҳазрати Билол.

Бошқа бир ривоятга кўра, Ҳазрати Билолнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берган жавоби шундай бўлган: “Ҳар таҳорат бузилишида мутлақо таҳоратимни янгилардим ва ҳар таҳоратимни янгилаганимда мутлақо намоз қилардим”.

Тўғрисини Аллоҳ билади.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси