Мутахассислар томонидан Чиғатой тили деб номланадиган мумтоз туркий (эски ўзбек) тилимиз 3 та (қарлуқ, қипчоқ, ўғуз) асосий туркий лаҳжанинг уйғунлашган варианти эди. Шунинг учун асрлар давомида бутун туркий халқлар учун адабий тил сифатида татбиқ этилди.
Замонавий ўзбек адабий тили ва алифбосидаги энг катта хато ҳам муайян 1 та (қарлуқ) лаҳжа атрофида қурилгани ва туркий тилга хос бўлган товушларнинг ифода этилмасдан, форсий тилга яқин бўлиб қолгани бўлди.
Натижада йиллар давомида ҳудудий жиҳатдан Ўзбекистоннинг энг кенг минтақаларига тарқалган қипчоқ ҳамда ўғуз лаҳжаларида сўзлашувчи аҳоли ўзларини ўзбек адабий тилига бегонадек, тутишларига қайсидир маънода сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, қипчоқ лаҳжаси мамлакатимизнинг деярли барча минтақаларида кенг тарқалган. Ўғуз лаҳжаси эса, асосан Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятларида кенг тарқалган бўлиб, Бухоронинг Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида яшайдиган чандирлар ҳам ушбу лаҳжа вакиллари ҳисобланадилар.
Ижтимоий тармоқларда муайян қипчоқ ва ўғуз лаҳжаларида сўзлашувчи гуруҳларнинг ташкил топгани ўша лаҳжалар вакиллари томонидан ўз шевасининг оҳангдорлигини, жозибадорлигини, гўзаллигини сақлаб қолишга ҳақли равишда ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Аслида, ҳам шеваларимиз тилимиздаги “паразит” эмас, балки тилимизнинг рангбаранглигини, бойлигини таъминловчи омилдир. Ўзбек тилида 3 та лаҳжа вакилларининг борлиги тилимизга бошқа қардош тиллар қаршисида жуда катта устунликни таъминлайди.
1929 йилдаги лотин алифбомиз ҳам анча туркий тил қоидаларига мос эди. 1940 йилдаги кирил алифбомизда кескин ўзгаришлар қилинган. Ўша алифбо таъсирида бир нечта авлод шаклланди. 1995 йилдаги лотин алифбомизга 1929 йилдаги лотин алифбомиз асос қилиб олинмасдан, 1940 йилдаги бузиб ташланган кирил алифбомиз асос қилиб олинди. Бу эса, ўз навбатида советлар атайлаб йўл қўйган “хато”ни ҳақиқат сифатида қабул қилишга ва тилимизни аслидан узоқлаштиришга хизмат қилди.
Хулоса қилиб айтганда, адабий тил қоидаларини қайта кўриб чиқиб, эски ўзбек тилимизнинг кўплаб жиҳатларига қайтиш ва миллий алифбомизни асл ўзлигига қайтарувчи ислоҳотлар йўлида жасорат кўрсатишга жуда катта эҳтиёж мавжуд.
Бунга айрим зиёлиларимиз туркий тилли давлатлар билан яқинлашиш учун сиёсий сабаблар асосидаги ислоҳотлар деган радикал баҳо беришга ошиқмасликларини сўрардим (алифбо масаласида мана шундай эътирозлар ҳам жуда кўпайиб кетганди). Бу, аслида, эски ўзбек тилининг халқаро тил даражасида қўлланилган давридаги бойлиги ва жимжимадорлигини сақлаб қолиш ва қайта тиклаш ҳамда халқимизнинг барча шевалар вакилларини мустаҳкам асосда бирлаштириш учун зарурдир. Масала қайсидир давлатлар билан сиёсий муносабатлар эмас, миллатнинг бардавомилигида.
Анвар Юсупов