ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(38)
(давоми)
ТИЛНИ ТУТМОҚ
Абу Саид-ал Худрийдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломга келиб,”Ё Расулуллоҳ, менга бир ўгит бер”, деди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деди:
“Мутлоқ тақво соҳиби бўлишинг керак. Чунки тақво бутун яхшиликларни ўзида жамлайди. Мутлақо жиҳод қилишинг керак. Чунки жиҳод мусулмонларнинг руҳбонлигидир. Ва Аллоҳни зикр этмоғинг, қуръон ўқимоғинг керак. Чунки бу иккиси сен учун ер юзида нур, кўк юзида эса исмингнинг яхши аталишига василадир. Тилингни тутишинг, фақат ҳайрли нарсаларни сўзлашинг керак. Чунки фақат бу шаклда шайтонни енга оласан”.
Билиш керак-ки, инсон шайтонни фақат тилни тутган ҳолда енггиши мумкин.
Ҳазрати Умардан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейди:
“Ким ўз қулини калтакласа, бу ишнинг каффорати ўша қулни озод қилишдир.
Ким тилини тутса, Аллоҳ унинг қусурларини ёпади.
Ким ўз жаҳлини енгса, Аллоҳ ҳам уни азобидан қўрийди.
Ким Аллоҳдан узр тиласа, унинг баҳонаси қабул қилинади”.
Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна шундай деган:
“Аллоҳга ва охиратга ишонган киши қўшниси билан аҳил яшасин, меҳмонни яхши кутиб олсин, хайрли сўз сўзласин ёки гапирмасин”.
Яъло шундай ҳикоя қилади:
“Бир куни зоҳид Муҳаммад бин Сукони зиёрат этишга боргандик. Бизга “сизларга бир неча сўз айтайин, улардан фойдаланинг, чунки бу сўзлар бир пайтлар менга жуда фойдали бўлганди: Сиздан аввалги мусулмонлар беҳуда гап сотмас эдилар. Улар қуръон ўқиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ва кун кўришнинг ҳаётий масалаларидан бошқа ҳар қандай гап-сўзни бўш гап ҳисоблашарди. Ёки сиз Аллоҳнинг шу оятига ишонмайсизми?
“Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда(қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришталар) бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар”. (Инфитор 10-12)
Айни мавзуда яна икки оят:
“Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб, ёзиб турурлар. У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”. (Қоф 17-18)
Анас бин Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Шу тўрт нарса фақат мўминнинг ҳусусиятларидандир:
1.Гапирмаслик. Чунки бу ибодатнинг бошидир.
2.Мутавозелик, камтарлик.
3.Аллоҳни зикр этмак.
4.Ёмонликни оз қилмоқ.
Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Беҳуда гапдан қочиш инсоннинг яхши бир мусулмон эканлигини кўрсатади”. (Бухорий)
Айтилишига кўра, Луқмон Ҳакимдан “сен бу даражага қандай юксалдинг?”, деб сўрашганида у: “тўғри гапирмоқ, омонатни жойига бермоқ ва беҳуда гапирмаслик билан”, деб жавоб берган.
Абу Бакр бин Аййош дейди-ки: “Қуйида тўрт ўлканинг подишоҳларининг сўзларини келтираман. Бу сўзлар айни ёйдан отилган тўрт ўқ каби бир-бирига ўхшайди:
Эрон ҳукмдори шундай дейди: “Айтмаганим бир сўздан пушаймон бўлмайман, аммо сўйлаган сўзимдан пушаймон бўлган пайтларим кўп бўлди”.
Бир Хитой ҳукмдори шундай дейди: “Сўз оғзимдан чиқмасдан олдин мен унга ҳокимман, сўз оғзимдан чиққан онда у менга ҳоким бўлади”.
Бир Бизонс (Византия) ҳукмдори шундай дейди: “Айтмаганим бир сўзга, айтганим сўздан кўра осонроқ қаршилик кўрсата оламан”.
Бир Ҳинд ҳукмдори эса шундай дейди: “Жиддий қабул қилинганда эгасига зарари тегадиган, жиддий қабул қилинмаса ҳеч бир фойдаси тегмаган бир сўзни айтган одамга ҳайрон қоламан”.
Ривоятга кўра, Рабии бин Ҳайсам эрталаб турар-турмас олдига қалам-қоғоз қўйиб, кечаги гапирган сўзларини ёзарди ва ўзини ҳисобга тортарди.
Зоҳидлар шунақа эдилар. Улар ўз тилларини тутишга қаттиқ ҳаракат қилар ва дунёда экан, нафсларини ҳисобга тортишарди.
Мусулмон охиратда ҳисобга тортилмасдан олдин дунёда ўзини ҳисобга тортиши керак. Дунёда тилни тутмоқ оҳиратдаги пушаймонликдан қулайроқдир.
Иброҳим Таймий дейди: “Рабии бин Ҳайсамнинг 20 йиллик дўсти Ҳайсам ҳақида “узун йиллар давомида оғзидан бирорта хунук сўз чиқмади”, деганди.
Мусо бин Саид дейди: “Ҳазрати Ҳусайн (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Карбалода шаҳид этилганида, Рабии бин Ҳайсамнинг бир дўсти унинг уйига бориб, “гапирса, бугун гапиради”, дея Рабиининг эшигини тақиллатди.
Рабии эшикни очди.
Дўсти унга юз берган фожеани хабар берди.
Рабии қўлларини юқорига кўтариб:
– Эй кўкларнинг ва ернинг яратувчиси, кўринган-кўринмаган ҳар нарсанинг олими бўлган Аллоҳим! Қулларинг орасидаги ихтилофларни ҳукмга боғлаяжак сенсан!”,-деди.
Ва бу сўзлардан бошқа ҳеч нарса демади”.
Аҳли ҳикматдан бир зотга кўра, жоҳиллар шу олти нарса билан билинади:
1.Ҳар нарсадан жаҳли чиқиб, хафа бўлади. Инсонга, ҳайвонга, унга ёқмаган ҳар нарсага жаҳли чиқади.
2.Бефойда бўш гапларни гапиради.
3.Пул ва молини ўрнида қўлланмайди. Савоб қозонилажак ерларга сарф қилмайди.
4.Сирини ҳар кимга айтаверади.
5.Ҳаммага ишонади.
6.Дўст билан душманнинг фарқига бормайди.
Ҳазрати Исо (а.с.) дейди: “Аллоҳни зикр этишдан бошқа ҳар қандай сўз бўш сўздир. Тафаккурсиз ҳар қандай жимлик – ғафлатдир. Ибрат ғояси ташимаган ҳар қандай боқиш – бекорга вақт йўқотишдир.
Сўзи – зикр, жимлиги – тафаккур, боқиши – ибрат бўлганлар на бахтлидирлар!”
Авзоига кўра, мўмин оз гапириб, кўп иш қилади. Мунофиқ эса кўп гапириб, оз иш қилади.
Ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
Шу беш нарса мунофиқда бўлмайди:
1.Диний билги
2.Ўлчовли гапириш
3.Очиқ чеҳра
4.Нурли қалб
5.Мусулмонларга севги.
Яҳё бин Аҳсамга кўра, инсоннинг оғзи тоза бўлса, бу унинг бошқа ишларида ҳам акс этади.
Айтилишига кўра, Луқмони Ҳаким демиш: “Ўғлим, ёмон ошналар билан ўтириб-турган киши саломатга эриша олмайди. Ёмон ерларга бориб юрадиган одам туҳмат остида қолади. Тилига ҳоким бўлмаган пушаймон бўлади”.
Ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейди:
“Тилига ҳоким бўлган, уйи кенг бўлган ва гуноҳ қилиб, бунга йиғлаган инсон на бахтли инсондир!”
Ҳасан Басрийнинг айтишига кўра, қадимгилар шундай деган экан:
“Мушоҳада қилган инсонларнинг тили қалби орқасидадир. Улар сўз айтишдан олдин қалбидан сўрайдилар. Агар фойдали эса, сўйларлар. Зарарли бўлса, сўйламаслар.
Аммо жоҳилнинг қалби тилининг орқасида бўлгани учун, жоҳил оғзига келган сўзни айтаверади”.
Ривоятга кўра Абу Зарр ал-Ғифорий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: Ё, Расулуллоҳ, Ҳазрати Иброҳимга инган саҳифаларда нималар ёзилганди?,- деб сўради.
-У саҳифаларда шундай зарбулмасаллар ва ҳикматли сўзлар бор эди: “Ақли бошида бўлган инсон тилини тутмоғи керак. Нимани қачон қилишини билиши лозим, ўзига ҳоким бўлиши керак. Сўзини ҳаракатларининг бир парчаси ўлароқ билган киши, зарурат бўлмаса, оз гапиради”.
Ҳазрати Али (Аллоҳ ундан рози бўлсин) дейди:
“Ақлли инсон фақат шу уч нарсага эътибор қилиши керак:
1.Кун кечириш учун нон топмоқ.
2.Охират учун ўз-ўзи билан ёлғиз қолмоқ.
3.Хотинида ҳузур топмоқ.
Яна Ҳазрати Алига кўра, ақлли инсон кундузини тўрт қисмга бўлиши керак:
1.Бир қисмида Роббига ёлвориши керак.
2.Иккинчи қисмида ўзидан ҳисоб сўраши керак.
3.Учинчи қисмида дунё ва дин майдонида унга йўл кўрсатадиган, ўгит берадиган олимлар билан ўтирмоғи лозим.
4.Тўртинчи қисмида нафсига, ҳалол ва савияли лаззатлардан тотиб кўриш учун изн бериши керак.
Аҳли ҳикматдан бир зотга кўра: “Етти минг хайир (яхшилик) бор. бутун бу хайирлар, ҳар сўзга биттадан хайир тушажак шаклда шу етти жумлада мужассамлашгандир:
1.Гапирмаслик – меҳнатсиз ибодатдир.
2.Гапирмаслик – тақинчоқсиз зийнатдир.
3.Гапирмаслик – ҳокимиятсиз ҳайбатдир.
4.Гапирмаслик – деворсиз қалъадир.
5.Гапирмаслик – ҳеч кимсадан узр сўратмайди.
6.Гапирмаслик – амалларни ёзган малакларнинг истироҳатидир.
7.Гапирмаслик – қусурларнинг ўртугидир (ёпинчиғидир).
Яна айтилишига кўра, гапирмаслик-олимнинг зийнати, жоҳилнинг ўртугидир.
Яна бир аҳли зотга кўра, инсоннинг вужуди юрак, тил ва бошқа аъзолар билан биргаликда учта турга айрилади. Аллоҳ таоло буларнинг ҳар бирига айри бир каромат, имтиёз ато этгандир.
Юрак (қалб)га Аллоҳнинг улуғлигини танимоқ ва Унинг бирлигига инонмоқ имтиёзини берган.
Тилга “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаи шаҳодатни сўйламоқ ва Қуръони Каримни тиловат этмоқ имтиёзини ато этган.
Вужуднинг қолган аъзоларига намоз ва рўза каби бутун ибодатларни адо этиш имтиёзи берилгандир. Аллоҳ таоло бу аъзоларнинг ҳар бирига бир назоратчи ҳавола этган. Юракни (қалбни) эса ўз тасарруфида қолдиргандир. Қалбда кечганларни фақат Аллоҳнинг ўзи билади. Ва У бутун аъзолардан ўз вазифаларини бажаришда вафокорлик кутмоқдадир.
Қалбан амал қилмаган – мунофиқ. Тилнинг вазифасидан қочган – кофир. Бошқа аъзоларнинг вазифаларини бажармаслик – осийлик ва гуноҳкорликдир.
Ҳасан Басрийнинг айтишига кўра, Ҳазрати Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) бир куни бир ёш йигитга:
“Эй, йигитча, шу уч нарсанинг шарри (ёмонлиги)дан қутулсанг ёшликнинг шарридан қутулган бўласан, булар: тил шарри, жинсий узв ва меъда (қорин) шарридир”, деди.
Айтилишига кўра, Луқмони Ҳаким аслида Ҳабашистонлик бир қул эди. Тушунча ва ҳикмат бобидаги устунлигини кўрсатган илк воқеа шундай бўлганди. Бир куни унинг соҳиби Луқмонга: “шу қўйни сўйиб, унинг энг тоза икки парчасини пишириб олиб кел”, деди.
Луқмони Ҳаким қўйнинг юраги ва тилини пишириб олиб келди.
Бошқа бир куни Луқмони Ҳакимнинг хўжайини унга: “шу қўйни сўйиб, унинг энг ёмон икки парчасини пишириб олиб кел”, деди.
Луқмони Ҳаким бу сафар ҳам қўйнинг айни аъзоларини пишириб хўжайин олдига қўйди.
Хўжайини бунинг сабабини сўраганида, Луқмони Ҳаким шундай жавоб берди:
– Вужуднинг энг тоза икки парчаси юрак билан тил бўлса, энг ёмон икки парчаси ҳам-юрак билан тилдир”.
Ривоят этилишига кўра, Муоз бин Жабал (ундан Аллоҳ рози бўлсин) Пайғамбаримиз алайҳиссалом тарафидан Яманга юборилаётганда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан, “Ё Расулуллоҳ, менга бир ўгит бер”, деди.
Пайғамбаримиз унга ишорат билан тилини кўрсатиб “тилингга эҳтиёт бўл”, деган маънода ўгит берди.
Аммо Муоз бу тавсияни унча менсимади ва яна “Ё Расулуллоҳ, менга бир ўгит бер”, деди.
Шунда Пайғамбаримиз унга:
– Онасиз қолгур! Инсонларнинг юзтубан жаҳаннамга кетишларига тилларининг сафсата сотганликларидан ҳам бошқа сабаби борми?,- деди.
Ҳасан Басрийга кўра, кўп гапирганларнинг кўп хатоси, кўп моли бўлганнинг кўп гуноҳи бўлади.
Сўфёний Саври дейди: “Бирига тил узатгандан унга ўқ отмоқни афзал биламан. Чунки ўқ хато кетиши мумкин, аммо сўз ҳадафга тўппа-тўғри тегади”.
Абу Саид-ал Худрий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Ҳар тонгда вужуднинг аъзолари тилга ёлвориб, шундай дейишади: “Худо ҳаққи, тўғри йўлдан чиқма, чунки сен тўғри йўлда бўлсанг, биз ҳам тўғри йўлда бўламиз. Агар сен йўлдан озсанг, биз ҳам озамиз!”
Ривоятга кўра, бир куни Абу Зарр ал-Ғифорий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) Каъбанинг ёнида оёқда туриб, “ҳей, мени таниган танийди, танимаганларга айтаман-ки, мен Абу Зарр бўлиб танилган Жандаб бин Жанодатул Ғифорийман. Сизга яхшиликдан бошқа ҳеч бир истаги бўлмаган бир биродарингизнинг сўзларига қулоқ беринг!”, дея сасланди.
Халқ унинг атрофида тўпланди.
У шундай хитоб қилди:
– Эй, инсонлар, дунёда бир йўлчиликка чиқаркан озуқа оласиз, аммо охират йўлчилигига чиқаркан, нега озуқа олмайсиз?
– Охират озуғи нима бўлиши керак?,- деб сўради одамлар.
– Қабр ёлғизлигига қарши қоронғи кечада икки ракат намоз қилинг, Қиёмат кунининг жазирамасига қарши эса рўза тутинглар. Оғир кунлар азобидан қутулиш учун йўқсилларга садақа беринг. Қиёмат кунининг бошқа машаққатларига малҳам бўлиши учун Ҳажга боринг.
Мажлисларингиз икки турли бўлсин. Бири кун кўриш, дунёлик ризқингизни қозониш учун, иккинчиси – охиратингизни қозониш учун. Учинчи бир мажлис зарарлидир.
Мол-мулкингизни иккига бўлинг: Бир қисмини оилангизнинг кун кўриши учун, иккинчи қисмини оҳиратингиз учун ҳаржланг. Учинчи харжлаш йўли зарарлидир”,- деди Абу Зарр ал-Ғифорий.
Ривоятга кўра, Ҳазрати Исо (а.с.) шундай деган: “Аллоҳни зикр этишнинг ташқарисида кўп гаплашманглар, акс ҳолда, қалбларингиз қораяди. Қорайган қалб эса, сизга сездирмай, Аллоҳдан узоқлашади”.
Бир саҳобий дейди: “Қалбингда ғусса, вужудингда оғирлик, турмушда танглик кўрсанг, бил-ки сенга алоқаси бўлмаган бир мавзуда кераксиз гап гапиргансан”.
Муваффаққият Аллоҳдандир.
(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси