O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таҳқирлаш ва камситиш шу даражага етган эди…

Таҳқирлаш ва камситиш шу даражага етган эди…
361 views
02 December 2016 - 8:00

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(5)

1

Коммунистик партиянинг ташвиқот идоралари ҳар бир маҳаллада очилиб, диннинг хилофига фасод сўзларни тарқатишар, динни масхаралаб уни йўқотиш йўлларини ўргатишар эди.

Улар “Одамларнинг бирор иш қилишлари учун ҳукумат тарафидан ижозатнома олишлари зарур” — дея янги қарор чиқардилар. Ижозатномасиз деҳқончилик, косибчилик, ҳунармандлик ва савдогарлик, ҳаттоки мардикорчиликка ҳам рухсат йўқ эди. 

Диний, миллий ва қавмий анъаналарни ҳурмат қилувчи кишилар учун бу ижозатнома олиш тобора қийин бўла бошлади. Уни олиш учун дин ва иймондан юз ўгириш лозим эди. Аввал бошдан саллани, кейинроқ эса дўппини, соқолни, паранжини, кейинроқ эса иффат, ҳаё ва орномус, сўнгра иймонга тажовуз қилиш коммунистлар ҳийлаларидан бири эди.

Бир томондан қотиллик, зўравонлик ва босқинчилик авжига чиқди. Диндор, намозу рўзага мустаҳкам кишиларга қотилона ҳамлалар бошланди. Лекин шундай “адолатлик” ҳукумат томонидан бирор қотил ушланиб жазо берилмас эди. Мусулмонларни эса қилган ишларидан қийиқ ахтариб ваҳшиёна жазолар эдилар. Шу тариқа минглаб мусулмонларни қатл этдилар.

1927 йилдан кейин бу қотиллик ва хунрезликлар ислом кишиларига нисбатан душманчилик тарзида янада авжига чиқди. Коммунистлар исломга қарши бўҳтонлар уюштиришар, Қуръон, ҳадис, дин ва дин пешволарини масхаралаб суратлар чизишар, бу суратларни йўл бўйига ва масжид деворларига ёпиштиришар эди. 

Набий карим соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номи муборакларига лой чаплашар, театр ва киноларда масхаромуз драмалар ижро этишар эди. Бу таҳқирлардан юз ўгириш, назарни сақлаш “жиноят” ҳисобланар эди. 

Коммунистларнинг зулмуситами ва ҳақоратларининг интиҳоий даражаси шундан иборат эдики, улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг фаразий ҳайкалларини ясаб чорраҳаларга ўрнатиб қўярди ва ўтган-кетган йўловчиларни ушлашиб, мажбуран унга қаратишар эди.

Бундай зулмлар мусулмон ҳолатида умр кечиришни хоҳловчи инсонлар учун ҳижратдан (ёки жиҳоддан) бошқа йўлни кўрсатмас эди.

Мисол учун бир воқеани зикр қиламан: 

Кунларнинг бирида қишлоғимизнинг жомеъ масжидида коммунистларнинг мажлиси ташкил қилинди. Тамом қишлоқ аҳлини йиғилишга қатнашиш учун ҳукм этиб, иштирок этмаганларга жазо берилиши эълон қилинди.

Одамлар мажбуран тўпланишди. Масжид лиммолим тўлгандан кейин, мажлис бошланди.

Мажлис раисининг биринчи эълони: “Руҳонийлар мажлисдан чиқиб кетсин” — деган сўзи бўлди. Туркистонда дин ва мазҳабга эътиқодлик кишиларни “руҳонийлар” деб аташар эди. Бу эълондан сўнг кўпчилик туриб, чиқиб кетди. 

Масжидда фақат заиф мусулмонлар, баъзи фосиқ-фожирлар ва ёш болалар қолди. Чиқиб кетганларнинг номлари ёзиб олинди. Масжид озгина вақт сукунатга чўмди. Сўнгра қаттиқ товушда қўнғироқ чала бошладилар.

Ҳа, ҳа… Масжиднинг ичида шундай қилардилар. Таҳқирлаш ва камситиш шу даражага етган эди. Қўнғироқ чалингандан кейин мажлис янада жонланди. Бир киши минбарга яқинлашди, уни ислом файласуфи дея таништирдилар. У шахс бир соатча исломнинг зиддига оғзидан кўпиклар сочиб ноўрин, бўлмағур туҳматлар қилди. Унинг бундай беҳуда, қабиҳ сўзларини ёзишга кимнинг ҳам тоқати етарди?! Қисқача хулосаси шундай эди:

Диний мазҳабларнинг, хусусан исломнинг мақсади авомнинг дилига худонинг тасаввурини киритиб, уларни ўзларига бўйсундиришдир.

Бу тасаввурни киритиш сармоядорлар ва муллоларнинг ўз манфаатлари учун кўзлаб чиқарилган ихтироларидир.

Аллоҳ, Росул, жаннат, дўзах, Қиёмат, ҳашр, нашр, фаришта ва бошқа барча эътиқодлар уйдирма ва хурофотлардир (Аллоҳ сақласин!). Коммунистлар партияси бу тасаввуротларни яксон қилиб авому меҳнаткашларни “руҳоний”ларнинг макр ҳийла тўрларидан халос қилишга қатъий қарор қилди — деган мазмундан иборат эди.

Бу коммунистлар содда, илмсиз мусулмонлар учун қўллаган қабиҳ режалари узоққа етмай, оддий бир супурги ўргимчак уясини вайрон этганидек вайрон бўлиб, уларнинг ҳақиқий башаралари очилди. Улар ўзларининг ёвуз башараларини меҳнаткашларга ҳомий, ваҳшиёна мақсадларини халоскорлик ёрдами, дея ниқоблардилар. 

Аммо халқимиз айтганидек: “Ҳақ эгилади, букилади, лекин синмайди”.

“Нотиқ” ўз баёнотидан жунбушга келиб: “Бирорта савол берадиган борми?” — деб қичқирди.

Бу дарранданинг бўҳтонларини эшитиб менинг қоним қизиб кетди. Ҳаяжон билан ўрнимдан турдим ва уларнинг башараларига тик қараб баралла овозда: “Сенинг бу бўҳтонларингга жавоб берадиганларни чиқариб, энди уларнинг руҳларидан жавоб сўраяпсанми?!” — дедим.

Ҳаяжонланганимдан нималарни сўзладим билмадим, лекин шуни сездимки, масжидга ваҳимали сукунат чўмган, бу сукунатда фақатгина менинг овозим баралла янграрди.

Тўсатдан: “Ушла, ушла” — деб бақириб қолишди. 

Тўрт томондан қуршаб олиб тепки ва муштлар ёғдира бошлашди. Камзулим йиртилиб, кўйлагим пора-пора бўлди. Сўнгра “назорат ходим”лари уриб сўкиб ташқарига қувишди. Уйга бордим. Онам, опа- сингилларим ҳолатимни кўриб ниҳоятда паришон бўлдилар.

Онажонимнинг паришонлигини тасаввур этиб бўлмас эди. Паришонлиги ҳақли эди. Кўз ўнгларида (ўғиллари эмас) уммати мусулмоннинг ҳашри бўлаётган эди. Бу ҳашрдан бизнинг хонадонимиз ҳам маҳфуз эмас эди.

Хавфсизлик ходимлари (НКВД) амаким, икки тоғам, поччам, икки холаваччам ва бир неча азиз қариндошларимни “диний пешво” деган ном билан уйларидан ушлаб кетишган эди. Ҳозиргача уларнинг қисматлари маълум эмас.

Онам сўрадилар: “Ўғлим, онанг сенга қурбон бўлсин, сени ким бу кўйга солди?” Мен ҳарчанд ҳийла қилиб алдашга уринган сайин, онамнинг қистовлари зиёда бўларди. Охири мажбур бўлиб, ҳамма воқеани сўзлаб бердим. 

Онажоним эшитиб йиғладилар. Можаронинг ҳаммасини тинглагач, менга қараб: 

“Кўзимнинг нури болам! Бу инсонлар, жоҳил ва бединдурлар. Ҳукумат шуларнинг қўлидадир. Бу беҳуда сафсатабозлар ҳақиқатнинг “ҳо”сига ҳам етмагандирлар. Уларнинг хурофоту туҳматлари дини-исломга қилинган очиқ бўҳтондан бошқа нарса эмас! Яхши…! Энди, сенинг тўғрингда ўйлашга тўғри келяпти. Юр, ҳозир таом егин” — дедилар.

Қалбим шунчалик безовта ва сиқилган эдики, таом ейишни ҳам хоҳламас эдим.

Онажоним ўз қўллари билан мажбуран бир неча луқма едирдилар. Кечанинг аксари ўтиб кетган эди. Онам ва укаларим менинг орқамда хуфтон намозини ўқишди. Онажоним мени ўз ҳужраларига олиб кетдилар ва бир китоб бериб:

“Ол ўғлим, мутолаа қил”— дедилар.

Мен китобни очиб қарадим, у Қозонда чоп этилган “Сийратун набий” нинг аввалги жилди эди. Онам кетганларидан кейин, мутолаага шўнғиб кетдим. Тун бўйи шу ҳолда ўтди. Субҳидамда онам келиб китобни қўлимдан олдилар-да, “ўғлим, энди озгина дам олгин” — дедилар.

Бир неча дақиқа ухлаганимдан сўнг, онажоним иккинчи бор келиб намози бомдодга уйғотдилар. Субҳ намозини ҳам жамоат билан адо этдик. Кун чиқиши билан, боғ ишларига машғул бўлдим. Икки укам мактабга кетди. Улар пешиндан кейин уйга келиб, онамдан сўрай бошлашди:

— Айтингчи онажон, коммунистлар диннинг душманими? Ошкора душманчилик қилишяпти-я!

Кейин маълум бўлишича, мактабда театр қўйишиб, унда намоз, рўза ва бошқа диний анъаналарга ҳамла қилиб масхаралашган экан. Онам укамларнинг гапини эшитиб қаттиқ ғазабланди ва коммунистларни қарғай бошлади. 

Эртасига мактабда укамлардан драма ҳақидаги ота-оналар фикрини сўрашибди. Шу сабабдан онамнинг “ҳуқуқи шаҳрият” (фуқаролик ҳуқуқи)дан маҳрум этдилар.

Шу ўринда онам: “Энди бизларнинг иймонимиз синаладиган вақт келди. Бу ифлос, разил табиат, фосиқ инсонлар ушбу заминда диний ҳиссиётли бирор кишини тирик қўйишмайди” — дедилар. Сўнгра мени четга чорлаб: 

“Ўғлим! Душман мени қачон қатл ёки сургун этиши маълум эмас. Бу ерда мусулмон бўлиб яшаш имкони қолмади. Сенга ҳижрат этишинг учун рухсат бераман. Бирор мусулмонобод мамлакатга бориб исломий ҳаёт кечиргин” — дея ижозат бердилар.

Шундан сўнг кўпинча вақтимизни махфий маслаҳат билан ўтказар эдик. Менга ота-боболаримдан қимматбаҳо ва ноёб китоблар мерос қолган эди. Онамнинг маслаҳатлари билан марҳум отамнинг олти газ қалинликдаги меҳмонхоналари деворини ўйиб токча қилдим-да, ҳамма китобларни токчага териб, лой билан сувоқлаб чиқдим. Ҳукумат биздан бу иморатларни тортиб олиб, бузмасдан бирор корхонага тортиқ қилишига ишончимиз комил эди. Онамнинг “ҳуқуқи шаҳрий” (фуқаролик ҳуқуқи)дан маҳрум этилганларидан 23 кун кейин, ҳижрат сафарига равона бўлдим.

(Давоми бор)