O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тинчлик, аҳиллик сари

Тинчлик, аҳиллик сари
332 views
05 February 2018 - 2:01

ТИНЧЛИК, АҲИЛЛИК САРИ

Ушбу мулоҳазалар анчадан бери ўй-хаёлимда айланиб юради. Президентга ёзган хатларимда ҳам, айрим мақолаларимда ҳам бу мавзуни қисман кўтарган эдим.

Икки йиллик ҳижратда кечган умримдан чиқарган энг катта хулосам – Ватан четда юрган ўз ўғлонларига эга чиқиши керак! Бошқача фикри, бошқача дунёқараши орқасидан таъқиб-тазйиққа учраб ватандан чиқиб кетганларга давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам муносабати ўзгариши лозим!

Чет элларда сарсон-саргардон юриш муҳожирларнинг ўзлари учун қанчалик бошоғриқ бўлса, давлат учун ундан кўпроқ бошоғриқдир. Улар мамлакатга қайтарилса, давлат бағрикенглик кўрсатса, сарсонликда шаклланган араз ичкарида дўстона муносабатга айланади, иншаоллоҳ.

ҚАЙТИШ ва ҚАЙТАРИШ иши фақат хайрли натижа беради. Чунки улар бегона эмас, халқимизнинг бир бўлагидир. Оиласи бағрида, ўз юртида тинч-омон яшашга ҳақли. Бундан бу ёғига тўғри сиёсат юритилса, улардан давлатга ҳам, жамиятга ҳам зарар келмайди.

Ҳатто узоқ йил душман кўрилган сиёсий мухолифат билан ҳам “ярашиш-келишиш” пайти етди. Ҳар қандай мухолифат юрт ичида фаолият юритгани иккала томон учун ҳам фойдали. Расмий фикрдан ўзгача фикрлаш жиноят эмас, балки жамият тозалиги ва тараққиёти гаровларидан биридир. Мухолифатга энди шундай мусбат назар билан боқишга ўрганишимиз лозим.

Ўлган ўлиб кетди. Ўтган ишлар ўтди. Энди эски хатоларни такрорламаслик муҳим масала.

Шавкат Мирзиёев бошлиқ давлатимиз кейинги бир йил давомида юритаётган ички ва ташқи сиёсат нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида янги бир сиёсий иқлим вужудга келтирди, десак бўлади. Айниқса, Президент ўзининг машҳур декабир нутқидан кейиноқ бир ой ичида Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ишини тубдан тузатишга жиддий киришгани чорак асрдан бери халқнинг белини букчайтириб турган оғир юкни унинг елкасидан олиб ташлади гўё. Ўзгармас ва алмашмас бўлиб туюлган қудратли Раис вазифасидан олиниши халқнинг юзини кулдирди. Бу янгиликни барча шодиёна кутиб олди.

МХХнинг айрим тескари сиёсати туфайли давлат билан халқ орасида йиллар давомида юзага келган ўзаро ҳадиксираш, хавотирли муносабат ўрнини энди самимий ишонч эгаллайди, деб умид қиламиз. Миллий хавфсизлик хизмати зулм қилувчи, одамларни қўрқитувчи олабўжи ташкилотдан халқнинг хизматини қиладиган, чинакам маънода олижаноб ишлар билан шуғулланадиган энг шарафли ташкилотга айланади, деб ўйлаймиз.

Модам сиёсат мафкураси ўзгараётган экан, ишни ўтмишдаги хатоларни ўнглашдан бошлаш керак. Ҳақсиз қамоқларда ётган минглаб ватандошимизни озодликка чиқариш, зулмдан қочиб чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлганлар ишини қайта кўриб, диний ва сиёсий муҳожирларни сўзсиз-шартсиз юртга қайтаришнинг қонуний йўлларини ишлаб чиқиш бугуннинг энг долзарб масалаларидандир.

Мухолифатнинг энг кўзга кўринган лидери, “Эрк” партиясининг раиси, шоир Муҳаммад Солиҳ, дунёга машҳур адиб Темур Пўлатов, собиқ депутат, жасоратли журналист Жаҳонгир Муҳаммад, собиқ СССР Халқ депутати Пўлат Охун, сиёсатшунос, мустақил мухолифатчи Намоз Нормўмин, мустақил сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимов, ёзувчилар Ҳамид Исмоил, Сафар Бекжон, таниқли журналист Исмат Хушев, дипломат, собиқ Адлия вазири Муҳаммадбобир Маликов, кекса мухолифчилар Алибой Йўляхшиев, Толиб Ёқубов, машҳур кандакор Омон Азизов, Ҳазратқул Худойберди, Тошпўлат Йўлдошев, Олим Атаев, Надежда Атаева, Нигора Ҳидоятова, таниқли диний уламолар Сайфуллоҳ Носир, Обидхон қори Назаров, Содиқ Самарқандий, Муқимжон Маҳмуд, Муҳиддин Ширинов, журналистлар Бахтиёр Шоҳназар, Шуҳрат Бобожон, Қудрат Бобожон, Фахриддин Худойқулов, Улуғбек Бакир, Улуғбек Ашур, турли нодавлат жамиятлар бошлиқлари Абдураҳим Пўлатов, Мўътабар Тожибоева, Баҳодир Чориев, шоирлар Мақсуд Бекжон, Юсуф Жума, Ислом Холбой, тадбиркор Санжар Умаров ва бошқалар ва ҳоказо (эсимга келмаганларидан узр сўрайман)… юзлаб инсонимиз бугун Ўзбекистонга қайтиб, ватан равнақи йўлида хизмат қилишлари керак. Номлари таниқли бўлмаган, лекин ҳаммалари ўз оилалари учун ҳам, ватан учун ҳам азиз бўлган юзминглаб юртдошимиз шод-хуррамлик билан ота-онаси, бола-чақаси бағрига қайтса, оламшумул ҳодиса ўлароқ бугун мамлакатда юз бераётган ижобий ўзгаришларнинг гултожи бўлган бўлар эди.

Мен ҳатто айрим чет юртларда қурол кўтариб юрган, Ўзбекистонга таҳдид ҳисобланадиган турли гуруҳлар билан ҳам тинчлик, аҳиллик йўлида музокара олиб бориш тарафдориман. Дунё тажрибаси ва тарихий ҳақиқат кўрсатадики, қуролли низо давом этиши ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди. Қўшнимиз Тожикистондаги фуқаролик уруши ва охирида барибир сулҳ тузишга мажбур бўлингани бизга энг яқин мисолдир. Мисолни узоқдан оладиган бўлсак, ўтган асрда Колумбияда давлат билан унга мухолиф томон ўртасида бошланган ва 50 (эллик!) йил давом этган қуролли уруш нима натижа берди? Ўтган йили Куба орачилигида миллий ярашув бўлди! Ўртада 150000 (юз эллик минг!) одамнинг ёстиғи қуригани қолди. Маънисиз ва аҳмоқона қарама-қаршилик…

Бунақа мисоллар тарихда ва бугун кўплаб топилади.

Зиддият чуқурлашиб, яра баттар маддалаб, орқага қайтиш қийинлашиб кетмасидан ўзаро келишув чораларини излаш керак. Иш билағон эгаларига топширилса, дўқ-пўписа билан эмас, ўзаро ишонтириш йўли билан музокара олиб борилса, бирон ижобий натижага келишдан умид бор, албатта.

Балки бу иш бир йилда ё икки йилда натижа бермас, аммо орқага сурмай бугундан шу йўлда ҳаракатни бошлаш керак. Ўтган ҳар кунимиз кичкина йўқотишдир. Яқин ва Ўрта Шарқдаги кейинги йилларда юз берган ва давом этаётган уруш-жанжалларга қаралса, ҳар икки томоннинг муросасизлиги ва бундан фойда чиқариб олишга уринган йирик давлатларнинг гиж-гижлаши низони чуқурлаштириб юборганини кўрамиз. Афғонда, Покистонда, Сурияда қўлига қурол кўтариб юрган ватандошларимиз ҳам бир куни ёвуз кучларнинг найрангига учиб қолмайди деб биров кафолат беролмайди. Ёмон натижа бошга келишини кутмай, яхшиси, кулфатнинг олдини олиш керак, деб ўйлайман.

Бугун Ўзбекистон мамлакат ичида бирмунча тозалов ишларини қилиб, сезиларли натижаларга эришяпти. Дунёга сочилиб кетган ватандошларимиз билан ҳам тил топишиб, миллий аҳиллик ва тотувликка эришсак, ташқи сиёсатда ҳам кучли давлатлар қаторига кирамиз, иншаоллоҳ.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com