Молига арзимас
Бойлар бордир, ғарибларга раҳм айлар,
Бордир бойлар, йиққанига арзимас.
Гўзал бордир, дунё молин харж этсанг,
Бордир гўзал, еганига арзимас.
Дунёда бахилнинг юзини кўрма,
Ҳар не муҳтож қолсанг, олмагил, берма,
Қул экан деб, эрнинг аслини сўрма,
Хожаси бор, у бир қулга арзимас.
Дунё молин берсанг, эгаси сотмас,
Шоҳ истаса, анинг тилаги битмас –
Бедов бор, пул берсанг, баҳоси етмас,
Бордир бедов, тўқим, жулга арзимас.
Бедов керак эрга савашда сархуш,
Қатнашсанг ёт билан бўлар қариндош,
Яхши ўғил, яхши аёл, қиз қардош,
Топган моли тутганига арзимас.
Махтумқули, бу дунёнинг ишратин:
Емоқ, ичмоқ, минмоқ, қучмоқ, суҳбатин,
Бир нечалар мудом қилар тоатин,
Жойнамознинг баҳосига арзимас.
Сўлган кабидир
Сахийлар шод бўлар меҳмон келганда,
Жоҳил шод бўлади ўйнаб, кулганда,
Одам ўғли саксон ёшга етганда,
Кўрсангиз, қизил гул сўлган кабидир.
Бир неча одам бор, йиғар тангани,
Ўзига эп кўриб кезар ўнгини,
Номусли мард йигит олса янгани,
Элбурун акаси ўлган кабидир.
Яна бириси бор, дарвешлар боши,
Бадани оқ бўлар, муллодир таши,
Саҳар нолишида кўзида ёши,
Дўзах азобини тортган кабидир.
Махтумқули ўқиб, китобин очса,
Қирқ чилтон жам бўлиб шаробин ичса,
Мол топган мард йигит зурёдсиз ўтса,
Ўлмасдан давлати талон кабидир.
Ҳисор тоғиндадир
Ҳисор тоғи буюк бўлар,
Усти тўлиқ кийик бўлар,
Мерганларга суюк бўлар,
Борсанг, Ҳисор тоғиндадир.
Ҳисорнинг бордир тўраси,
Кўрганнинг кетар ҳаваси,
Қиз-жувонларнинг сараси,
Кўрсанг, Ҳисор тоғиндадир.
Қўҳ эрур ернинг султони,
Кўксида қурмиш дўконни,
Уч юз олтмиш пир макони,
Борсанг, Ҳисор тоғиндадир.
Маскан тутган чорвадорлар,
Йўл устида ётар морлар,
Теграсида битар гуллар,
Чиқсанг, Ҳисор тоғиндадир.
Фаланглар чирпаниб чиққан,
Бўз мароллар қиё боққан,
Булбуллари жонни ёққан,
Юрсанг, Ҳисор тоғиндадир.
Махтумқули, деяр, дағи,
Ёқибдир Ҳисорнинг тоғи,
Ишқ этиб сафоли чоғни,
Сурсанг, Ҳисор тоғиндадир.
Не фойда
Карбало чўлида жовза мавж урса,
Боди барон оққан селдан не фойда,
Булбул қафас ичра гирёна турса,
Боғларда очилган гулдан не фойда.
Ориф бўлсанг қулоқ қўйгил ўгитга,
Бир япроқ чиқарми қуруқ таёққа,
Қашшоқ бўлиб қолган молсиз йигитга,
Беримсиз бойлардан, пулдан не фойда.
Бедовнинг яхшиси йўрғаси бўлар,
Тўйларда чопилар, байроқлар олар,
Тобланмаган отлар тўзонда қолар,
Устига ёпилган жулдан не фойда.
Қулон, кийик ул Қорунга мол бўлса,
Баҳодирлар куни Рустам, Зол бўлса,
Қудрат билан бир яланглик кўл бўлса,
Боши берк тортилган йўлдан не фойда.
Фақир, мискин билан бир ерга кетсанг,
Ёдидан чиқармас марҳамат этсанг,
Айтар Махтумқули, жонингдан ўтса,
Ўғил-қиз, жувондан, молдан не фойда.
Елмиш бу дунё
Йўқлик диёридан вужуд шаҳрига,
Уч юз олтмиш кунлик йўлмиш бу дунё,
Юриб-юриб бир соҳилга етишдим,
Борсам, мендан бурун тўлмиш бу дунё.
Мен ўзимни бу мажлисга етирдим,
Жаҳон томошасин кўзга илдирдим,
Қулоқ солиб бир кўшкда ўтирдим,
Бер-ҳо, бермиш, ол-ҳо, олмиш бу дунё.
Қайси бир қудратин десам муяссар,
Бирин-бирин айтсам келмас сар-басар,
Усти фалак, ости анинг етти ер,
Ундан пастга тушсам, елмиш бу дунё.
Айтар Махтумқули, ёр бўлса Худой,
Анинг бирлигига сен қилгил парвой,
Бўлган кунинг тўйдир, ўлган кунинг – вой,
Бошдан, оёқ, галма галмиш бу дунё.
Туркманчадан Мақсуд Асрор ўзбекчалаштирди