O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ТИРИЛИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ? (Аudio)

ТИРИЛИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ? (Аudio)
162 views
08 June 2012 - 9:58

(Зиёлиларга мактуб)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим[soundcloud id=’49554547′]

 

Бир муддат олдин уламоларга (илм аҳлларига) мактуб ёзган эдим. Ўқиганлар бунинг маъқул бир мактуб эканлигини айтдилар. Бу мактубда советлар тарбиялаган  зиёлиларини қасд қилиб, уларнинг ўзлари давога муҳтож  эканликларини айтгандим. Мақсадим, албатта, уламони зиёлиларга қарши қўйиш эмасди. Чунки шахслар ва жамиятнинг Қуръони Карим ва Суннат илмига нақадар эҳтиёжи бўлса, дунёвий илмлар дейиладиган (тил, математика, физика, химия, тиббиёт ва ҳк) илмларга, адабиётга ва санъатга ҳам шу қадар эҳтиёжи бордир. Мана шундай илмларни ўзларида жамлаган инсонлар зиёлилар, дея қабул қилинади.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин  ватанимизда диктаторлик тузуми ўрнатилди. Президент Ислом Каримов ўрнатган бу тузум зулм ва мустабидликда халқимизнинг тарихида ўрин олган хонлик ва амирлик тузумларини ҳам орқада қолдириб кетди. Бу тузум  халқимизнинг ижтимоий ҳаётнинг бутун  соҳалардаги (сиёсий, диний, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва ҳк) ташаббусини йуқ қилди. Бу орқали ўзбек халқининг қўл –оёғи боғланди ва содда тил билан айтганда 30 миллионлик халқ қулга айлантирилди. Албатта, халқимизнинг тараққийпарвар вакиллари диктатор Каримовга қул бўлишга рози бўлмадилар. Улардан баъзилари ҳадиси шарифда айтилгани каби сўзи билан, баъзилари қалби билан, баъзилари эса қўли билан бу диктаторнинг мункарларига (ёмонликларига) қарши чиқдилар. Диктатура режими улардан бир қисмини қатл қилди, бир қисмининг умрини қамоқхонларида чиритди, улардан бир қисми эса ҳижратни ихтиёр қилдилар…

Бу мастабид режимга энг осон таслим бўлган афсуски, сиз зиёлилар тоифаси бўлдингиз. Каримов диктатураси сизни ўлдирмади, фақат сизга қараб хўмрайиши билан ўзингиз осонгина “ўлиб” қолдингиз. Бундай осон “ўлим” албатта, бу марҳумлар аввал яшаганмиди, деган мантиқсиз саволни ҳам ўртага чиқарди. Чунки бутун жонлилар яшашни яхши кўрадилар, ўлимдан қўрқадилар ва ўлишни истамайдилар. Аммо сиз жуда осон, худди ҳазиллашаётганга ўхшаб, маънавий ўлимга қаршилик қилмасдан, худди уни кутиб тургандек “ўлиб”, қўя қолдингиз. Бу ўлим аслида сиз ишонган қадриятларнинг сохталигига, сизнинг ижодингизнинг ҳавойи нафс ўйини эканлигига, жамиятдаги обрўйингизнинг сохта бўлганлигига далил эди. Яъни, сиз советлар замонида ҳам, мустақилликнинг илк йилларида ҳам ҳақиқатда яшамаган эдингиз. Номингиз улуғ, супрангиз қуруқ тоифа эдингиз, холос. Шунинг учун ҳам диктатуранинг сизни “ўлдиришига” ҳожат қолмади ва ҳатто сизнинг бу шаклда вафот этганингизни ҳам биров билмади, бундай ғариб ўлим учун албатта дафн маросими ҳам ташкил қилинмади. Бундай ўлимни интиҳор, яъни кишининг ўзини дорга осиши, деб ҳам бўлмайди. Чунки интиҳор ақлини еган кишининг “жасоратидир”. Бу жасорат катта гуноҳдир, оқибати жаҳаннамдир. Аммо сизнинг диктатура қаршисида тиз чўкиб, силлиққина “ўлишингизда” мана шундай салбий жасорат ҳам йўқ эди. Афсуски, халқимиз ичида зиёлиман, илм аҳлиман, илғорман, деганларнинг бундай маънавий ўлими биз учун асло янгилик ҳисобланмайди. Туркистонни сўнгги беш асрда жонсиз қилган сиздай “илғорларнинг”  мана шундай сессиз маънавий “ўлимидир”…

Кошки сизлар ҳам Қуръони Каримда зикр қилинган Каҳф аҳли каби эътиқодли-имонли бўлганингизда, Сталин қатоғонидан кам бўлмаган Ислом Каримов диктатурасига қарши  курашиб, кейин унинг зулмидан бир ғорга қочиб, у ерда йигирма йилга яқин ухлаб, кейин бугун уйғонгангизда эди. Аллоҳнинг иродаси билан уч юз тўққиз йил ухлаган ўша мард йигитлар каби бугун кўзларингизни уқалиб, бир-бирингизга қараб “эй биродарлар неча соат ухладик, беш соатми, олти соатми”, дея сўрагангизда, “бу орада қоринмиз ҳам очиқибди, орамиздан золим Каримов миршаблари изғиб юрган Тошкентга бориб, бизга тоам келтирадиган борми?”, дея ўзаро маслаҳатлашгангизда эди. Кейин ғордан Тошкентга борган биродарингиз ёнингизга қайтиб келиб, даҳшат ичида “эй оғайнилар бизга нима бўлди ўзи, биз бир неча соат эмас, роппа роса йигирма йил ухлаб қолибмиз. Биз уйқуга кетганда 1992 йил эди, ҳозир эса 2012 йили ёз кунлари келибди. Бизга зулм қилган диктатор Ислом Каримов қариб, қартайиб, бутун золимлар каби қариганда маразликка юз тутиб, қиладиган ишини билмай қолибди. Унинг ақлсизлиги шу даражадики, халқимизга тамоман бегона бўлган, лозимни ҳам эплаб кия олмайдиган қизи Гулнорани ўзининг ўрнига юртбоши қилмоқчи экан. Бу мақсадда шу қизининг номидан кўзбўямачилик билан халқнинг болаларига суннат тўйи, ёшларга никоҳ тўйи қилиб бераётган экан. Ҳатто шу қизини мақсади қадим юртимиз Туркистоннинг қайта оёққа туришига тўсиқ қўйиш бўлган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти мажлисининг кун тартибига келтириб, унга шу ташкилотнинг мукофотини олиб бераётган экан. Туринглар, бир йўлини қилиб шаҳарга тушайлик, бу золимга қарши мужодаламизни қолган жойидан давом эттирайлик. Акс ҳолда бизнинг наслимиз диктатор Каримовнинг зулмида қолиб кетгани каби, болаларимиз ва невараларимиз ҳам унинг шу ахлоқсиз қизининг ёки ўзига ўхшаган миллатимиз душманининг зулмида қолиб кетиши мумкин ”, дея бир-бирингизга далда бериб, тирик эканликларингизни исботлай олсангиз эди…

Аммо Каҳф аҳлига ўхшаш сизлар учун ушалмайдиган орзудир. Зеро, Аллоҳ таолонинг бу мўъзижаси инсоният тарихида бир марта рўй берган ва қайта такрорланманган. Бу ҳақиқат сизларнинг маънавий ўликлар ҳолида абадий қолиб кетишингизни ҳам билдирмайди, албатта. Агар Аллоҳ таоло сизларни ушбу маънавий ўлимингиздан қайта тирилтиришни ирода қилса (ҳидоят берса) ва ўзингиз ҳам бундай тирилишни жону кўнгилдан истасангиз, албатта бугун ўзингизни тузатиб, тириклик нишоналарини қайта ўртага қўйишингиз мумкин. Бундай ҳақиқий тирилиш қандай амалга ошиши ҳақида ўз фикрларимни айтишдан олдин бу мактуб айнан кимга ёзилганини изоҳламоқчиман. Ушбу мактуб 1980 ва 90 йилларда зиёлилар тоифасига оид бўлган, номлари, расмлари ўша даврнинг газета ва журналларида деярли ҳар куни кўринадиган, халқимиз шулар бизнининг илғорларимиз, дея эъзозлаган зотларга аталгандир.  Усмон Азим, Зоҳир Аълам, Хуршид Даврон каби шоиру ёзувчилар мана шу зиёлилар гуруҳининг илғор ўрнаклари эдилар. Бу гуруҳга кирганларнинг тўлиқ рўйхатини билишни истаганлар, мисол сифатида, ўша даврдаги Ёзувчилар Уюшмаси аъзолари рўйхатига қарашлари мумкин. Адашмасам бу рўйхатда икки мингдан ортиқ кишининг номи бор эди. Юқорида мен исмларини ўрнак сифатида ёзган зотлар нега бизни “ўликлар” рўйхатига қўшдингиз, ҳолбуки биз Каримов диктатураси даврида тирик қолганмиз, дейдиган бўлсалар ва буни амалий ишлари билан исботлай олсалар, албатта, улардан узр сўраш бизга бир вазифа бўлади.

Аллоҳ таоло Ғофурдир, Роҳимдир, Ҳалиймдир. У Зот “ Айтинг: Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир»”, дея марҳамат қилган. (Зумар сураси 53)

Демак, Каримов диктатураси даврида ихтиёрий “ўлганлар” қайта тирилишдан ноумид бўлмасликлари керак экан. Аммо бунинг учун ушбу маънавий ўлимнинг сабаблари яхши татқиқ қилиниши зарур. Бу сабабларнинг боши эътиқодсизлик ёки бўлмаса эътиқоддаги сохтагарчиликдир. Чунки шайтон инсонларга ирқчилик, шуравийлик (коммунизм), дунёвийлик (секуларизм) ва шунга ўхшаш ботил йўлларга олиб борадиган ғояларни ҳам яхши эътиқод сифатида кўрсатиши мумкин. Эътиқоддаги бундай сохтакорликларнинг оқибати  эса муҳаққақ шаклда қалбнинг қаттиқлашиши ва охирида вужудга юк бўладиган жонсиз гўшт парчаси ҳолига келишидир. Бу ҳақиқатни турк шоири Муҳаммад Оқиф нақадар мукаммал ифодалаган:

“İmandır o cevher ki, ilahi ne büyüktür,

İmansız olan paslı yürek sînede yüktür”.

Имон у жавҳарки, илоҳи не буюкдир,

Имонсиз занглаган юрак сийнада юкдир.

(Эй қалбларни икки бармоғи орасида ўйнатадиган Аллоҳимиз! Биз гуноҳкор бандаларингмиз, ҳар турли жазога лойиқмиз. Эй Илоҳимиз, қандай жазо берсанг, бошимиз устидадир. Аммо Эй Роббимиз, асло юракларимизни сийналаримизда юк қилма. Қалбимиз тирик бўлсинки, қилган гуноҳларимиз туфайли Сенга тавба истиғфор қилайлик, Сенинг марҳаматингга ва мағфиратингга ноил бўлайлик, инша Аллоҳ! Омин! )

Сохта ғоя ва эътиқодларга эргашиб юраги сийнасида юк ҳолига келганлар эса одатда ақлу фаросатни ҳам бир чеккага йиғиштириб, ҳавойи нафсига эргашадиганлар ҳолига келадилар. Шунинг учун ҳам улар шароб кайфини қутулиш, жинсий шаҳватини эса илоҳ, деб биладилар. Ва турмасдан “муҳаббат, муҳаббат”, дея шеъру наволар, мусиқа ва ҳангомалар ёзадилар. Шаҳвоний орзуларни ифодалар эканлар, ишқу муҳаббат йўлида ўлиб тирилишларини куйлайдилар. Ва ниҳоят қаршиларига Президент Каримов каби бир мустабид чиқадиган бўлса, биз зотан ўлимни орзу қилганмиз, дея осонгина “вафот” этадилар…

Ушбу ҳақиқат нақадар содда ва нақадар аччиқдир. Ўзбекистон, дея аталадиган, тарихда имом Бухорий ва Тирмизийларга, Улуғбек ва Ал Хоразмийларга ватан бўлган бу мамлакатни бугун зулм, истибдод, ҳуқуқсизлик, 30 миллионнинг овозини ўчириб, фақат бир Диктаторни гапирадиган ҳолга келтирган нарса ушбу ҳақиқатда ифодаланган мункарнинг (ёмонликнинг) айни ўзидир. Бу ҳақиқатни Аллоҳ Расули (сав) “Сиз қандай бўлсангиз, ҳокимингиз ҳам шундай бўлади”, маъносидаги муқаддас сўзлари билан ҳам ифода этганлар.

Шундай экан, эй маънавий тирилишни истаган ҳамюртлар, бу ишни асло пайсалга солманг. Агар бу мактуб юборилганлар орасида мен ҳам борман, десангиз, унда ёзилган ҳол сизнинг аҳволингиз эса, ишни  надомат ва нафсингизга маломатдан бошланг. Зеро, тавбанинг аввалги шарти пушаймонлик ва надомат кўз ёшларидир. Шундан кейин, қалбингиздаги қўрқувни йиқинг, зеро сизнинг унга, унинг сизга эҳтиёжи бўлмаган ягона нарса қўрқувдир. Эски ҳақиқатда айтилгани каби қўрқувнинг ажалга фойдаси бўлмайди. Сиз эса бу марта ажал томон эмас, маънавий тирилиш томон одим отмоқдасиз. Қўрқманг, зотан ўзининг қалби ҳам сийнасида ярим килолик юк ҳолига келган Диктаторнинг сизнинг ҳис туйғуларингизни ўқиши имконсиздир.  Қўрқманг ва энди нима қилсам экан, дея намли кўзларингиз билан атрофга боқинг. Бола-чақам, уйим-масканим нима бўлади, деган андиша ҳам сизни беқарор қилмасин. Зеро, қабрдаги марҳум ёлғиздир ва унинг ўзидан бошқа халоскори йўқ. Ўзингизга менинг эътиқодим тўғрими, деган саволни беринг ва унга яна тўғри жавоб топиш йўлларини изланг. Маъносиз ўтган кунларингизга пушаймон бўлиб, надомат кўз ёши тўкишингиз, пешонангизнинг сажда кўриши, ёлғон ва ҳаромдан хазар қила бошлашингиз ва зулмга қарши мазлумларнинг сафига ўтишингиз сизнинг қалбингизнинг қайта тирила бошлаганига ишоратдир. Шундан кейин, истанг Ўзбекистонда қолиб яширинча диктатурага қарши кураш сафларига қўшилинг, истар муҳожирликни ихтиёр қилиб, мухолифатнинг кучланишига ёрдамчи бўлинг, нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистондаги диктатура режимининг ўртадан кўтарилишига ўз ҳиссангизни қўшинг. Инсонларнинг шу сизми, сиз кечагина Каримовнинг қўғирчоғи эдингиз, деган сафсаталари асло маънавий тирилиш томон отаётган қадамларингизни сусайтирмасин. Чунки банданинг тавбасини банда эмас, Парвардигоримизнинг Ўзи қабул қилади. Унутмангки, Аллоҳ таоло гуноҳ қилмайдиганларни эмас (чунки инсон фарзандлари ичида бундайлари бўлмайди), гуноҳ қилгандан кейин, тавба қилиб, яхшилик қиладиган бандаларини севади.

Даъватимизнинг охири оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамд айтишдир. Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва мағфирати Унинг ҳидоятига эргашганларга бўлсин! Омин!

 

Намоз Нормўмин,

8 июнь 2012 йил. Осло, Норвегия.