ББС радиоси ўзбек бўлимидан 2001 йил 9 октябр куни берилган давра суҳбати матни
(Суҳбат қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда)
Радио ходими Ҳамид Исмоилнинг саволи: Ўзбекистоннинг Афғонистонга қарши АҚШ бошлаган ҳарбий ҳаракатларга қўшилиши Ўзбекистон демократик кучларига манфаат келтирадими?
Муҳаммад Солиҳ: Демократик кучларга қандай манфаат келтиришини билмайман, аммо Ўзбекистон раҳбари жаноб Каримовга манфаатлар келтириши мумкин. Яъни, жаноб Каримов бугун Американинг қўли билан ўзининг душманларини йўқ қилиш имконини ахтараяпти ва шу имкон ҳозир, менимча, унда бор. Бу имкондан қай даражада эффектив фойдалана олади, буни вақт кўрсатади.
Ҳамид Исмоил: Мана, Ўзбекистон ичидан қараганда, исломий нуқтаи назардан қараганда, Абдуқуддус, сизга ҳам шу баҳо тўғри кўринадими, йўқми?
Абдуқуддус Мирзаев: Бу воқеа Ўзбекистонга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Қандай маьнода салбий таъсир этиши мумкин?
А. Мирзаев: Бу ҳарбий ҳаракатлар инсон ҳуқуқлари аҳволига салбий таьсир кўрсатиб, мухолиф фикрлиларга нисбатан янги тазйиқларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Саволим исломшунос олим Толиб Саидбоевга. Марказий Осиёга кириб келаётган Ғарб мамлакатлари, биринчи навбатда, АҚШ геостратегик куч сифатида минтақада Русия билан рақиб кучларга айланадими ёки Русиянинг сўнгги баёнотларини назарда тутадиган бўлсак, бу ерда янги мувозанат юзага келаяптими?
Толиб Саидбоев: Менимча, янги мувозанат юзага келаяпти, масалага фақат ислом дини нуқтаи назаридан эмас, кенгроқ қараш керак. Биринчи навбатда, АҚШ қилаётган иш муваффақиятли якунланса, яъни толиблар ҳукумати тез вақт ичида йўқ қилиниб, янги ҳукумат қурилса, бу Ўзбекистон халқи учун, мусулмонлар учун жуда катта иш бўларди. Лекин бу уруш қанчага чўзилади? Америкаликлар мақтанишаётувди олдин «нуқта-нуқта бомбардимон қиламиз-у, тез кунда ғалаба қиламиз» деб, энди ҳозир ойларгача чўзиладиган уруш тўғрисида гап кетаяпти. Мана, москвалик сиёстшунослар ҳисоблашаяпти, агар Афғонистондаги уруш чўзилиб кетса, энг камида 300 минг афғон қочқини Ўзбекистон ва Тожикистонга келади. Мана, маьлумки, Ўрта Осиёда анча қийинчилик, ғалла бўлмади, яна 300 минг халқ келса, халқнинг аҳволи янада оғирлашади. Ва ижтимоий ва иқтисодий аҳвол янада кескинлашиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Бошқаларга саволим, Ғарб кучлари ўз вазифаларини у ёки бу миқдорда адо қилиб, мана, Саидбоев айтганларидай, қочқинлар муаммосини юзага келтириб, минтақани тарк этадиган бўлса, Ўзбекистон ўзининг ҳозирги ҳаракатлари гаровида қолиши хавфи борми?
М. Солиҳ: Бизнингча, Ўзбекистон олдида иккита таҳлика турибди. Биринчиси, ҳурматли олимимиз айтганларидай, қочқинлар муаммоси. Мутахассисларнинг айтишларига кўра, Афғонистоннинг шимолий минтақаларида, 100 мингга яқин кишининг Қирғизистон ёки Тожикистонга ва қисман Ўзбекистонга қочиб ўтишга шайланаётганлари ҳақда хабарлар бор. Бу қочоқларнинг Марказий Осиёдаги беқарор вазиятни янада беқарорлаштириши турган гап. Америка бизга душманларимизни йўқ қилиб беради, биз эса, теннис ўйнаб юрамиз, деб хаёл қилаётган Ўрта Осиёлик раҳбарлар бу хомхаёлга кўп берилмасинлар, бу хавфнинг олдини олишни ўйласинлар, чунки мамлакат бугун ҳақиқатдан ҳам жиддий хавф остида – мамлакат ичкарисидан янада чуқурлашуви муқаррар бўлган истиқрорсизлик келаяпти хавф сифатида.
Исломий ҳаракатга келадиган бўлсак, албатта, ундан ҳам хавф ҳали йўқ бўлди, Америка у билан ҳисоблашиб бўлди, деган хомхаёлга кўп берилмаслик керак; мантиқан олиб мушоҳада юритадиган бўлсак, Жума Намангонийнинг гуруҳи бугунги вазиятнинг ўзи учун ё ҳаёт, ё мамот эканлигини, албатта, билади. Толибларга қўшилиб ҳаракат қилиш ва америкаликларга ва шимолий альянсга қарши жангга кириш – исломий ҳаракатни ҳам аскарий, ҳам сиёсий жиҳатдан йўқ қилиш, дегани бўлади. Чунки, бу – Ўзбекистонда ўзларига таянч деб билган гуруҳларнинг ҳафсаласини пир қилиши турган гап. У ҳолда, улар ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракати эмас, балки Афғонистон исломий ҳаракати, деб атагани тўғри бўлади, деётганлар пайдо бўлаяпти ҳозир баъзи интернет саҳифаларида.
Шунинг учун бу гуруҳ Ўзбекистонга киришга уриниб кўриниши турган гап, хусусан, Фарғона водийсидаги халқ орасида бўлган ўз хайрихоҳларини йўқотмаслик учун ҳам бу фурсатдан фойдаланишга ҳаракат қилишлари мумкин. Ўзбекистондаги расмий пропаганда «халқ уларни қўллаб-қувватламайди», деб минг жар солса ҳам, водийдаги аҳволни кўрган одам, у ердаги аҳолининг қашшоқлик ва зулмдан «ким келса-келсин, бу зулмдан, бу сафолатдан бизни қутқарсин», деб турганига гувоҳ бўлади.
Ҳ. Исмоил: Шу ерда гапингизни бўлсак-да, водийдан туриб гапираётган Абдуқуддус Мирзаевга мурожаат қилсак. Исломий омилни оладиган бўлсак, ғарбий кучларнинг минтақага кириб келиши, мусулмон мамлакатларининг баъзиларида раддия намойишларига сабаб бўлмоқда. Худди шундай раддиячилар Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлиши мумкинми, исломий гуруҳлар яна ҳам радикаллашиши мумкинми?
А. Мирзаев: Бундай хатар Ўзбекистонда бўлмаслиги мумкин, ҳукуматнинг қаттиқ сиёсати бунга йўл қўймаслиги мумкин. Аммо бугунги вазият Афғонистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасига узоқ йиллар давом этадиган адоват уруғини сепиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Бугунги вазият исломнинг радикаллашишига сабаб бўлиши мумкинми? Профессор Толиб Саидбоев, марҳамат.
Т. Саидбоев: Албатта, агар уруш чўзилиб кетса, қочқинлар Ўзбекистонга кела бошласа, айрим радикал ёшлар кучайиб ўз таьсирини ўтказишга ҳаракат қилишлари мумкин. Лекин иккинчи томондан, менимча, афғон ва ўзбек халқининг тарихий ва сиёсий ривожи бутунлай бири-биридан фарқ қилади. Ўзбекларнинг асосий қисми толибларни қўллаб-қувватламаса керак, чунки ўзбек халқи бошқача турмушни кўрган, бошқача турмуш олиб бораяпти ва толибларнинг Афғонистонда нима қилаётганини ҳам билади. Шунинг учун радикал гуруҳлар бўлгани билан, бу гуруҳлар кенг омма орасида тарқалмаса керак.
Х. Исмоил: Ҳамма ҳам шу фикрга қўшиладими?
М. Солиҳ: Бу радикал кучларнинг сонини, албатта, биз билмаймиз. Лекин бир нарса маълум – оғир иқтисодий вазиятда радикаллашишга тайёр бўлган ижтимоий қатлам миқдори анчагина. Аммо мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Мана, америкаликлар «террорни илдизи билан йўқ қиламиз», деб чиқишди, бунга бутун дунёнинг катта давлатлари дастак беришмоқда, албатта, биз ҳам бу шиорни қўллаб-қувватлаймиз ва шу ўринда америкаликларга шундай бир мурожаат ҳам қилишим мумкин: мадомики, сиз бутун дунёда террорнинг илдизини қирқишга бел боғлабсиз, бизнинг минтақада бу илдизларни ўша ердаги халқнинг ўзи кўрсатиши керак. Албатта, жаноб Каримов ёки жаноб Назарбоев ёки Туркманбошилар террорнинг илдизи сифатида ўзининг душманларини кўрсатаяпти. Масалан, жаноб Каримов Жума Намангонийни террорнинг илдизи сифатида кўрсатиб бўлди, аммо Жуманинг ташкилоти террорнинг илдизи эмас, унинг меваси. Бу мевани етиштирган нарса – Ўзбекистондаги ўша режимнинг ўзи, унинг мусулмонларга қарши қилаётган зулми. Демоқчимизки, фақат Афғонистонни бомбалаш билан иш битмайди – террорнинг илдизини унутмаслик керак. Умид қиламизки, «террорнинг илдизини йўқ қиламиз», деб майдонга чиққан мамлакатлар буни унутмайдилар.
2001
(84)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (241-245-саҳифалар.)