“БУ ДУНЁГА ШОИРДАН НЕ ҚОЛАДИ?…”
(
Ҳаёт ва Ўлим… Инсон умрининг икки учи… Туғилмоқ ва Ўлмоқ – қонуниятдир. Ўлим – ҳақ. Яхши инсонларнинг ўлими дунёни бир силкитиб кетиши ҳақиқатдир. Шундоқ ёнгинамизда билинмайгина яшаб, нигоҳлари маҳзунлик ила ерга тикилган-у, аммо, руҳий камолотлари кўкка бўй чўзиб ўсган, маънавият чинорларига айланган одамларни ажал малаги тириклик томорқасидан дафъатан суғуриб, мангуликка олиб кетишини ғафлатдаги қалблар сезмай ҳам қолади…
Умр –ўлчовли. Бу дунёга ҳеч кимни боғлаб бериб қўймаган. Яхши ҳам ўтади, ёмон ҳам. Шундай экан, бу вафосиз дунёда яхши бўлиб яшаш, яхши ном қолдиришнинг савобига не етсин?
Камтарин шоир ва етук публицист Маҳмуд Абулфайз ҳам фано гумбазини тарк этиб, руҳи абадиян уфқ ортига йўл олди. Аммо адиб умридан бу дунёга ҳикмат тўла сўз ва нурли хотиралар қолди.
“Ич қалъангизга суянинг!…”
Бугун зиёси эмас, зуғуми, ҳийласи кучлиларни ҳам ўйлаб ўтирмай донишмандга тенглаштириш “урф”га айланаётгандай… “Шу бўлдими донишмандликнинг қадри, мезони” дея баъзан биргина сўзнинг увол кетаётганига юрагинг ачишади. Лекин камтарин бир ижодкор шаънига нисбатан қўлланган бу сифат ўринлидир. Зеро, этагини дунёнинг лойқа ариқларига кирлатмай яшай олган, зеҳнияти, виждонини темиз тутган инсонлар донишманддир. Жисми авжи ҳаёт ичра-ю, аммо ақлан охиратини ўйлаб қадам ташлаган, маърифий билги ила руҳан абадият кенгликларини сайр этган, қалб кучи ила ҳис қилган инсонлар чинакам донишманддир. Маҳмудхон ака дунёнинг олчоқлигига иймонини олдирмаган ана шу тоифа инсонлар сирасидан эди, наздимда. Шахсиятида юксак инсоний фазилатларни, оқибат ва матонат, теран тарбияни мужассамлаштирган, қилган яхшиликлари, заҳматли меҳнатлари учун ҳеч кимдан ҳеч бир таъма, мукофот кутмайдиган, фақат Ҳақ ризосини тилаб яшаган зиёлиларнинг бири эди.
Камгап, камтарин, ҳеч бир сўзни бўшдан-бўшга сўзламайдиган, лўнда, аммо эсда қоларли насиҳатлар айтгувчи устозни вилоят газетасидаги қарийб беш йиллик фаолиятим давомида таниганман. У кишини дўстлари, мухлислари, ҳаваскор ижодкорлар, қолаверса, ҳақсизликка учраган фуқаролар бетиним излаб келишарди муҳарририятга. Ташриф буюрганлар юрт, миллат тақдирига бефарқ бўлмаган фидойи журналистнинг ҳикматли ўгитларидан баҳраманд бўлмай қайтишмасди, албатта. Маҳмуд Абулфайзнинг биз ёшларга тез-тез эслатиб турадиган ўгитларидан бири шу эди: ”Бу дунёда ҳамма нарса нурайди. Шу баҳайбат дунёнинг ўзи ҳам нурайди бир куни… Сиз на одамларга, на оламга – сиртқи деворларга асло суянманг. Фақатгина ўзингизнинг ич қалъангизга суянинг! Қалбдаги қалъа – бу иймондир, унга суянганлар икки дунёда-да нурамайдилар! Иймон-эътиқод, илм ва виждон қалъасини доим мустаҳкам тутинг. Бу қалъанинг бир четига бир зиён етканини сезиб қолдингизми, дарров таъмир этинг. Токи, умрингизни довуллар урмасин!”
“Тириклигингда мақтов эшитиш, бироз ўнғайсиз…”
1998 йил. ЎзМу журналистика факультетининг сиртқи бўлими битирувчиси эдим. Тасаввуф йўналишида “Диплом иши” ёзиш ниятим борлигини устоз (Бойбўта Дўстқораев)га айтганимда шундай дедилар: “Тасаввуф – катта бир илм. Диплом иши ёзишингиз шарт эмас. Бу илмни ўзингиз учун ўргансангиз фойдали. Аммо сизга бошқа бир мавзуни вазифа қилиб юклашни хаёлимга тугиб қўйгандим.
Матбуотни ҳар куни синчиклаб кузатиб бораман. Назаримда, шу кунларда ОАВда 90-йилларнинг бошларидаги гумбурлаган овоз – баланд руҳ бироз пасайгандек… Лекин шу манзарада воҳа ижодкорларининг дадил танқидий мақолалар билан чиқаётганлиги диққатимни тортди. Балки пойтахтдаги бироз ҳадиксираш, иккиланишга ўхшаш ҳолат жанубга етиб бормагандир ҳали… Сурхондарёда забардаст публицистлар талайгина. Лекин пойтахтдан олисда яшаётганлиги учун уларнинг заҳматли меҳнатлари кўзга кўринмай қолиб кетаяпти. Хусусан, “Журналист Маҳмуд Абулфайзнинг ижодий лабараторияси” мавзусида диплом иши ёзсангиз, воҳадаги ижодий муҳитни ёритсангиз. Кейинчалик ўзбек матбуоти тарихининг бир бўлаги бўлиб қоладиган бугунги жараён ҳам қоғозга муҳрланса дейман…
Сессия тугаб, Термизга қайтганимда устознинг ушбу эътирофларини жамоага етказдим. Кўпчилиги раҳматлик Отам билан ёнма-ён ишлаган, қалам тебратган устоз журналистлар хурсанд бўлишди, албатта. Аммо гап дипломнинг асос мавзусига келганда Маҳмудхон ака шундай дедилар:
-Ишларингни эътироф этишаётганини эшитиш бир қадар ёқимли туюлар-ку, аммо… Бу гаплар ҳу-у-в уёққа кетганингдан кейин, ортингдан айтилгани яхшими дейман-да, агар айтиш жоиз деб топилса. Йўқса, шарт эмас. Мақтагулик иш қилмадик ҳали. Қолаверса, тириклигингда мақтов эшитиш, бироз ўнғайсиз, қандайдир ноқулай…
Бир қадар ҳижолатлик, камтарлик билан айтилган бу гаплар жуда самимий оҳангда эди. Ҳозир шу жумлаларни қоғозга тушираяпман-у, кейинчалик катта орзу-умидлар билан пойтахтга кетиб дуч келганларим: баъзи “аҳли қалам” – катта шаҳардаги майдапараст “машҳури-замон”ларнинг шон-шуҳрат талвасасидаги суллоҳона, мутакаббирона қилмишларига гувоҳ бўлиб, тўғриси, “шеърдан кўра иғвоға уста” “талант”ларни кўпроқ сийлайдиган, тақдирлайдиган бунақа “адабий муҳит”дан буткул кўнглим совиб кетганлиги хотиримга келиб, машҳур бўлиш осон, аммо ИНСОН бўлиб қолиш қийинлигига такрор амин бўляпман…
“ЭРК – халқнинг иродаси, ҳақ-ҳуқуқи эди!”
… “Диплом”ни қўлга олгач, Тошкентга кетдим. Бу орада пойтахтдаги “ҳадиксираш” муҳити воҳага ҳам етиб борди. Хусусан, журналистика корпусига ҳам “кўз тегди”. Соҳа фидойиларининг бир қанчаси таъқиб остига олингани ҳақида хабарлар ёйила бошлади. Кимдир қамалган, кимгадир катта автовокзалда ҳужум уюштирилган, кимдир калтакланган, яна кимдир қўрқитилган… Шу билан фелъетон, памфлет каби етакчи жанрлар ҳам, публицистик руҳ ҳам, жиддий таҳлиллар-у, суд очерклари ҳам, бора-бора оддий танқидий хабарлар ҳам аста-секин матбуот саҳифаларидан сидирилиб туша бошлаганди…
Шундай кунларнинг бирида хизмат сафари билан Термизга бордим. Ўшанда Маҳмуд Абулфайз куюниб шундай деганлари эсимда:
– Ғалати воқеалар бўлаяпти… Бир ҳамкасбимизни ҳатто шундоққина ишхонадан “Бирров келиб кетинг!” дея чақириб олиб, ҳибс этишди. Яқинларининг сўзларига кўра, биродаримизга: ”Бир вақтлар “Эрк” партияси раҳбари билан курсдош бўлган экансан. Хўш, ўшанда нималарни режалаштирган эдинглар? Нега сайловда унга овоз бергансан?” – дея сиёсий айблар қўйишга уринишлар бўляпти экан. 37-йилларнинг “ҳиди” келяпти бундай таҳдидлардан… Нима бўлганда ҳам бу қайғулар зиёлиларни жипслаштирмоқда. Овозимиз етган жойгача ҳақсизликка қарши бонг уришга қарор қилдик. Чунки, биримизнинг бошимизга кулфат тушиб, бўҳтон ёғилганда бошқаларимиз жим қараб турсак, муҳаққақки, бу лоқайдлигимиз учун эртага ҳаёт биздан қасосини олмай қўймайди. Бугун Муҳаммад Солиҳнинг курсдошларини-ю сафдошларини “ЭРК”чисан деб ҳибсга олишса, эртага мухлисларини-ю сайловда овоз берган тарафдорларига турли айбларни тақаб суд қилишса, бу кетишда мамлакат аҳолисининг қарийб 90 фоизини “жиноятчи”га чиқаришади-ку? Бу нима деган гап? Наҳотки ҳалиям КГБнинг буюк ёлғонлари ичра яшаётган бўлсак?… Қолаверса, ЭРК – сиёсий майдонга отилган қуруқ бир сўз эмас, халқимизнинг асрлар бўйи интилган орзу-истаги, иродаси, миллий озодлик йўлида жон берган шаҳидларимизнинг армони, бир миллатнинг ҳаққи-ҳуқуқи эди! Энди истиқлолга эришдик дея қувониб турганимизда халқнинг орзу-армонларини ифода этишга ўзларида журъат топган зиёлиларни жазоламоқчимилар? Нега?
Дарҳақиқат, нега?
…Қарийб йигирма йил аввал, мамлакатда ошкоралик туфайли кўз очган сўз эркинлиги ҳали бутунлай “ўлдирилмаган” паллаларда кўнгил кўзи очиқ инсонларнинг қалбларидан отилган бу хитоб, бу сўроққа олий ҳакам – Вақтнинг ўзи жавоб бериб бўлди аллақачон. Изоҳга ҳожат йўқ.
“Бу дунёга шоирдан не қолади? Фақат сўз! Сўзларнинг хайрлиси эса ростликдир!” Шу битиклар муаллифи Маҳмуд Абулфайздан ҳам рост ва самимий сўзлар қолди: ёзолганлари қоғозларда, ёзолмаганлари эса қалбларда – яқинлари, дўстлари ҳамда шогирдларининг кўнгилларида, хотираларида…
Охират диёрига кўчган барча устозларимизни Аллоҳ раҳмат айласин!
Шамсия ХУДОЙНАЗАРОВА