O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Террор ва жиҳод

Террор ва жиҳод
145 views
14 September 2012 - 14:06

Намоз Нормўмин

 1999 йилнинг кузида оилам билан сиёсий муҳожир сифатида Норвегияга келдик. Бир ҳафтадан кейин норвег тилини ўрганиш учун мактабга қатнай бошладик. Мактабда тил дарси билан бирга Норвегиянинг тарихини ҳам ўргандик. Иккинчи жаҳон урушида Норвегия Оврупонинг кўпгина давлатлари каби Гитлер фашистлари тарафидан босиб олинган экан. Норвегиялик фашист Видкун Абраҳам Қуислинг (Vidkun Abraham Quisling) немис босқинчилари билан ҳамкорлик қилади ва бунинг эвазига у Норвегия Бош Вазири лавозимини эгаллайди. Аммо норвегиялик ватанпарварлар немис фашистларига қарши партизан урушини олиб борадилар. Ва ниҳоят 1945 йилда Норвегия озод бўлгандан кейин фашистлар билан ҳамкорлик қилган Видкун Абраҳам Қуислинг мунофиқ сотқин сифатида маҳкама тортилиб, ўлим жазосига маҳкум қилинади ва бу жазо отиб ўлдириш билан ижро қилинади…

….2011 йилнинг ёз кунлари эди. Ослода таржимонлик қилиш учун ишхонага кетаётган эдим. (Ўзбекистондан чиққандан кейин сиёсий фаолиятим сабаб бўлиб, докторлик касбимни давом эттира олмадим). Ишхонага уч юз метрча масофа қолганда қаёқдандир даҳшатли портлаш овози келди. Бу қўрқинчли ва мудҳиш бир овоз эди. Хаёлимга Осло марказидаги баландлиги 200 метрга яқин иншоат крани йиқилди, деган ўй келди. Шу тарзда ишхонага етиб келдим. Бироздан кейин бинонинг ичи тўс тўполон бўлиб кетди: “Ослода террор…террор…терррор…”

Таржимонлар бир чеккада ўзимизга вазифа берилишини кутиб ўтирган эдик. Бу даҳшатли хабардан асосан мусулмонлардан иборат бўлган биз таржимонларнинг нафасимиз ичимизга тушиб кетди. Ҳамма чўнтак телефонига ёпишди. Кимдир интернетга кириб сўнгги хабарларни ўқишга, кимдир Ослода бўлган яқинларига телефон қилишга уринарди. Бу орада мусулмон таржимонлар араб тилида бир биримизга “энди тамом бўлдик, уйимиз куйди”, дея шивирлашдик. Чунки ҳамма қатори Ослодаги террор ҳаракатини мусулмонлардан бири амал оширган, деган шубҳада эдик. Орадан 10 минутча вақт ўтди. Ўғлим Озодбек телефон қилиб, қаердалигимни сўради. Мен Ослодаман, дедим. Ўғлим “онам сизни уйга келсин, деяпти”, деди…

Уйга келдим ва бироз дам олгач шом ва хуфтонни ўқиш учун масжидга чиқдим. Жамоат қайғули ва қўрқув ичида эди. Норвегияда икки юз мингга яқин мусулмонлар яшайди. Худо кўрсатмасин, бу террор балоси Норвегиядек тинч ва бой давлатда мусулмонларнинг қатлиомига сабаб бўлиши мумкин эди…

Ёз кунларида Ослода қуёш кеч ботади. Шом намози соат кечаси ўн ярим, хуфтон эса соат ўн икки атрофида ўқилади. Мен масжиддан уйга қайтиб келганимда соат кечаси бирга яқинлашиб қолганди. Биз норвегиялик Пер Ўйвингнинг (Per Oyving) уйида ижарага турамиз. Ўша кечаси уй эгаси менинг келишимни кутиб тургандек, машинамнинг моторини ўчиришим билан, ёнимга келди. “Эшитдингми”, деди у. “Террорист норвег йигит экан”. Чидай олмадим, уй эгасига шундай савол бердим: Террорчи мусулмон эканми? Билмайман, деди у аммо миллати норвег…

Бу хабардан қушдек енгил бўлиб, иккинчи қаватга, яъни уйимизга учиб чиқдим. Кеча соат иккига яқин Норвегия телевидениеси осло террористининг исмини очиқлади: Бу маҳаллий фашист Андерс Брейвик эди….

“Мусулмонларнинг ҳаммаси террорист эмас. Аммо ҳамма террористлар мусулмонлардир”. Бу шу кунларда ўн бир йиллиги нишонланаётган 2001 йилдаги Нью Йоркдаги террор ҳужумларидан кейин дунёни асир олган ташвиқотнинг (пропаганданинг) малзамаси эди. Токи норвег фашист Брейвик 2011 йил ёзида Ослонинг кулини кўкка совуриб, 77 бегуноҳ ёш инсонни қатл қилмагунча бу ташвиқот малзамаси ўз машҳурлигини йўқотмади…

2001 йил 11 сентярбда Америкада амалга оширилган террористик ҳаракат фоили мажҳуллигича (фаоллари номаълумлигича) қолмоқда. Аммо бу 21 аср бошланишининг буюк фитнаси эканлиги бир ҳақиқатдир. Уни амалга оширганликда гумон қилинган Усома бин Ладен Покистонда ўлдирилди. Айтишларича у америкалик солдатларга қаршилик қилмаган. Унинг жасадини ҳам ўлимдан кейин ҳеч ким кўрмади. Матбуотда жасаднинг денгизга отилгани ҳақида хабар тарқатилди. Бу террористик ҳаракат баҳона қилиниб, аввал Афғонистон, кейин Ироқ ғарб кучлари томонидан ишғол қилинди. Бу ишғолларда бир миллионга яқин кишининг ўлдирилгани тахмин қилинади. Яъни, бу ерларда ҳақиқий маънода дунё террори амалга оширилди…

1999 йил февралида Тошкетда портлашлар содир бўлди. Ҳукумат жазавага тушиб мухолифатни айблай бошлади. Кейин бу террорни диктатор Каримов ҳукуматининг ўзи амалга оширгани марҳум Зайниддин Асқаровнинг эътирофлари билан маълум бўлди. Бу Гитлер фашистларининг Берлиндаги Рейхстаг биносини портлатиб юбориб, кейин буни мухолифларига юклагани каби бир террор ҳаракати эди…Русияда иккинчи чечен урушидан олдин Москвада бир неча бино портлатиб юборилди, кўплаб одамлар ўлди. Кейинчалик буни чеченларга қарши янги урушни очишга баҳона сифатида рус ҳукуматининг амалга оширгани маълум бўлди.

Террор нима ўзи деган саволга жавоб бериш албатта осон эмас. Бу саволга менинг жавобим: Террор қандай мақсадда бўлмасин ва қандай усул билан бўлмасин, ҳатто ҳийла ва макр билан бўлса ҳам, тинч аҳолини қатлиом қилишдир. Бу таърифда ҳийла, макр ва тинч аҳоли омили муҳимдир…

Урушлар инсоният тарихида ниҳоя топмаган. Уруш бугунги кунда ҳам, ҳеч шубҳасиз келажакда ҳам ниҳоя топмайди. Инсоният нон ва сувсиз яшай олмагани каби, афсуски урушларсиз ҳам яшай олмайди. Урушлар одатда босқинчилар ва турар жойлари душманлари томонидан ишғол қилинган ватан, дин ва миллат ҳимоячилар орасида содир бўлади. 19 асрнинг ўртасида бундай уруш рус босқинчилари ва Туркистонни улардан ҳимоя қилганлар орасида содир бўлганди. Бу уруш кейинроқ, яъни 1920 йиллардан бошлаб аслида босмачи (террорист) бўлган қизил советлар билан Туркистонни улардан ҳимоя қилган озодлик курашчилари орасида қайта содир бўлди. Босқинчи террористлар, яъни қизил советлар ҳийла пропагандасини йўлга қўйдилар ва шу шаклда Туркистонни совет террористларидан ҳимоя қилганларга босмачи (террорист) тамғаси урилди. Бундай миллий озодлик урушлари Норвегия ва Францияда Гитлер фашистларига қарши олиб борилганди. Жазоир халқи бундай урушни франция босқинчиларига, ливия халқи эса италиялик босқинчиларга қарши олиб борган эдилар. Бугун бундай озодлик урушлари Афғонистонда, Ироқда, Фаластинда ва дунёнинг бошқа жойларида давом этмоқда. Яъни, бу озодлик урушлари иккинчи жаҳон урушида Норвегияликлар ёки Францияликлар олиб борган озодлик урушидан фарқ қилмайди. Орадаги фарқ Ироқ ва Афғонистон халқининг мусулмонлиги ва Исломда бу озодлик урушларининг жиҳод, деб аталишидир.

Қуръони Каримда жиҳод ҳақида нозил бўлган илк оят Ҳаж сурасининг 39 оятидир:

“Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир”. (Демак, кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган. Мусулмонлар ҳужумга ва зулмга учраганлар. Энди улар ўзларини ҳимоя қилмасалар, бўлмайди. Кофирлар уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин. Мусулмонлар урушга кирсалар, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир.) (Ҳаж сураси 39 қаранг:quran.uz

Жиҳод Исломда ғоя эмас, унинг воситаларидан бири эканлигининг далили бу оятларнинг Макка босқичидан кейин, яъни мусулмонлар даҳшатли қийноқлар ва тазйиқлар натижасида ўз юртларини ташлаб, ҳижрат қилишга мажбур бўлганликларидан кейин нозил бўлганлигидир.

Жиҳоднинг шартларидан бири аёллар, болалар, қариялар, улар яшайдиган маконлар, дарахтлар, дарёларга зарар бермасликдир. Яъни, жиҳод олиб боришда бугун террор тушунчасига кирадиган тинч аҳолини қатлиом қилишга ўрин йўқдир. Жиҳоднинг хусусиятларидан бири эса тажовузкор бўлмаслик, яъни уруш ҳаракатларида ҳам ҳаддан ошмасликдир:

“Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас.” (Бақара сураси 190)

Яқин тарихда Русияда Бислан фожеаси, Москвадаги метро станцияларида портлаш каби террор ҳодислари содир бўлди. Бу воқеалар содир бўлганда мен уларнинг террор ҳаракати эканлигини айтганман. Аммо Чеченистонда икки юз мингга яқин фуқаро, шу жумладан 30 мингга яқин ёш болалар қатл қилинди. Бу террорни ким ва нима учун амалга оширди? Бу Бисландаги террордан юз марта кўпроқ ва каттароқ террордир. Худди шундай Нью Йорк ҳужумларида 3000 га яқин инсон қурбон бўлди. Шундан кейин бошланган Афғонистон ва Ироқ урушларида эса бир миллион (!) киши қурбон бўлди. Яъни, бу террор Нью Йоркдаги террордан уч юз марта катта, кўпроқ ва даҳшатлироқ бўлди. Энг муҳими бу катта ва қўрқинчли террорларнинг давлатлар томонидан амалга оширилиши эди. Яъни ҳеч шубҳасиз, кичик террор ва катта террор ўртасида узвий боғлилик бор эди…

Бундай давлат террорини бугун Сурияда мусулмон халқни қатлиом қилаётган террорчи диктатор Башар Асад ва мана чорак асрки Ўзбекистоннинг 30 миллон аҳолисини асир олган, бу халқнинг вакилларини қиёноққа солаётган, ўлдираётган, сургунга сураётган, уларни бутун инсон ҳақларидан маҳрум қилаётган террорчи диктатор Ислом Каримовлар ҳам амалга оширмоқдалар.

Бугун дунёмиз мана шундай мудҳиш ва қўрқинчли террор муҳитига (атмосферига) асир тушганга ўхшайди. Бунинг сабабини бир жумла билан албатта тушунтириб бўлмайди. 21 асрнинг ҳақиқатини тушуниб етиш учун, худди Париждаги Эйфель ёки Тошкентдаги Ғалаба паркидаги юксак миноралардан бу шаҳарларнинг турли бурчакларини кузатган каби, 2012 йилнинг чўққисидан 20-асрга синчковлик билан назар ташлашимиз керак бўлади. Чунки инсоният тарихида террор асри дея исм бериладиган аср менимча айнан 20- асрдир. Бу асрда содир қилинган икки жаҳон урушида, бошқа урушларда, турли инқилобларда юз миллионга яқин киши қатл қилинди ёки мажруҳ бўлиб қолди. Фақатгина СССР деган империяда шиори “Яшасин ишчи деҳқон террори” бўлган диктатор Лениннинг сохта ғояларини амалга ошириш учун ўнларча миллион кишининг ҳаёти қурбон қилинди. Яна бу асрда мусулмон дунёси мухолифлари томонидан асир олинди ва мусулмонларнинг бошига Саддам Ҳусайн, ота ўғил Асадлар, Ҳусни Муборак, Зайналобидин бин Али, Муаммар Каддафий, шуларга ўхшаган золим ва террорчи қироллар ва подишоҳлар келтирилди. Яна бу асрда Туркияда фаолиятини ҳарбийлар ва маҳаллий мунофиқ буржуазия вакиллари ташкил қилган бир сирли давлат террор ташкилоти қурилди. Бугунги кунда бу ташкилот “Эргонокон” номи билан фош қилинди ва ниҳоят бу террор ташкилотининг фоиллари бирин кетин қўлга олиниб, улар устидан маҳкама жараёни бормоқда. Бу ишлар қандай амалга оширилди ва нима учун амалга оширилди? Бугуннинг террор муаммосининг сабаби билан қизиққанларга албатта 20 асрнинг ғоявий ва сиёсий фитна, фасодларини диққат билан ўрганиб чиқишни тавсия қиламиз. Энг асосийси, фитна ва террор юз йили бўлган 20- асрнинг инсоният тарихида кўрилмаган даражада моддий қадриятларга (материализмга) асосланган “тараққиёт” асри эканлигидир. Яъни, бу асрда инсониятнинг, уни ташкил қилган халқларнинг ва давлатларнинг фалсафаси моддий бойиш ва бу йўлда бир бирини аямасдан маҳв этишдан (қиришдан) иборат бўлганди. Ахлоқ, умуминсонийлик, тинч тотув яшаш, муроса каби қадриятлар эса четга улоқтирилганди. Ҳозирда дунёмизда ҳукмрон бўлган террор муҳити ҳеч шубҳасиз 20- асрдаги мана шу маънавиятсизликнинг натижаси ўрнида кўрилиши керак.

Сўзни иккинчи жаҳон урушида ўз мамлакатини немис фашистларига сотган норвегиялик мунофиқ сотқиннинг қиссаси билан бошлаган эдик. Айтиш керакки, террорнинг асосий воситаси ёлғон, ҳийла, фитна, ҳавойи нафсни қондириш йўлида тўс тўполон ва қирғин чиқаришдан иборатдир. Яъни, террор мунофиқларга ярашадиган ва тарих бўйича уларнинг касбига айланган даҳшат амалидир. Мусулмонлар орасида бундай мунофиқларни таниб олиш унчалик қийин эмас. Чунки улар тинмай ёлғон гапирадилар ва ҳийла ишлатадилар, омонатга хиёнат қиладилар, сўзларида (ваъдаларида) турмайдилар, Исломни ва мусулмонларни ёмон кўрадилар ва Исломнинг мухолифлари билан бирга мусулмонларга қарши уруш қиладилар. Шунинг учун бирор жойдан террор хабари келадиган бўлса аввал бу ишда давлатнинг қўли борми ёки буни қайси мунофиқлар амалга оширди экан, деган савол туғилиши табиийдир. Албатта, мунофиқларнинг бундай фитналарига ғазаб билан жавоб берадиган радикал гуруҳлар ҳам топилади. Аммо ишнинг бошида , фитнанинг бошида доимо мана шундай эътиқодсиз, устоози шайтон бўлган кимсалар, гуруҳлар, давлатларнинг махфий хизматлари туришлари маълум ҳақиқатдир. Шунингдек, юқорида таъкидлангани каби, ҳозирда содир қилинаётган катта ва кичик террор ҳаракатлари орасида ўзаро узвий боғлилик борлиги ҳам унутилмаслиги лозим.

Изоҳлар:

Мен бу мақолани ёзаётганимда сайтимизда журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг ушбу мавзуга бағишланган қизиқарли мақоласи эълон қилинди. Унда 2001 йил 11 – сентярда Нью Йоркда содир қилинган террор ҳаракатига оид муҳим тафсилотлар ўрин олган, деб уйлайман. (uzerk.org)
Бу кунларда Америкада пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)ни ва Ислом динини ҳақорат қиладиган янги фильм намойиш қилинди. Бу ўз ўрнида бутун дунёда мусулмонларнинг ғазабини келтирди. Натижада АҚШнинг Ливиядаги элчиси ўлдирилди. Яъни, фитначи мунофиқлар янги тўс тўполоннинг бошланишига сабаб бўлдилар. Туркиянинг “Хабартурк” телевидениеси (haberturk.com) бу фильм муаллифи Сам Басила (Sam Basila) ўз фильмини сиёсий фитна (террор) майдонга чиқариш учун ишлаганини эътироф қилди, дея хабар тарқатди. Бу ҳодисада асл террорист ким? Фильм муаллифими, АҚШ элчисими ёки уни ўлдирганларми? Албатта, фильм муаллифи. Шу билан бирга Ливиядаги АҚШ элчисининг ва элчихона ходимларининг ўлдирилишини ҳам ҳеч ким маъқуллай олмайди. Агар дунёдаги террор ҳодисалари мана шу шаклда тадқиқ қиладиган бўлса, уларнинг илдизини осон топиб олса бўлади. Натижада халқлар, давлатлар, динлар ўртасида муроса ва тинчликни ўрта чиқарадиган муҳит яратишнинг имкони пайдо бўлади.
“Ўрта Йўлни қандай топамиз?” номли туркум мақолаларга ҳурматли ўқувчилардан, мени шахсан таниган ёки матбуот орқали танишган дўстларимиздан интернет тармоқлари орқали кўплаб изоҳлар, қўллаб қувватловчи фикрлар, саволлар ва баъзи танқидий фикрлар олаяпман. Улардаги асосий фикр жамият тараққиётининг ўрта йўли, дейилганда нима тушунилади, деган масаладир. Мен бу туркум мақолаларда эътиқодий, сиёсий, ҳуқуқ, миллийлик, таълим тарбия, оилавий муносабатлар, шахс ва жамият ҳаётининг бошқа қирраларида меъёрийлик, мўътадиллик, Қуръони Карим таърифи билан айтганда васот (ўрта) йўлнинг таърифи ҳақида ўз мулоҳазаларимни билдираяпман ва бундан кейин билдирмоқчиман иншаллоҳ. Зеро, Ислом динининг бир томондан дунёпарастлик (моддапарастлик, материализм, таркиохират) йўли ва иккинчи томондан роҳиблик (таркидунёчилик, дунёвий қадриятлардан воз кечиш) йўллари орасида ўрта йўл эканлиги маълумдир. Аммо ҳозирги кунда инсонларимизнинг динга муносабатлари илм етарсизлиги, Ислом дини ҳақида турли қарашлар, шу жумладан бу муҳим масалада атайин тарқатилаётган нохолис қарашлар мавжудлиги ва мусулмонларнинг ҳам турли жамоаларга бўлиниб кетганлиги Ислом динида унинг руҳини ифода қиладиган мана шундай ўрта йўл нимадан иборат, деган саволни ўртага чиқармоқда. Бу туркум мақолаларда Аллоҳ таоло берган илм ва тавфиқ соясида ушбу мавзуларга ҳам тўхталамиз, иншоллоҳ.