Сунъий йўлдошдан олинган сўнгги фотосуратлар Орол денгизи йўқотилди, деган фикрларни кучайтирди. Ҳозир денгизнинг 90% қисми саҳрога айланиб улгурган.
Айниқса, Ўзбекистон тарафида денгиздан деярли ҳеч нарса қолмаган. Америкалик журналист ва тадқиқотчи Тара Фитзжеральд яқинда Оролнинг ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қозоғистон тарафида бўлиб, вазиятни кузатган.
Би-би-си Ўзбек Хизмати Тара Фитзжеральдни суҳбатга тортди ва аввало, Орол денгизи деймизу, аслида бу денгиз қолганми, деб сўраган.
Тара Фитзжеральд: Денгиз бор, лекин у жуда ҳам қисқариб кетган. Ҳали 1960-йилларгача ҳам Орол денгизи дунёнинг тўртинчи йирик ёпиқ денгизи эди. Ҳозир бу денгиз сувининг 90% қисми йўқолди, сатҳи эса 80%га қисқарди. Қурий бошлаган Орол иккита алоҳида қисмга бўлиниб кетган. Қозоғистон қисми Кичик Орол дейилади. Ўзбекистондаги асосий қисми эса Катта Орол, деб аталмоқда. Ўзбекистондаги Катта Оролни аллақачон йўқолиб бўлди, дея уни тиклашдан умид узишган. Аммо Қозоғистон ўз ҳудудидаги денгизни кенгайтириб, у ерда балиқчиликни жонлантиришга интилмоқда.
Би-би-си: Нега Қозоғистон Кичик Оролни кенгайтираётган бир пайтда Ўзбекистон ўз ҳудудидаги денгизни тирилтира олмаяпти. Сабаби нимада? Қозоғистоннинг пули кўпми ва ё Ўзбек ҳукумати эътибор бермаяптими?
Тара Фитзжеральд: Ҳар икки фикрда ҳам бироз жон бор. Қозоғистонда маблағ кўпроқ ва уларда сиёсий истак-ирода ҳам бор. Бунинг устига, Қозоғистон ҳиссасига қуриётган Оролнинг кичик қисми тушган. Кичик Оролни бошқариш имкони бор. Қозоқлар Жаҳон Банки билан биргаликда ана ўша Кичик Оролни тўғон билан Катта Оролдан бутунлай ажратиб олишди. Кейин Сирдарёдан келадиган сув Катта Оролга кетмай, Кичик Оролнинг ўзида тўплана бошлади. Яъни Қозоқ тарафидаги сув Катта Оролга оқиб кетиб, саҳрога сингиб ёки буғланиб кетаётгани йўқ. Айни дамда, Қозоқ томонида Сирдарё суви ҳамон Оролга қуйилаяпти. Ўзбек тарафида эса Амударё ҳозир Оролга етиб бормайди. Ўзбекистон Оролни асраш учун зарур сувга ҳам эга эмас.
Би-би-си: Демак, Ўзбекистон ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда денгизни қутқаришга қодир эмас, шундайми?
Тара Фитзжеральд: Ўзбекистонда унчалик кучли сиёсий истак-ирода йўқ. Лекин ўзбекларда ҳозир Оролни қутқариш учун зарур пул ҳам йўқ. Биласизми, Ўзбекистон тарафида денгизнинг жуда улкан ва асосий қисми бор эди. Мамлакат уни сақлаб қолишга имконсиз эди. Ўзбекистон тарафи бу масалада халқаро ташкилотлар билан етарлича ҳамкорлик ҳам қилмади. Масалан, Қозоғистон ҳам ўз кучи билан Кичик Оролни қайта тўлдира олмасди.
Би-би-си: Сиз Ўзбекистон ҳамкорлик қилмади, деяпсиз. Лекин мен, шахсан, етакчи Ўзбек мутахассислари билан бу масалада кўп гаплашганман. Уларга кўра, халқаро ҳамжамият аслида Оролни қутқаришга етарли эътибор ва маблағ ажратмаган. Бир етакчи ўзбек мутахассиси халқаро Орол анжуманига борса, у ердаги ғарблик мутахассислар ҳатто Орол денгизини Ўрал тоғлари билан алмаштириб ўтиришган экан. Шу боис, айбни Ўзбекистоннинг устига ағдаравериш адолатдан, деб ўйлайсизми?
Тара Фитзжеральд: Йўқ, албатта… Мен Оролнинг Ўзбекистон тарафида бир пайтлар бандаргоҳ бўлган Мўйноқ шаҳрига борганимда аччиқ латифа эшитдим. Одамлар мен билан суҳбат жараёнида “Орол бўйига келган ҳар битта одам бир челакдан сув келтирса, аллақачон денгиз қайта тўлган бўларди” деб ҳазил қилишди. Ростдан ҳам Орол бўйида яшовчи одамлар дунё бизни унутган, деб ўйлашади ва улар истаган ёрдам ва эътибор масаласида халқаро ҳамжамият керагича иш қилмаётганини айтадилар.
Би-би-си: Дарвоқе, сиз мана яқинда Қорақалпоғистондан келдингиз. Оролнинг Ўзбекистон тарафидаги ҳаёт борасида маълумотлар жуда кам. Умуман, у ерда инсонлар қандай яшашмоқда?
Тара Фитзжеральд: Оролнинг Ўзбекистон тарафи, шаксиз, ҳаёт асари йўқ ва ташландиқ туюлади. Бу ерлар Ўзбекистоннинг жуда овлоқ ҳудудлари ва қорақалпоқларнинг айтишича, ўзбек ҳукумати ҳам, дунё ҳам уларни унутиб қўйган. Ҳеч ким биз учун қайғурмайди, деган қарашлар кучли. Мўйноқ аҳли азалдан балиқчилик ва кемасозлик билан шуғулланиб келган. Аммо бугун айни соҳалар йўқолиб кетган ҳисоб. Шу боис, кўплаб эркаклар иш излаб бошқа ўлкаларга кетишга мажбур. Кўпчилик Қозоғистонга кетмоқда.
Би-би-си: Айрим хабарларга кўра, қорақалпоқлар Ўзбекистонни ташлаб, бутунлай Қозоғистонга кўчиб кета бошлашмоқда. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Тара Фитзжеральд: Мен ҳам бу ҳақида эшитдим. Менимча, бунинг сабаби бошқа жиҳатларга ҳам боғлиқ. Қорақалпоқлар миллий ва тил жиҳатдан ўзбекларга эмас, балки қозоқларга кўпроқ яқин ва уларнинг орасида ўзаро меҳр ҳам кучлироқ. Шу боис Қозоғистонга кетиш улар учун катта қадам эмас. Жўғрофий жиҳатдан эса чегара оша Қозоғистонга ўтиб кетиш осон.
Би-би-си: Мана сиз Оролнинг икки тарафида ҳам бўлгансиз. Агар Ўзбекистон ва Қозоғистон тарафини солиштирсангиз, хотирада муҳрланиб қолувчи энг катта фарқ нима?
Тара Фитзжеральд: Қозоғистоннинг Орол ёки русчада Аралск, деб аталадиган шаҳарчасига борсангиз, у ерда ҳамон ҳаёт мавжудлигини, одамлар кўнглида умид сўнмаганини кўрасиз. Инсонлар учун иш бор, кичик тижорат қилиш мумкин, балиқчилик жонланмоқда, завод-фабрикалар очилаяпти. Ўзбекистон тарафида эса ҳаёт нуқсини кўрмайсиз. Мўйноқ шаҳри битта узун кўча бўйлаб чўзилиб кетган. Уйлар нурамоқда, қандайдир бўшлиқ ҳукмрон. Атрофда ташландиқ эски касалхона, балиқчилик хўжаликлари ва заводларни кўриб, у ердаги ҳаёт қанчалик умидсиз эканини илғайсиз. Қозоғистонда аҳвол бу даражада эмас.
Би-би-си: Сиз Оролнинг Ўзбек тарафидаги ҳаёт ва денгиз тақдири борасида Ўзбекистонда мутахассис ва ё расмийлар билан гаплашдингизми? Улар нима дейишади?
Тара Фитзжеральд: Мен бир ҳукумат мулозими билан гаплашишга кўп ҳаракат қилдим, лекин ҳамон у билан учраша олганим йўқ. Асосан, минтақада иш олиб борган халқаро ташкилотлар билан, мутахассислар билан гаплашдим. Орол масаласи Ўзбекистон учун жуда ҳассос мавзу. Чунки денгиз қуриши қайсидир маънода пахта саноатига ҳам боғлиқ. Шу боис одамлар бу борада гапиришни хушлашмайди. Чунки гапдан гап чиқиб, денгиз қуришида ким ё нима айбдор, деган саволлар чиқиб келаверади.
Би-би-си: Ўзбеклар Оролни қутқариш борасида жуда умидсиз. Ҳозирги ҳолида сақлаб қолсак ҳам катта гап, қабилидаги фикрларни эшитганман. Сизнингча, ҳозир Ўзбекистон нима қила олиши мумкин?
Тара Фитзжеральд: Мен бутунлай умидни узиш керак, деган фикрни айтишдан ўзимни тийган бўлардим. Лекин Оролни жонлантириш учун Ўзбекистон жуда катта маблағ сарфлаши керак. Аввало, Амударёни Оролга етказиш учун канал қазиш лозим. Ўзбек тарафида қолган денгиз қисмида сувнинг шўрланиш даражаси жуда баланд ва бу сувда бирон турдаги балиқнинг яшаб кетиши имконсиз. Ушбу воқеликлар денгизни тиклаш ва ё балиқчилик саноатини жонлантириш ҳаракатлари йўлида турадиган илк тўсиқ ва муаммолардир. Орол денгизининг Ўзбекистон тарафида қолган денгизга қўлингизни солсангиз, сув шунчалик шўрки, ундаги туз қўлингизни ачиштиради. Қозоқ тарафида эса шўрланиш бу даражада эмас. Фарқни билиш учун қўлингизни шунчаки денгизга солиб кўрсангиз бўлди.
Би-би-си: Тақдир ўйинини қарангки, ҳали 20 йил олдин ҳам Сирдарё Оролга етиб бормай қолганди. Минтақанинг энг серсув дарёси бўлмиш Амударё эса қуйилиб турарди. Бугун эса аксинча, Сирдарё Оролга қуйилмоқда, Амударё эса йўқ. Бунинг сабаби нимада?
Тара Фитзжеральд: Мен бу воқеликни тўла тушунмайман. Билишимча, Сирдарё Орол денгизига етмай қолганида бутун денгиз йўқотилди, деган фикрга келинган. Кейин Сирдарё бўйида яшовчилар сувни тежай бошлашган ва дарёга тўғон ташлаганлар. Ўшанда одамлар Орол денгизини бутунлай унутиб юборишганди. Кейинроқ, 1980-йиллари янги балиқ турларини олиб келиб, дарё тўғонини очишган. Шу асно Сирдарё Оролга қуйила бошлаган.
Би-би-си: Лекин Ўзбекистон тарафида Амударё нега Оролга етмай қуриб кетмоқда?
Тара Фитзжеральд: Бунинг сабаби оддий. Амударёдан жуда кўп сув олинмоқда ва дарё ўзанида сув йўқ. Шу боис Оролга етмасдан Амударё суви тугаяпти. Мўйноққа яқин ерларда Амударё буткул йўқ бўлиб кетади.
Би-би-си: Амударё сувини энг кўп ким қуритаяпти? Сунъий кўл қураётган туркманларми, сувталаб пахта экаётган ўзбекларми, улкан ГЭСлар қуришга интилаётган тожикларми ёки бироз тинчиб, деҳқончилик учун суғориш сувини ола бошлаган афғонларми?
Тара Фитзжеральд: Менимча, ҳар ким оз-оздан сувни олмоқда. Назаримда, Марказий Осиёдаги сув захираларидан қандай фойдаланиш жараёни рисоладагидек назорат қилинаётгани йўқ. Орол муаммоси ҳозир фақат икки мамлакат – Қозоғистон ва Ўзбекистон елкасига тушмоқда. Лекин мавжуд ҳолатни ўзгартириш фақат бу икки мамлакатга боғлиқ эмас. Оролга келадиган дарёлар бошқа мамлакатлардан ҳам оқиб ўтади. Шу боис сув назорати соҳасида бошқа мамлакатлар ҳам ҳамкорлик қилишлари керак.
Би-би-си: Ҳозир бундай ҳамкорлик йўқ. Аксинча, Тожикистон Амударёга келадиган дарё устида дунёдаги энг баланд тўғонни ташлаб, улкан ГЭС қурмоқчи. Демак, бу йўлдаги Ўзбекистоннинг хавотирлари жуда ўринли, шундайми?
Тара Фитзжеральд: Шаксиз, шаксиз. Роғун қурилиши борасида Ўзбекистон билдираётган хавотирлар жуда ўринли ва асосли. Мен шундай фикрдаман. Алал оқибатда бунақа ишларнинг жабрини ўзбеклар тортишмоқда. Оқибатлар эса жуда тушкун ва фожеали кўринишда юзага чиқади. Афсус, минтақа давлатлари сув масаласида етарли даражада ҳамкорлик қилишмаяпти.
Би-би-си: Агар Тожикистон Роғун ГЭСини қурса, бунинг натижаси Орол ва Ўзбекистон учун қандай кечади?
Тара Фитзжеральд: Шаксиз, унда Ўзбекистон учун ҳеч қандай яхши натижалар бўлмайди. Орол денгизига келсак, воқелик у қадар ўзгармаса керак. Чунки Амударё шундоқ ҳам денгизга етмай, йўқолиб кетмоқда. Фожеа бундан ортиқ яна қандай бўлиши мумкин?
Би-би-си: Лекин Роғун ГЭСи омборига сув тўплаш жараёнида Амударё ҳажми бир неча йил тортилса, унда Хоразм ва Бухорога нима бўлади? Бу икки воҳадаги ҳаёт бутунлай Амударёга боғлиқ-ку?
Тара Фитзжеральд: Албатта, бу икки минтақа тақдири борасидаги хавотирлар асосли. Хоразм ҳам, Бухоро ҳам ҳамон оқиб турган Амударёга қараб қолган. Устига-устак, улар икки улкан саҳро – Қорақум ва Қизилқум ўртасида жойлашган. Шу боис у ердаги ҳаёт учун Амударё оқиб туриши муҳим. Хуллас, Роғун ГЭСи қурилса, Қорақалпоғистонгача бўлган ҳудудлар – Бухоро ва Хоразм учун оқибатлар аянчли бўлади. Бу – менинг фикрим.
Би-би-си: Айрим иқтисодчи ва деҳқончилик мутахассисларига кўра, агар Ўзбекистон сувталаб пахтадан воз кечиб, боғдорчиликка ўтса, унда қарийб 50 баравар кам сув ишлатилади ва натижада ҳам сув, ҳам озиқ-овқат таъминоти яхшиланади. Бу гаплар бир хомхаёлми ёки асосли илмий-назарий хулосаларми?
Тара Фитзжеральд: Менимча, бу қарашлар иқтисодий асосларга эга. Лекин уни амалда қандай қилиб бажариш мумкин – бош муаммо ана шу ерда. Биз иқтисоди битта экин – пахтага боғлиқ бутун бошли мамлакат ҳақида гапираяпмиз. Бу жараён бошингиздан дўппини ечгандек, бир зумда амалга ошириладиган иш эмас. Мазкур ўзгаришлар узоқ муддатли режалаштириш ва босқичма-босқич алмашиниш жараёнларини кўзда тутган ҳолда бажарилиши керак. Лекин Ўзбекистон ҳукумати қанчалик узоқни кўзлаётгани ҳам бу ерда муҳим ўрин тутади. Улар қисқа муддатда олинадиган фойдадан воз кечиб, пахта экишни тўхтатишмаса керак.
Би-би-си: Мутахассисларга кўра, пахта нархи арзон ва бу баҳо пахтанинг таннархини, яъни ҳосил олингунча кетган меҳнат, сув ва сарф-харажатни қопламайди. Шундай ҳолатда Ўзбекистон ҳукумати секин-аста бўлсаям пахтадан воз кечиши керак, дейишади. Аммо ҳукумат бу йўлда қандай мавқеини тутаётгани сезиладими?
Тара Фитзжеральд: Мен одамлар билан гаплашиб, ушбу масалада ўзгаришлар борлигини илғадим. Лекин улар жуда ҳам жузъий ўзгаришлар ва катта натижалар ваъда қилмайди . Ўзбекистон иқтисодини ранг-баранглаштириш зарур ва битта экинга кўз тикиб қолиш яхши эмас. Аммо тарих кучли нарса экан. Чунки пахта ўзбек жамияти ва иқтисодига шунчалик чуқур сингиб кетганки, ундан воз кечиш қанчалик осон кечишини тасаввур ҳам қилолмайман.
Би-би-си: Тожикистон ва Қирғизистон, ҳойнаҳой, янги ГЭСлар тиклашади, аҳолиси катта Ўзбекистон тобора кўпроқ сув истеъмол қила бошлайди ва Афғонистон ҳам тинчиса, деҳқончилик тикланиб, суғорма сувга эҳтиёжи ортади. Шу асно Оролга тобора камроқ сув боради. Иқлим исиши рост бўлса, музликлар тез эриб, дарёлар тортилади. Шундай ҳолатда минтақани яқин орада қандай тақдир кутмоқда?
Тара Фитзжеральд: Бу мамлакатлар фақат биргаликда ҳаракат қилишса, узоқ муддат омон қолишлари мумкин. Улар ўз ҳолича ҳаракат қилиб, сув ва бошқа захираларни, ўз келажакларини асраб қолишга қодир эмаслар. Чунки минтақа давлатлари тақдири чамбарчас боғланиб кетган. Минтақада узоқ муддат ҳаёт мавжуд бўлиши учун бу мамлакатлар ҳамкорлиги сув билан ҳаводек зарур.
Би-би-си: Орол денгизининг 90% қисми йўқотилди. Аҳвол бундан ҳам ёмонлашса, Ўзбекистон тарафида яна қандай фожеаларни кутиш мумкин?
Тара Фитзжеральд: Тўғриси, бундан баттар бўлишини тасаввур қилиш амримаҳол. Мўйноқда иқтисод йўқ, денгизда ҳеч бир жон яшамайди, денгизга боғлиқ бирон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконсиз. Ҳозир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аёллар қўл меҳнатини ривожлантириш бўйича кичик-кичик лойиҳаларни бошламоқда. Лекин бу мавжуд ҳаёт тарзини сақлаб қолиш йўлидаги уринишлар, холос.
Би-би-си: Демак, энди Орол денгизини йўқотиб бўлдик, у энди қайтмайди, деб бемалол айтишимиз мумкин, шундайми?
Тара Фитзжеральд: Мен Оролни қайтаришга умид қилмаслик керак, деган бир тушкун фикрни айтишни истамаган бўлардим. Бироқ вазият умидли кўринаётгани ҳам йўқ. Агар ниманидир сақлаб қолиш мумкин бўлса, бу ҳам Қозоғистон тарафидаги Кичик Оролдир. Ўзбекистонда эса Орол йўқотилди. Энди денгизни эмас, денгиз бўйида яшаган одамларни асраб қолиш ҳақида гапириш мумкин, холос.
BBC