Тожикистон аҳолиси энг аввало Ўзбекистонни ўзига таҳдид сифатида кўришини кўрсатган янги сўров натижаларига баҳо бераркан, маҳаллий журналист Зафар Суфий бунга қўшилмаслигини айтади.
Тожикистонлик журналистнинг ўз кузатувларига таяниб айтишича, одамларни Ўзбекистон эмас, Ўзбек ҳукуматининг амаллари таҳликага солиб қўйган.
[soundcloud id=’100765186′ color=’#B8240D’]
Агар, янги сўров натижаларига қаралса, Тожикистон аҳолиси, ҳатто, Афғонистон ҳам қолиб Ўзбекистонни ўзларига энг катта таҳдид деб билишаркан.
Ўтган ой “Марказий Осиё Барометри” мустақил ноҳукумат ташкилоти томонидан ўтказилган сўровга кўра, қарийб ҳар тўртинчи тожикистонлик шундай фикрда.
Тожикистонлик журналист, ўз ўрнида, фақат Ўзбекистон ҳукуматини айблаш истаги йўқлиги, албатта, Тожикистон ҳукуматининг ҳам бу ерда айби борлигини алоҳида таъкидлайди.
“Тўғрироғи, икки шахс, икки президент орасидаги совуқ муносабат баъзи фаолиятларга олиб келдики, мисол, Тожикистоннинг жанубий минтақасига борадиган темир йўли қанақадир бир баҳона билан фаолиятдан тўхтаб қолди. Тожикистонга келадиган поездлар Ўзбекистонда, ҳатто, баъзилари барча халқаро қонунларига хилоф тарзда тўсилиб, текшириб ўтказилади. Роғунга олиб боради деб, Эрондан ёки бошқа жойдан аҳоли эҳтиёжи учун олиб келинаётган цементлар туширилаяпти. Бошқа шунга ўхшаган бошқа қурилиш маҳсулотлари туширилаяпти. Ишқилиб, шунга ўхшаш “йўл тўсишлар” Тожикистон аҳолисида қанақадир бир таҳликани вужудга келтирган”.
“Ҳеч қачон ҳеч бир миллат ва ё ҳеч бир мамлакатда бошқа давлатда бўлаётган ҳолатдан қўрқув вужудга келмайди. Билъакс, нафрат вужудга келиши мумкин. Ва ҳамиша унга қарши туриш учун тайёргарлик бўлади. Бундан эса, ҳар битта авторитар режим ҳар қачон ўз манфаатига фойдаланишга ҳаракат қилади. Яъни, ўзининг қонунийлигини амалда исботлашга ҳаракат қилади”.
Ҳамма билади
Журналистнинг биз билан суҳбатида айтишича, икки давлат орасида вужудга келган бу каби вазиятда Тожикистон раҳбариятининг ҳам ҳиссаси, ўрни борлигини мамлакат аҳолиси яхши билади.
“Бу фаолиятнинг илдизлари икки мамлакат раҳбарларининг муносабатларига бориб тақалишини ҳамма билади, аммо ҳамма ҳам айтишга журъат қилмайди. Ва баъзи ҳолатларда айтадиган жой ҳам йўқ, афсус”.
“Аммо, бошқа томондан, Тожикистонда ва ўша Ўзбекистонда ҳам муқобил таблиғот воситаларининг йўқлиги туфайли тожик ҳукумати бутун таблиғотини ўша томонга қаратади. Яъни ташқаридан улар қўйишмаётгани сабаб, бизда иқтисодий ёки ижтимоий муаммолар келиб чиқаяпти деб….Аслини олганда, бунақа эмас”, дейди у.
Суҳбатдошимиз аҳолида бу каби кайфиятлар кучаядиган бўлса, ҳақиқатда жиддий вазият юзга келиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам рад этмайди.
“Чунки, афсуски, на Ўзбекистон ва на Тожикистонда ижтимоий институтлар фаол эмас. На деярли бирон тузукроқ партия бор, мухолиф партия, на бир гуруҳ бор, икки мамлакатда ҳам икки киши тайинлайди: Ўзбекистонда Каримов, Тожикистонда Раҳмон. Агар, шу нуқтаи назардан оладиган бўлсак, ҳар нарса кутиш мумкин. У ҳам, мисол, отдан тушаётган бўлса, ўзангисидан тушмаяпти, бунисиям. Шу нуқтаи назардан, хавотирли вазият мавжуд ҳақиқаттан”, дейди тожикистонлик журналист.
“Бу сув масаласиям бир баҳона, бу йўл масаласиям бир баҳона. Ишқилиб булар ҳаммаси бир баҳона. Аслида мана бу икки шахс орасидаги муносабатлар ўнгланса, илиқлашса, булар ҳаммаси йўқ бўлиб кетади”, дейди у энг сўнггида.
“Фақат халқаро миқёсда Тожикистонни қоралашга улар ҳаракат қилишаяпти, бу томондан Ўзбекистонни қоралашга булар ҳаракат қилишаяпти. Бу икки орада бечора халқнинг пули кетаяпти, ишқилиб, икки томондан икки халқнинг орасидаги муносабатлар ёмонланаяпти, икки халққа зарар етаяпти, тамом”.
Журналист, шунда ҳам, ўз касбий фаолиятидан келиб чиқиб, бу каби сўровлар натижаларига ишонмаслигини алоҳида таъкидлайди.
“Чунки сўровлар ҳамиша олдиндан, қайсидир маънода, натижалари аниқ бир ҳолатда ўтказилади. Минг киши, икки минг киши, ажаб эмас, қайсидир бир таблиғот остида бу фикрни айтган бўлиши ҳам мумкин”.
Сўров иштирокчилари Ўзбекистондан кейин Афғонистон(22%) ва Америка Қўшма Штатлари(7%)ни ўзларига хавф, деб билишларини айтишган.
Янги сўров мингдан ортиқ киши орасида олиб борилган ва унда одамларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий “кайфиятлари”ни ўрганишга ҳаракат қилинган.
Совуқлашув
Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи сабаб, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларга жиддий путур етган.
Ўзбекистон томони қўшни Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСига ҳам кескин қарши.
Ўтган йил Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов айнан шу икки ГЭС қурилишини назарда тутиб, “вазият урушга олиб келиши мумкин бўлган даражада кескинлашиб кетиши мумкин”лиги билан ҳам огоҳлантирганди.
Унинг бу чиқиши минтақадаги айрим давлатлар томонидан хавотир билан ҳам қарши олинганди.
Президент Каримов эса, “чегаралароша дарёлар масаласида минтақа давлатлари жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ тутиши лозим”лигини таъкидлаб келади.
Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам бу икки ГЭС қурилиши ўз мамлакатлари иқтисоди учун ниҳоятда муҳимлигини урғулашади.
Ўзбекистон тарафига кўра, хусусан, Роғун ГЭСини юргизадиган даражада сув тўплаш учун камида 8-10 йил вақт кетади.
Бу дегани – қуйида жойлашган ва деҳқончиликка асосланган Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар узоқ йиллар сувсиз қолиб кетишлари мумкин.
Шунингдек, зилзила тез-тез рўй бериб турадиган ҳудудда баланд сув омборлари тўғонларини тиклаш ҳаракатлари ҳам пастда жойлашган Ўзбекистондаги мутахассисларини қўрқитади.
Қозоғистонда янграган баёнот эса, Ўзбекистон раҳбарининг бу масалада қилган энг кескин баёноти сифатида кўрилганди.