Ҳозирда дунёда 7,5 млрд. атрофида инсон яшайди ва уларнинг ҳеч бирининг бармоқ учидаги из бошқа бириникига ўхшамайди. Шунча халқ яқин-яқинларгача 7-8 мингта тилда гаплашган. Ҳозир бу рақам 6 мингга қадар тушиб кетди. Буларнинг ҳам 90 % и йўқолиб кетиш арафасида. Чунки ҳар икки ҳафтада битта тил ўлиб боряпти, дея хабар беришади олимлар.
Дунёда яна шундай тиллар борки, уларда фақат эру хотингина гаплашади. Улардан биттаси ёки иккиси ўлса, тил эгасиз қолади. Тилнинг эгаси орқасидан тилнинг ўзи ҳам тарихга айланади. Шу билан бирга, бунинг тамомила тескариси ҳам бўлиши мумкин: эл яшайверади, лекин ўз тилини қўйиб ўзга тилда гаплашади. Бундай ҳолда ҳам тил ўлади. Халқнинг жисми яшайверади, лекин номи ўчади, сўзи ўлади, хотираси унутилади. Чунки ҳар бир халқнинг тили унинг ўзгалардан ажратиб турадиган бош хусусияти, белгиси ҳисобланади.
Қизиғи шундаки, инсон аъзоси ҳисобланмиш (оғиздаги) тилнинг учидаги из ҳам худди бармоқдаги из каби бошқаларникига ўхшамас экан. Қаранг, шу ернинг ўзида, яъни аъзо – тилнинг учида мулоқот воситаси – тилга алоқадорлик яшириниб турибди. Бу ҳол менга илоҳий ишорадек туюлади: инсон сифатида сенинг тил учингдаги из аслдир, бошқаларникига ўхшамасдир, бас, у орқали сўзлашадиган тилинг ҳам асл бўлсин, ўзга халқларникидан ажралиб турсин, дегандек жаранглайди. Демак, бир миллат бор бўлса, унинг албатта ўз тили бўлади. Миллат бор бўлиб, унинг ўз Ватани бўлмасаю бу миллат ўз она тилида гаплашишни канда қилмаса, қачондир унга тегишли тупроқ ҳам, ҳудуду герб ҳам, байроқ ҳам бўлади. Бунга тарихда мисоллар кўп.
Мабода, халқ бор бўлса-ю, у ўз тилида гаплашишни қўйиб, ўзга миллат тилида сўзлаша бошласа, замонлар ўтиб бу миллат тарих саҳнасидан супирилиб кетади. Тарих бунга ҳам гувоҳ. Кўринадики, ўз тилига эга бўлмаган ёки сиёсий-тарихий эврилишлар оқибатида тилини бой бериб қўйган элат исмсиз одамдек гап – ким уни нима деб атаса, ўша бўлиб кетаверади. Шу маънода тил бу – ўзлик, тил бу – ўзак, тил бу – исм, тил бу – асос-пойдевор, тил – бу ВАТАН! Йўқса, нега ўзга тилларда сўзлаша-сўзлаша, сўнг ўз она тилингда гаплаша бошлаганингда ўзингни худди олис сафардан Ватанга қайтган бахтиёрдек сезасан, киши! Ҳа, тил бу миллатнинг ботиний қиёфаси, унинг маънавий паспортидир.
Шу маънода 1989 йил, 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши миллатимизнинг қайтадан оёққа туришига тенг тарихий, сиёсий, маънавий ва психологик ҳодиса эди. Бу ҳодиса неча замонлардан бери тилимизни тиклаш, қадрлаш ва ҳаётга қайтариш йўлидаги улкан одимлардан бири бўлиб тарихга кирди. Мустиқилликнинг асос шартларидан бири ҳам, шубҳасиз, тил мустақиллигидир. Мазкур тарихий қадам билан биз ўз она тилимизни секин-аста йўқолиб кетиш хавфидан сақлаб қолдик.
Аммо кўп ўтмай қаршимизда бошқа бир муаммо пайдо бўлди: дунёни ўргимчак тўридек қамраб бораётган глобализм кайфияти бугунги кунда сиёсий-иқтисодий жиҳатдан қудратли бўлмиш Америка, Хитой ва Россия каби мамлакатларнинг тиллари мавқеини кескин ошириб юборди. Натижада дунё миқёсида, айниқса, инглиз ва хитой тилларига қизиқиш ўзининг ҳадди аълосига етиб бормоқда. Хусусан, она Ўзбекистонимизнинг шаҳар ва қишлоқларида жойлашган минглаган ташкилот, дўкон, дорихоналар биноларининг пештоқларида ўзбекчадан кўра кўпроқ инглизча ёзувларга кўзимиз туша бошлади.
Тўғри, тил билиш яхши. Тил билиш бу – уйғониш. Ҳатто Ренессанс даврида ҳам одамларнинг камида икки-уч тилни билиши одатий ҳол саналган. Пайғамбаримиз бир тилни билган бир одам, икки тилни билган икки одам, дея ўгит берган эканлар. Лекин ўзга тилни билиш ўз она тилингнинг унутиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда, ўзликни бой бериб қўйиш мумкин. Турланиб бораётган дунёнинг авзойини кузатиб юриб кундалигимга қуйидаги мулоҳазаларни ёзиб қўйган эканман, мавзуга доир бўлганлиги боисидан айнан келтираман: “Чор атрофда катта кучлар (хитой, инглиз ва рус) ўзларининг иқтисоди, мафкураси, маданияти ва тили билан дунёга тобора кучлироқ таъсир ўтказишмоқда. Уларнинг таъсир доирасида қолиб кетмаслик учун биз нафақат ўзимизни қўришимиз, балки қаддимизни тиклашимиз, кучга тўлишимиз лозим бўлади. Сақланиши ва оёққа қўйилиши зарур бўлган ўзак қадриятларимиздан бири бу – тилимиз! Тилни сақлаш учун эса бугун ҳамма Навоий бўлиши шарт!
Албатта, гап унинг даҳосига тенглашиш ҳақида эмас, балки туркий тилга – она тилимизга муносабат борасида унинг сафидан жой олишимиз ҳақида бормоқда. Бугун ҳар бир ўзбек онгли равишда бориб, Навоийнинг ёнига турмаса, унинг позициясидан туриб тилимизга ёндашмаса, бир-икки асрдан сўнг юқорида зикр этилган катта халқларнинг тилида сайрай бошламаслигимизга ҳеч ким кафолат беролмайди. Тилни, демакки, ўзликни сақлашнинг бугунги йўли битта – Навоий бўлмоқ, тамом-вассалом!”
Ҳазрат Навоийга эргашиш учун эса, аввало, ўз она тилимизни севишимиз керак бўлади. Ўз она тилимизни қандай севамиз, муҳаббатимизни қай йўсин изҳор қиламиз? Тилимизни қандай юксалтириш, улуғлаш ва дунёга ёйиш мумкин?.. Бунинг энг содда ва энг таъсирчан йўли – она тилимизда гаплашиш, гаплашиш ва яна гаплашишдир! Она тилни туққан онани севгандек севиш билан, она тилда сўзлаш, эшитиш ва ёзиш билан унга хизмат қилиш мумкин. Кимники тили қайси тилда чиқса, у ўша миллатга мансуб бўлади. Танининг оқ ё қора бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Унинг кимлигини тил ҳал қилади. Чунки тил орқали миллатнинг руҳи кириб боради. Сен ўз она тилингни биласанми, демак, халқингни биласан.
Аммо бугун замонлар ўзгарди. Бугун биз интернет даврида яшаяпмиз. Демак, она тилимизнинг қўлланилишини замонанинг талабларига ҳамқадам олиб боришимиз, чунончи, ўзбек тилида интернетдан тўлиқ фойдаланиш имконларини, жумладан, дунёнинг жамики фаол тилларидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан эса ана ўша фаол тилларга таржима қиладиган электрон тизимларни, луғатларни имкон қадар тезлик билан яратишимиз керак бўлади. Айни дамда, ҳамма соҳалардаги аҳамиятга молик барча асарларни ўзбекча таржималарига эга бўлишимиз шарт. Йўқса, ёшларимиз онгини ва қалбини бой бериб қўйишимиз мумкин.
Ўзбек – истеъдодли халқ. У ўз артикуляцион базасининг бақувватлиги туфайли ўзга тилларда ўша тил вакили қадар соф талаффуз билан гаплашиши, бу тил қонун-қоидаларини мукаммал ўзлаштириб олиши мумкин. Чунончи, араб тили грамматикасини Замахшарий каби боболаримиз ишлаб чиққани бежиз эмас. Аммо мана шу истеъдоднинг бир қисмини ўз она тилимизнинг юртимизда ва дунёда кенг ёйилишига сарфлай билсак, элимиз ва Ватанимиз олдидаги энг катта хизматлардан бирини ўтаган бўламиз. Мадомики, тил миллатнинг томирида ҳаёт қони оқаётганидан дарак берувчи бирламчи белги экан, демак, она тилга хизмат қилган инсон она Ватанга хизмат қилган қаҳрамон бўлиб чиқади.
Улуғбек ҲАМДАМ,
ёзувчи.
2017 йил 17-октябр