Қўшнимиз Тожикистон халқининг қайта қуриш ва мустақиллик йилларида оғир кунларни бошидан кечирганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Сиёсий истиқрорсизлик ва фуқаролар уруши бу мамлакатдаги биродарларимизнинг бошига қийин кунлар солди.
Шундан кейин ҳукумат ва муҳолифат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди ва қўшма (коолиция) ҳукумати тузилди. Аммо Президент Раҳмонов аста секинлик билан мухолифатнинг ҳукуматдаги вакилларини ишдан узоқлаштира бошлади. Натижада Тожикистонда ҳам худди Ўзбекистонда бўлгани каби бир шахснинг диктаторлиги ўрнатилди…
Шунга қарамай ҳозирги вақтда Тожикистонда оз бўлса ҳам фикр ва эътиқод эркинлигининг нишоналарини кўришимиз мумкин. Яъни, бу қўшни мамлакатда Ўзбекистонда бўлгани каби ижтимоий сиёсий ҳаёт тамоман “ўлдирилмаган”. Ватанимизда на мустақил сиёсий мухолифат на да эркин матбуотдан нишон ҳам йўқлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Тожикистонда эса бутунлай бўлмаса ҳам матбуотда мустақил фикр билдиришга имкон бор. Шунингдек, бу давлатда эски СССР ҳудудида ягона бўлган Исломий партиянинг фаолиятига ҳам рухсат берилган.
Шу кунларда Регнум интернет портали Тожикистондаги ижтимоий сиёсий муҳит ва бу мамлакатдаги сўз эркинлиги ҳақида батафсил маълумот берувчи мақолани эълон қилди. Ҳурматли ўқувчиларимиз ушбу мақолани ўқигандан кейин Тожикистон ва Ўзбекистондаги аҳволни қиёслаш орқали диктатор Каримов режимнинг нақадар ваҳшийлигига яна бир марта амин бўладилар, деб ўйлаймиз.
ЎХҲ Матбуот Бўлими