Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(82-қисм)
Бозорда
Нашриёт соҳасида ишлаганим учун бу соҳа “тили”дан бир-икки мисол келтирай.
Битта хусусий босмахона очилса, қаранг, бугун нима деб аталяпти: “Полиграф принт”, “Офсет принт”, “Юрида принт” ва ҳоказо…
Нега энди “полиграф” ва нега “принт” бўлиши керак? “Принт” бор-йўғи “босма” дегани. Нега ўзимизнинг тилда, масалан, “Тошбосма” ёки “Нилуфар босмахонаси” деёлмаймиз? Ажнабийчаси чиройли-ю, ўзбекча отлар шу қадар хунук кўриниб қолдими?!
“Мустақиллик”дан кейин дўконлар бирданига “маркет”, “супермаркет” бўлиб кетди. Нега энди “маркет”? Нимага “супермаркет”? “Супер” дегани қайсидир тилда “катта” дегани, у тилнинг қоши қорами, менинг шўрлик тилимнинг айби нима, нимага мен “катта дўкон” деёлмайман?! Таржима
қилгандай “катта дўкон” дейишим ҳам шарт эмас, биронта ўзбекона от қўя олмайманми?!
Идишга солинган бир сув “Гидролайф”, бошқаси “Бонақва” эмиш. Бу нима дегани экан, деб луғат титкиласангиз, бири “Ҳаёт суви”, иккинчиси “Булоқ суви” бўлиб чиқади. Неча замонлардан бери элга миннатсиз тоза сув тақдим этиб келган булоқларни эгаллаб, сувини турфа идишларга қамаб пуллаётган “ишбилармон”лар тилни ўйлайдими? Уларга пул бўлса! Улар ҳеч қачон маҳсулотига “Булоқ суви” ё “Ҳаёт суви” деб от қўймайди!
Қўлбос ёрлиқларини қаранг: ҳаммаси совет давридагидай – ўша-ўша “Московская”, ўша-ўша “Докторская”, ўша-ўша “Дорожная”ю ўша-ўша “Салями”… Айниқса, шу “Салями”си одамни сескантиради. Бу хил қўлбоснинг асл ватани Италия бўлиб, эшитишимизча, таркибига эшак гўшти қўшиб тайёрланади ва у ёқларда жуда машҳур. Эшак гўшти италиёнларга балки ҳалолдир, унга урғу бераётганимиз йўқ ҳозир, балки айни эшак гўшти қўшиб тайёрланадиган қўлбоснинг оти “Салями” бўлгани ҳолда биз бу отни жирканмасдан қабул қилганимизга йиғлайди юрак. Ўзбекистонда биронта қўлбос сехи, агар ўзи ит ё чўчқа этини еб катта бўлмаган бўлса, эшак гўштини қўшмайди, бунга шубҳамиз йўқ, лекин ўзбекона-мусулмонча қизғанч туйғу қолмаганми миллатимизда, деб ўкинаркан одам.
Тўғри, масаланинг бошқа томони ҳам бор: миллатпарварлиги тутиб ё адашиб кетиб маҳсулотига ўзбекча от қўйиб юборса… Ғарбга ва ғарбча маданиятга сиғиниш кечаётган бугунги аҳволда бозори синиши ҳам мумкин. Чунки одамлар олмай қўяди. Оти ўзбекча бўлса, уни сотиб олмайдиган ҳолга тушди бу миллат. Ажнабийча отли заҳарни ҳам ютади, аммо оти ўзбекча бўлса, писанд қилмайди. Демак, тилимиз “мода”дан қоляпти. Ёт тиллар жозибали кўриняпти. Бу дегани, ёт тиллар босими остида ўзбек тили аста-секин муомаладан чиқяпти, деганидир.
Энг афсусланарлиси – тоза ўзбекча сўзларимизни бугун тилимиздан биронта бегона миллат мажбуран сиқиб чиқармаяпти, тилимиз илдизига ўзимиз болта уряпмиз.