Азиз дўстлар! Элу юртимиз бироз ўзгаришлар умидида энтикиб турган бир вазиятда бир нарса дейишга ҳам ҳайрон қоласан баъзан… Бу ҳақда ёзиш шартмикин деб ҳам қоласан. Мени майнинг ўрталарида “Шарқ юлдузи” журналига таклиф қилишди: “Шеърларингиз чиқаяпти 5-сонда, корректура ўқиб берасиз”, – дейишди. Мен: “Электрон почтага ташласа бўлмасмикин, ўқиб яна жўнатардим”, – десам: “Йўқ, шахсан ўқиб, имзолаб берарсиз… Наҳот шу баҳонада бизни бир кўришга келишга ҳам арзитмайсизми?” деб ҳазиллашган ҳам бўлишди. Бордим, ўқиб бердим. Шу сон муҳаррири Рисолатхон билан икки марта такрорланган тўрт сатрни олиб ташлаб, ўрнига бошқасини киритдик.
Бугун бир иш билан ЎЗТВдан чиқиб, шу атрофга келиб қолдим, бир таҳририятга кириб бир-икки дона журнал ола қолай деб, Ёзувчилар уюшмаси биноси томонга юрдим. Пастда бир ходимани кўриб қолиб, “май сони чиқдими” деб сўрагандим:”Бешинчи сон ҳам, олтинчи сон ҳам чиққан, Карим ака, фақат сизнинг шеърларингиз ичида йўқ… Тепадан бу киши “қора рўйхат”да, чиқарманглар, деб олиб ташлашди”, – деди.
Ажабланарли эмас мен учун бу ҳол (яқинда “Халқ сўзи”да ҳам менинг интервьюмни бошқа фамилияга алмаштириб чиқаришганди), аммо яқиндагина мартабали “Ўзбекистон овози” мақоламизни чоп этганди, яна икки кўп тиражли газета босганди.
Тепадагилар – бу кимлар? Ёзувчилар уюшмасими? Президент аппаратими? Бирор маҳкамами? Бу “қора рўйхат” ҳам бир ислоҳ қилинармикин бу “бошланган ислоҳотлар” асносида.
Тепадаги акаларга инсоф берармикин?
Бугун “Ижод олами” журналидан корректура олдим, саволлар жўнатиб интервью олишганди. Ўқиб бердим-у, буларнинг “тепаси” ҳам ўша Уюшма, ўша Аппаратлигини ўйладим. Ярми олиб ташланган интервью корректурасини ҳам, суҳбатнинг тўлиқ матнини ҳам сизларга илиндим:
“ИЖОД ОЛАМИ” ЖУРНАЛИ ТАҲРИРИЯТИ САВОЛЛАРИ:
1. Сизда адабиётга илк ҳавас қачон уйғонган, матбуотдаги илк чиқишларингиз, сўнгра биринчи китобингиз ўқувчилар қўлига етиб борган дамларни бир эслаб ўтсангиз.
Дабдурустдан бир нарса деб жавоб бериш қийин, албатта… Чунки ҳар қандай осон жавоб юзаки бўлиб қолади. Ҳар бир болада бўлгани каби мен ҳам кўп орзуларга берилганман. Бизнинг болалик давримизда энг ноёб овунчоқ – телевизор эди. Интернет, компьютер, мобил телефон, смартфон, айфон деган нарсалар ҳали дунёда пайдо ҳам бўлмаган эди. Ана шу телевизорда ҳам иккита дастури бўлиб, у ҳам баъзан тонгда, баъзан шомда бошланиб, кечқурун соат ўн бир-ўн иккидаёқ тугарди, бугунгидай кеча-кундуз фаолият юритмасди. Ана шу ойнаи жаҳонда бирор кино берса, дарҳол шуни таъсирига тушардик. “Қилич ва қалқон” киносини кўриб, разведкачиликни орзу қилардим. Кейин “Тўрт танкчи ва бир ит” фильми машҳур бўлганда танкчиликни орзу қилганман. Сўнг учувчилар ҳақида кино кўриб, учувчиликка ҳавас пайдо бўлган…
1972 йил эди, шекилли. Телевизорда Абдулло Орипов билан бир ярим соат учрашув берилди. У пайтларда ҳозиргидай экранда кадр бир минутда юз марта лип-лип алмашмас эди. Шоирни кўзини кўриб, шеърини тинглардингиз. Абдулла Орипов соатлаб кадрда кўзи чақнаб шеър ўқиган эди. “Ҳамза монологи”ни ўқигани ҳали ёдимда:
“Мени ўлдирдилар Шоҳимардонда…
Ўзимнинг тилимда сўзлаб юрганлар.
Улар кимлар эди?
Тўрвадан бўлак
Илинжи бўлмаган гадой хурофот.
Кейин “Генетика” шеъри жаранглади. Шоир йироқ-йироққа қарагани учун янада қисилган қисиқ кўзларини олисга тикканча, кўзларида ёш қалқиниб турган ҳолда олисдаги, кейин келадиган авлодга умид билан боқарди ва қонидаги жунбушга келган ҳисларига сабаб изларди: “Балким бирор бобом шаҳаншоҳ ўтган, балким томиримда дарвиш қони бор…”. Даврининг номукаммаллигидан, аждодларнинг хатоларидан ўксиниб, шоир ҳали мукаммал бир авлод келишидан умидвор бўлар эди:
Боболар дунёдан ўтдилар шундоқ,
Биз ҳам етукликка бўлмадимк тимсол.
Лекин сен бўларсан бокира мутлоқ,
Лекин сен яшарсан фаришта мисол…
Лабда табассуму кўза ёш билан
Сенга талпинаман, буюк набирам.
Ўша кунидан, ўша лаҳзалардан шоир бўлишни орзу қилдим. Шу бугунгача ҳам шу орзунинг ортидан юрибман, унинг изидан саргардонман. Журналистика билан шуғулландим, депутат бўлиб, сиёсат майдонида бўлдим. Халқаро ташкилотларда ишладим… Аммо буларнинг бари дилимдан ташқари, мен шоир бўлиш орзусидан кечганим йўқ… Абдулла Ориповнинг барча шеърларини ёд биламан ва умримнинг ярми улуғларга эргашиб ўтди. Кейин Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини тингладим: “Биз – олмамиз шохлардаги… Тўкмасинлар, айтингиз”. Норасидагилигича ҳаётнинг бешафқат оламига отиладиган қизларнинг ноласи, фарёди эди бу, ота-онасининг меҳрига тўйиб қолиш истаги, исёни эди бу.
Кейин Эркин Воҳидовни ўқидим. Барот Бойқобиловнинг “Шарқ камалаги” деган китобини ўқиб, ҳавас қилганман. Ўша шеърлар қандайдир Ҳамид Олимжон, Усмон Носир шеърларидай соф, бокира эди. Абдулла Шер – янги сўз, қадимий асрлар оҳанги. Кейин Рауф Парфи – ҳақиқий шеърият, санъат… Кейин улкан бир шиддат билан “шарттаки” бир авлод қаршимизда тик бўлди – Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Солиҳ, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Асқар Маҳкам… Тенгдошларимиз – Абдували Қутбиддин, Мақсуд Бекжон, Аъзам Ўктам.
Албатта, бир кўрсатув билан, бир юмалаб шоир бўлиб қолмас инсон. Ўша телевизордаги шеърият кечаси аслида бир турткидир, азалдан томирда оққан, кўп йиллардан бери етилган булоқнинг кўзини очгандир… Менинг момом – Ибодулло қўрбошининг қизи Зулфия онамиз доя ҳам эдилар, эртаклар ҳам айтардилар. Ибодулло қўрбоши бобомиз советларга қарши курашиб тоққа чиқиб кетганлар. Зулфия онамиз: “Ёш қиз бола эдик, қизил аскарлар келса, катта хумларнинг ичига беркинар эдик”, деб ҳикоя қилардилар. Бобомиз кечалари келиб оилаларидан, болаларидан хабар олар эканлар. Буни билиб қолган қишлоқ совети фаоллари бобомни тутиб берадилар ва у зот Испанза йўлида отиб ташланади. Ўн уч еридан ўқ тешган кўйлаклари оиламизда сақланади. Нимагадир авлодимизда бирор киши дардга чалинса, шу кўйлакни бошидан айлантириб, тиловат қилинса, тузалади, деган инонч ҳалигача сақланади… Бу хурофотми ёки анъана – билмадим… Тузалишимиз эса – рост, Аллоҳ шифо бергувчидир.
Зулфия онамиз ҳақида бир шеър ёзганман:
Қарс-қурс синди шишадай музлар,
Шитир-шитир чечаклар унди.
Яна қушлар учар ер узра,
Зулфи момо,
Сиз йўқсиз энди.
Қалдирғочлар қайтдилар бир-бир,
Чорбоғимиз бўлди шуълакон.
Мусичалар қайтди-ку, ахир,
Қайтмайсизми энди, моможон.
Юлдуз тўла кечалар само,
Яна офтоб куйдирар кундуз.
Ўша фалак, ўшандай дунё –
Кўролмайсиз уни сиз, афсус.
Онам йиғлаб тортади қатим,
Отам мен деб хўрсинар чуқур –
Сиз айтгандай одам бўлмадим,
Бу ҳолимни кўрмайсиз, шукур…
Момомнинг эртакларини тинглаганман, аммо отам – Абдулҳаким “босмачи” (бобомиздан мерос нисбат) ҳақиқий достон айтувчи эдилар. Улар биз Ургутда кечалари аччиқ тамакини ипга тизганда, қўшниларни ҳашарага айтиб, уч кеча-беш кечалаб “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш”, “Шаҳзода Баҳром ва Гуландом” каби қирққа яқин достонларни айтардилар. Икки юз – уч юз ривоятларни сўзлардилар. Қўшни қизлар, аёллар ўзларининг уйларида тамакиси бўлса ҳам, чиқиб бизникида ишлашарди, чунки достоннинг нима билан тугашини билиш керак-да…
Айтмоқчиманки, мени сўзга, шеъриятга тайёрлаган омиллар ичида шу ҳодисалар ҳам бор.
Мактабдаги машқларимни район газетасига олиб борганман, “Гулхан”, “Ғунча” журналларига жўнатганман. Бир хил жавоб келарди, бошида “шеърият олами”га кирганим билан табриклаган икки-уч илиқ жумла, охирида ҳали кўп изланиш, ўқиш кераклиги, бадиийликни ўрганиш зарурлиги ҳақида “тилак” билдириларди. Хатлар саккиз-ўнта бўлгач таниш жумлаларни солиштирсам, бир хил хатга фақат исму шарифни ва манзилни қўйиб жўнатишаверган экан. Орадан кўп йиллар ўтиб, ўзим Самарқанд ва Москов университетларини тугатиб, газетага ишга келгач, билдимки, халқ жуда китобхон, газетхон эди (1980-90 йиллар), қоплаб хатлар ёзар эди, ҳар икки одамнинг бири мен каби “шоир” эди. Буларнинг барини ўқишга ҳам, жавоб ёзишга ҳам имкон йўқ экан. Ҳаммага стандарт жавоб юборилар экан…
Илк шеърим район газетасида босилган. Газета муҳаррири Файзи Ҳайдаров шоир эдилар, атрофларида ҳам катта ва кичик ҳаваскор шоирлар йиғилар эди. Албатта, мактабда Навоий, Пушкин, Ғафур Ғуломни ўқиганмиз, аммо биз кўрган илк “тирик шоир”лар Файзи ака ва унинг дўстлари эди. У пайтда босилган шеърларимнинг содда ва жўн бўлганини бугун тушунаман, албатта. Табиат, далалар, илк муҳаббат каби мавзулар атрофида эдик:
Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар…
Сўнг Самарқанд давлат университететининг ўрис филологияси факультетида ўқишга кирдим. Унинг декани Василий Ларцев шоир эди. Бу факультет иттифоқда машҳур фразеология мактаби саналарди. Бу ердаги кўп тиражли газетада шеърларим ва таржималарим босилди. Бу дорилфунуннинг энг улкан адабиёт маркази профессор Нуриддин Шукуровнинг “Шалола” шеърият клуби эди. Бу давра адабиётга кўплаб истеъдодларони берган. Масалан, Омон Матжоннинг бу тўгарак ўқувчиларига баағишланган шеъри ҳам бор. Шу даврада кўп сабоқ олганман.
Республика матбуотида илк бор шеърларим Московда ўқиб юрган пайтимда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган. Ўша пайтлар унинг муҳаррири Одил Ёқубов эди. Тошкентдан Московга талаба укаларини кўргани борган опамиз Ҳулкар Ҳамроева (Аъзам Ўктамнинг аёли, опанинг укалари Фарҳод фалсафа факультетида биринчи курсда таҳсил оларди) ўзлари билан олган газеталар ичида менинг шеърим босилган “адабиёт ва санъат” газетамиз ҳам бор экан. Мен билан ўқийдиган Абдураззоқ Обрўев ётоқхонамизга шу газетани кўтариб келганди. Рости, қувонганман. Абдулла Ориповнинг “Баҳор” ҳақидаги шеърида “Дунё бугун шеъри чиққан шоирдай масрур” деган жумлалар бор. Ҳақиқатдан ҳам яшнаб кетганман шеъримни газетада кўрганда… Кейин Московдан шу газетага ишга келдим, мухбирлик қилдим, мақолалар ёздим. Бир қадар тилга ҳам тушдим.
Илк шеърий китобим 1990 йилда Абдували Қутбиддин эшон бобомиз муҳаррирлигида Шавкат Раҳмоннинг мадади билан Ғафур Ғулом нашриётида кўп минг тиражда чоп этилди… Иккинчи шеърий китобим “Томчидил” эса орадан 24 йил ўтиб, 2013 йилда Санжар Назарнинг кўмагида “Академнашр”да чоп этилди. Аслида биринчи китобимнинг номи “Томчидил” эди, Шавкат Раҳмон: “Абдулкарим, китобингга бошқа ном топгин, мен шу номда шеър ёзиб китоб чиқармоқчиман… Келишдикми, биродар!” – дедилар. Рози бўлдим. Аммо йиллар бўйи кузатдим, Шавкат аканинг шу номда китоби чиқмади. Кейин оламдан ҳам ўтдилар. Бу балким армон бўлгандир. Мана, ўзим энди иккинчи китобимни “Томчидил” деб номладим. Бу дилнинг инжалигини, умрнинг шабнам томчисидай омонатлигини, салга дилпарчин бўлишини, ҳаётнинг бебақолигини англатадигандай. Китобимда “Томчидил” деган ҳаётга тармашиб яшаш, ҳар лаҳза учун шукрона оҳангидаги шеър бор ва у Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган. Шундай сатрлари бор:
Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан нимадир кутдим,
Ниҳоят қутулдим қайғу, қўрқишдан.
Эмраниб, соғиниб шу кунга етдим,
Ўлмай ўтиб олдим яна бир қишдан…
Замин кетиб борар самода ўқдай,
Мен ҳам бораяпман омонат, гирён.
Нимадир кутарман ерданми, кўкдан…
Етиб олсам эди ёзгача омон.
2. Қандай устозларнинг таълимини олгансиз? Улар турмуш тарзингизга, ижодий фаолиятингизга қандай таъсир этган?
Устозларимиз бўлган, бирлари – бевосита, бошқалари билвосита таълим берганлар. Мен мактабда олис Россиядан, пединститутни тугаллаб, тоғ қишлоғига амалиётга келиб, муаллимасини севиб қолган ўнинчи синф ўқувчисига турмушга чиққан ва бир умр шу қишлоқда қолган Долорес Павловна Трофимовадан рус тили ва адабиётини ўрганганман.. Опа ҳозир ҳам ҳаёт. У киши берган билим билан аввал Самарқанд давлатуниверситети ўрис филологияси факультетида, кейин Москов давлат университетети журналистика факультетида осон ўқидим ва аълога битирдим. Адабиётдан сабоқ берган Неъматулло Исматовнинг Ҳамид Олимжонни берилиб ўқиганларини, Эргаш Мухторов домламизнинг дарсларини ҳамон эслайман.
Адабиётда мен ҳамма буюк шоирларни, ёзувчиларни, файласуфларни, тарихчи ровийларни устозим, деб биламан, кимни ўқиган бўлсам, илҳомланган, фикрим тўйинган, ҳисларим уйғонган бўлса – бари устозларимдир. Абдулла Ориповдан қанча баҳраланганимни айтдим. Албатта, олисдан ва ижодларининг муҳиби ўлароқ. Бевосита устозликка келсак, бир истиҳолани айтишим керак. Мен адабиётда ҳам, фанда ҳам, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам бир нарсани қабул қилолмадим. Бизда бағрикенглик етишмайди, буюк маслаклар йўлида бирлашиш ноёбдир, аммо майда манфаатлар, маҳаллийчилик, тарафкашлик асносида бирлашиш, тўдалашиш, оломонлашиш анъанаси кучлидир. Бу нарса устоз-шогирдликка ҳам, афсуски, соя солади. Бирор кимсани устоз дея этагидан тутсанг, унинг рақиблари сени ҳам талайди, фалон домланинг шогирди, деб кун бермайди. Бу бир сабаб бўлса, ўзимнинг узлатга мойиллигим яна бир сабаб бўлиб, мен бирор-бир муайян тўдага қўшилмадим, бирор бир устознинг теврагида парвона бўлганим йўқ. Қолаверса, ўзлари буюк бўлган ижодкорларнинг – айниқса улар бир лавозимда бўлса – атрофида ҳеч нарсани қойиллатмаган, аммо тўдага қўшилиб, манфаатдор бўладиган оломон лоп этиб пайдо бўлади. Ношир бўлса, фақат ўз тўдасининг китобини чоп этади. Танқидчи бўлса, фақат ўзиникини мақтайди, “буюк адиб ва шоирлар” рўйхатини мақолада келтирса, фақат ўз ҳамводий ёки ҳамвоҳаларидан тузади… Мабодо сен ҳам шогирдлик умида борсанг ҳам, яқинлаштирмайди. Афсуски, бошқа соҳалар каби адабиётда ҳам маҳаллийчилик, тўдачилик бор ва бу афсусланарлди ишдир. Албатта, булар “устози” амалдан тушса, дарҳол қочади ва янги “устоз”ни топади. Шуларни кўриб, мен бирор тўдага кирмадим ва бир дўстимиз мен ҳақда мақоласини “ёлғиз бўри” деб номлаганда ҳақдир.
Аммо улар шогирд демаса ҳам, мен ўзим адабиётда устоз деб билганим учта зотни айтиб ўтаман – Одил Ёқубов, Иброҳим Ғофуров ва Шукрулло. Уларнинг ҳар бири менга биттадан сабоқ берганлар Одил акадан – жасорат, Иброҳим акадан – маҳорат ва Шукрулло акадан маърифатни имкон қадар олдим. Иброҳим Ғофуровнинг сўзга муносабати, фикрининг оқими, тилининг нафосати ва ҳаёси, матнининг шиддати менга сабоқ бўлди. Инсон жуда буюк нарсаларни маҳорат ила ёзиши мумкин, аммо қўрқиб чиқармаслиги, чиқаролмаслиги мумкин, эҳтиёткорлигидан қалтираб туриши мумкин. Шунда жасорат керак бўлади ва бу Одил Ёқубовда бор эди. У ҳар қандай идора олдида ҳақ сўзни ҳимоя қилиш учун ўзида қудрат топа оларди. Маҳорати ва жасорати бор инсонга энди маърифат керак эди, чунки жуда нафис тил, инжа салоҳият ва чексиз жасорат ёвузликка ҳам хизмат қилиши мумкин эди. Ахир, Гитлер маҳоратли мусаввир эди ва жасорат билан кўчадан келиб (меҳмонхонада яшарди) ҳокимиятни олганди. Аммо ёвуз эди. Сталиннинг илк шеърларини Кавказ жадидлари журналларида ўқиш мумкин эди… Уларда маҳорат ва жасорат бор эди, маърифат йўқ эди. Мен маърифатни Шукрулло акада топдим. У кишини танимаган замонларда “Жавоҳирлар сандиғи” китобидан топган эдим. Кейин яқинлашдим, билдим. Бу инсонни Аллоҳ эрка қилиб қўйгандай. Гарчанд унча-мунча ғаюр, ҳасадчиларни орттирган бўлсалар-да, у зот бир кун ҳам амалда ўтирмаганлар. Одатда мансаб, бойлик инсонга душманларни ҳосил қилади. Шукрулло акада бир кун ҳам амал курсисида ўтириш бўлмаган. Аммо бир умр тўкисликда яшаяптилар. Тўқсон саккиз ёшдалар-у, фикрлари теран.
Шу инсонларга ҳавасда юрибман.
3. Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрларингиз қандай? Шоирга илҳом қанчалик зарур?
Албатта, бу саволларга осон, юзада турган жавобларни бериб кетса ҳам бўлади, аммо, жиддий қаралганда, унинг илдизлари чуқур. Бу ерда асосий сўз “илоҳийлик”дир. Бу соҳада бирор гап айтсанг, бир даҳрий томон сени “тақводор”ликда айбласа, диндорлар “диний таълим олмасдан, чуқурлашмаслик”ни сўрай бошлайди.
Шубҳасиз, Қуръони Каримда оятлар қофияланган ва ички оҳанги мавжуддир. Қуръон нозил этилган араб тилида шеърдай ўқилади, Аллоҳ яратувчидир. Ижод қилиш шу маънода илоҳийдир. Банданинг ижоди номукаммалдир, аммо дунё ва ундаги ҳар бир мавжудоти Аллоҳнинг ижодидир ва буларнинг барида Ижодкорининг иродаси вожибдир. Шеърнинг, сўзнинг яралиши ҳам гулнинг очилиши, бир ҳовуч дондан бир буғдойзор дала мавж уриши, бир томчи сувдан инсон яралиши каби илоҳий ходисалардир. Ижоднинг илоҳийлигини шу маънода англаш керак.
Аммо бировлар Қуръонда шоирларни “ёмонлаган оят бор”лигини келтиради. Қуръони Каримнинг “Шуаро” сурасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундоқ деган эди: «Ва шоирларга гумроҳларгина эргашур. Уларни ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишларини кўрмадингми?» Бундан бир неча йиллар аввал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари марҳум шоир Аъзам Ўктамнинг «Тараддуд» номли шеърий тўпламидаги баъзи шеърлари ҳақида ўз фикрларини билдирганда буни изоҳлаган эдилар: “Ҳаммага маълумки, бизнинг юртимиз Мовароуннаҳр – Туркистон бутун дунё шеъриятида ўзига хос ўрин тутган буюк шоирлари билан фахрланса арзийдиган, жаҳон халқлари шеърият хазинасига ўзининг олтин саҳифаларини, олтин байтларини бошини баланд кўтарган ҳолда тақдим этган бир юртдир. Албатта ана шу мақтовга сазовор шеърият, шеърий асарлар, шоирлар, уларнинг фаолияти, савияси, ҳамма-ҳаммаси шу диёрнинг қадимдан муқаддас дини бўлиб келаётган Ислом дини билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳам хеч кимга сир эмас. Улуғ шоирларимизнинг пур ҳикмат байтлари, Қуръони Карим оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, мусулмон уламолардан чиққан ҳикматларга йўғрилган эканлиги ҳам ҳаммамизга очиқ ойдин равшан. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийдан бошлаб мавлоно Лутфий ёки бошқа улуғ шоирларимизнинг номларини айтиш ўтишнинг ўзи ҳам жуда кўп вақт олади… Улар ўз ўз шеърларининг ҳикматга бой бўлишига Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Инна минаш шеъри лаҳикматан», ҳадисини шиор қилиб олганлар. Яъни, албатта, шеърда ҳикмат бордир деган маънодаги ҳадисларини”.
Мен ҳам Навоий ва исломнинг муштарак жиҳатлари ҳақида учта мақола ёзганман. Алишер Навоий – туркий дунё адабиётининг энг машҳур, энг буюк шоири, унинг асарлари туркий адабиётнинг энг юксак чўққиси бўлиб қолмоқда.
Навоийнинг ижодини тўла-тўкис ва бутун маҳобати билан англаш осон эмас ва бугун аён бўлмоқдаки, Навоий ижодини чуқур билиш унинг эътиқоди, иймони, тариқати ва мусулмонлигини эътироф этишсиз мумкин эмас. Навоийнинг юксак эътиқодли мусулмон эканлигини билсак, шундан келиб чиқсаккина шоир ижоди ўзининг янгича, асл моҳиятини очади. Навоий сўз санъати бобида қайси уммонлардан баҳра олгани ҳақида бир қадар ёзилган. Бироқ назарий-фалсафий жиҳатдан Навоий суянган эътиқод, илм масаласи ҳали деярли тадқиқ этилмаган. Адабиётшунос Султонмурод Олимнинг фикрича: «Дунёқарашу мафкура маъносида Навоий таянган манбаларнинг биринчиси – Қуръони Карим, иккинчиси – Ҳадиси Шариф, учинчиси – Қуръону Ҳадислардан келиб чиққан тасаввуф фалсафасидир. Тасаввуфда Навоий дохил бўлган тариқат – нақшбандиядир».
Навоийнинг иймон-эътиқодини назарда тутмасдан туриб, унинг зоҳидона фонийликда кечган ҳаётини ва ўз шахсиятини йўқ этар даражада ёлғизликда кечирган муҳаббатини яхлит тушуниш чорасиздир.
Алишер Навоий тасаввуфни шарҳлаб бир ғазал битган. Бу «Фавойид ул-кибар» девонининг 306-ғазалидир (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 6-жилд. Тошкент, 1990, 211-212 бетлар).
Тасаввуф ризо аҳлидин яхши ахлоқ,
Эрур истилоҳоти зебу такаллуф.
Ҳазрат айтадиларки, тасаввуф ризо аҳли, яъни борига қаноат қилувчилар учун гўзал ахлоқ бўлиб, унинг истилоҳлари сўфийга зеб бағишлайди, тасаввуф риё енгилгина йўл топадиган зоҳидлик, ўзини кўз-кўз қилиш эмас. Зоҳидлик – таркидунёчилик, тақво – Аллоҳдангина қўрқиш, тоат-итоат билан ибодатда бўлмоқдир. Навоий зуҳдда риёкорликни қоралаган, Аллоҳга бокира, бетаъма ошиқликни улуғлагандир.
Ҳамма яратилганлар фонийдир. Яратган боқийдир. Бу ўзини фано аҳли деб билган, ҳатто форсий ғазалларига «Фоний» тахаллусини қўйган Алишер Навоий эътиқодидир. Шайх ал-Колободий истилоҳ этадиларки: «Фано – бу барча насибалардан (лаззатлардан) узилишдир. Ҳақ унинг барча тасарруфини эгаллаб олади ва фақат Аллоҳ ишқи билан чегараланиб қолади. Унинг барча омиллари Аллоҳга топширилиб, бошқа барча лаззатли нарсалардан тийилиб қолади. Бу исматдир. Бунинг маъноси Аллоҳнинг: «Мен унинг қулоғи ва кўзи бўламан», – деган сўзидир. Бунда киши ўзи фикр қилган Аллоҳга овора бўлиб, бошқа нарсалардан фоний бўлади ва ундан нарсаларни яхши ёки ёмон деб ажратиш хусусияти кетади. Омир ибн Абдуллоҳнинг: «Мен аёл кишини кўрдимми ёки деворни кўрдимми, фарқига бормай қолдим», деганларидек». Навоийнинг оила қурмаганлиги, уйланмаганлигининг сабаби шунда ойдинлашади. Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг бокираликлари борасида лутф этиб айтганларки: «Бул ҳазрат дунёга келиб ҳаёт ҳирқасини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теккизмаганлар, футувват ва жўмардлик ёқаси, лаъли тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқазмаганлар».
Бир неча бор тараддудланиб, ҳажга боролмай қолган ниятлари учун каффорат сифатида Алишер Навоий Ҳиротдаги Ансорий қабристонида элу юртга эҳсон бердилар ва Аллоҳ ризоси учун ана шу қабристонда ўзи ёзгани каби «жарубкашлик» (супурувчилик, фаррошлик) қилдилар ва тоат-ибодат билан машғул бўлдилар. Бугун супурги тутган бош вазир Навоийни бир кўз олдингизга келтиринг! Аммо ўша замон эътиқоди ва Навоий иймони учун бу фақирлик ва Аллоҳ йўлидаги фанолик қанчалар табиий эди.
Ўз-ўзидан қониқмаслик, комилликка интилиш мусулмонликка хосдир. Абу Ҳасан Ҳарақоний айтганлар: «Умримга қараб етмиш уч йиллик ибодатларимнинг ҳаммасини бир соатлик қисқа кўрдим, гуноҳларимга боқиб Нуҳ алайҳиссаломнинг умридай узун кўрдим». Алишер Навоий ҳам ҳажга боролмаганликларидан ўкиниб, ўтган умрларига назар солиб лутф этадилар: «Аллоҳ-Аллоҳ, ул дурур шармандалиқ, Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ». Ул ҳазратнинг ишқлари пок эди ва бу ишқ ўлимни енгади, шоирни абадиятга дохил қилади: «Ишқ сени қилса, Навоий ҳалок, Пок эса ул ишқ, ўлумдин не бок?»
Ҳазрат Навоий зулмга қарши турдилар. Абу Лайс Самарқандий кўп илм ўрганганлар, китоб кўрганлар ва: «Гуноҳларнинг зулмдан-да каттароғи йўқдир», – деганлар. Алишер Навоийнинг ибодатлари – адолат эди ва садақалари – ҳақиқат эди. Ҳусайн Воиз Кошифий айтганлари каби: «Ҳақгўйлик охират кунида нажотдир». Алишер Навоийнинг ўзбек элига, миллий давлатчилигимизга ва адабиётимизга қилган хизматларининг ўзи беқиёс савоб ва ибодат эди.
Ижодкор учун илҳом керак, айниқса бадиий ижод илҳом билан ёзилиши керак. Бу тушунча ўз ичига кўп нарсани қамраб олади, менингча: илҳом онида жидду жаҳд, ҳис-ҳаяжон, дард, изтироб, ижобий бир ғазаб ва илму ишқ бўлмоғи керак. Мен илҳом келмаса, ойлаб бир ўзимдан бирор нарса ёзмайман, ўқийман, ўрганаман ва таржима қиламан. Шу билан овунаман.
Адабиётнинг илоҳийлиги – унинг эзгулиги, ҳаққа, ҳақиқатга ва ҳаёга ирода этилганлигидир.
4. Адабиётнинг жамиятда тутган ўрнини сиз қандай тасаввур этасиз ва адабиётимизда қандай анъаналар давом этишини, қандай иллатлар барҳам топишини истар эдингиз?
Бир жўн ўхшатиш қилсам (олмонлар ҳар қандай таққосда хато бор, деганлар аслида), адабиётнинг, адабий ташкилотнинг жамиятдаги ўрнини инсондаги виждоннинг ўрнига қиёслардим. Масалан, Фанлар академиясини ақлга, суд ҳокимиятини яхши-ёмонни ажратадиган, қонни тозалайдиган жигарга қиёслардим. Адабиёт жамиятнинг виждонига, эътиқодига дахлдордир, ўзининг энг эзгу ва улуғ намуналарида у шундайдир. Адиб ёки шоир ҳам идеалда тирик виждондир, ҳақгўй ва латиф инсондир. Публицистдар фарқли ўлароқ, ҳақиқатни билвосита, бадиий тарзда, лутф ва санъат билан айтадиган шахсдир.
Адабиётимизда катта маънодаги анъаналар – Навоий, Яссавий, Ҳувайдодан мерос иймон ва ишқ, Машраб, Сўфи Оллоҳёр ва Қодирийдан мерос жунун ва ҳақиқат, Чўлпон, Фитрат ва Рауф Парфидан мерос миллатпарварлик ва санъат, Шавкат Раҳмон, Асқар Маҳкам ва Аъзам Ўктамдан мерос шиддат ва жувонмардлик, Эркин Воҳидов ва Хофиз Хоразмийдан мерос латофат ва фасоҳат, Беҳбудий, Ойбек ва Абдулла Ориповдан мерос донишмандлик ва ҳикматдир. Шу анъаналарни давом эттириш керак ва бугунги дунёнинг технологияларидан фойдаланиб, ривожлантириш керак. Уларни замон суръати ва талотўпига бой бериб қўймаслик керак.
Маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, ҳасад, мансаб ва мол-дунё иштиёқи ва бошқа шу тахлит нафс қутқуларидан шартта воз кечиш учун куч ва чидам топиш керак.
5. Бугунги ўзбек адабиётини янада ривожлантириш учун нималар қилиш зарур деб ҳисоблайсиз?
Ижод – индивидуал, хос жараёндир. Шеър ёзаётган ёки бошқа бир асар яратаётган инсон қўлидаги қоғозу қалами билан Аллоҳнинг қошида ёлғиз турган кишидир. Адабий ташкилотлар унга асар яратиб беролмайди. Ижодкорга ҳаёт ва турмуш ташвишларини енгишда мадад берилса, бўлди.
Адабиётни ривожлантириш учун ижод қилиш керак. Бунга турмушдан ортиб, вақт топиш керак. Умр – ўткинчи, қоладигани – ҳақиқий асарлар. Ўткинчи, дунёвий нарсаларга эмас, боқий нарсаларга – ижодга вақт топиш керак. Вақтни авайлаш керак, чунки омонат бу ҳаёт аслида дувиллаб тўкилаётган қумдай сирғалиб ўтаётган вақтдангина иборатдир.
Карим Бахриев