ТелиаСонера телеком ширкатининг Ўзбекистонда 3G лицензиясини сотиб олиш усулларини тергов қилаётган прокурорлар учинчи гумондорни аниқлашган.
Ширкат 2007 йилда Ўзбекистонда лицензияни сотиб олиш учун юзлаб миллион доллар пора тўлагани тергов қилинмоқда.
Телиа раҳбарияти хабар агентликларига прокурорлар эндиликда бу иш билан боғлиқликда уч кишини тергов қилаётганларини билдирди.
Телиа бу айбловлар асоссиз деб келади.
Ширкат воизи Саломон Бекеле учинчи гумондор эндиликда Телиа ширкатида ишламаслигини айтди. Қолган икки гумондор ширкатда ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Прокурорлар Телиа 3G лицензияси учун Гибралтарда рўйхатдан ўтган Такилант ЛТД фирмасига 2.3 миллиард швед кронасини тўлагани ва бу фирма аслида Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлганини билгани борасидаги айбловларни тергов қилишмоқда.
Швед маҳкамаси Такиланга тегишли мол-мулкни музлатган.
Телианинг илтимоси билан ҳуқуқшунослик идораси олиб борган мустақил тергов порахўрлик ёки пул ювиш ҳодисаси юз берганига далил-исбот топа олмаган, аммо керакли текширувлар олиб борилмагани туфайли порахўрлик қайсидир босқичда юз берган бўлиши мумкин, дея хулоса қилган.
Бу хулоса ортидан ширкатнинг собиқ раҳбари истеъфо берганди.
Айни дамда Телиасонеранинг янги бош ижрочи директори Мари Эйрлинг ширкатнинг хорижий бозорлардаги барча олди-бердиларини тубдан текширишга буйруқ берган.
Эйрлин хоним бу текширув учун мустақил ҳуқуқий идорани ёллашини билдирган. Мазкур текширув Ўзбекистон бўйича терговни олиб борган Майнхаймер Свартлинг терговидан анча катта бўлади.