Яқинда тожикистонлик ёзувчи Комил Бекзода бошлиқ бир гуруҳ тожик файласуфларининг “Жаҳонбинии оянда” (“Келажак дунёқараши”) номли китоби нашрдан чиқди. Китоб муаллифлари “Оламда Аллоҳ йўқ ва мавжуд шариат бу турли қавм ва миллатларнинг ихтиросидир”. деган хулосага келишди.
“Муқобил дунёқараш” эгаларининг бу хулосаси тожик жамиятидаги илмий ва диний доираларда кескин баҳсларга сабаб бўлаётир. Аммо шунга қарамай, китоб муаллифлари ўз хулосаларида устувордир.
Тожикистон Фанлар Академиясининг фалсафа, ҳуқуқ ва сиёсат институтининг илмий ходими Комил Бекзода китоб бир гуруҳ тожикистонлик файласуфларнинг 20 йиллик фаолияти натижаси бўлиб 22 та ижтимоий-фалсафий масалани ўз ичига олганини айтади.
“Китобимиздаги қарашлар илмий қарашлардир. Биз “Аллоҳ ким ва унинг вазифаси нима?”, дея савол берамиз. “Аллоҳ инсонларни ўлимидан кейин тирилтиради ва унга янги ҳаёт беради”. Бизингча бу Аллоҳнинг вазифаларини илмий жиҳатдан шу шаклда асослаб берган бугунги диншиносларнинг ақидасидир. Замонавий илм-фан одамни қайта тирилтиришнинг 24 хил йўлини билади. Яъни келажак илми инсонлар ақидасидаги Аллоҳнинг ўтмишдаги вазифаларини бажаради ва одамга абадий битмас умр беради. Шу нуқтаи назардан бир Аллоҳ, икки Аллоҳ ёки юз Аллоҳга сиғинишга ҳожат қолмайди”, дея мулоҳаза билдиради тожикистонлик файласуф Комил Бекзода.
Тожикистонлик диншунос олимлар, таҳлилчилар ва жамиятшунослар фикрича, аҳолисининг юзда 96 фоизи мусулмон бўлган Тожикистонда шундай бир китобнинг нашрдан чиқарилиши жамиятда салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
“Бу файласуфлар “агар Аллоҳ бўлса, Ўзини кўрсатсин” демоқдалар. Айнан шундай фикр 1400 йил аввал ҳам айтилган. Келгусида ҳам худди шунга ўхшаш фикрдаги одамлар пайдо бўлишига шубҳа йўқ. Лекин масаланинг бошқа томони шуки, мусулмон жамиятда яшаётган бир гуруҳ инсонлар Фанлар Академияси президентига мурожаат қилиб икки ўн йиллик давомида қўлга киритган “ютуқлари” ни одамлар орасида юриб тарғиб қилиш, яъни Аллоҳ ва ҳеч қандай осмоний китоблар ҳамда исломий қадриятлар йўқлигини одамлар онгига сингдириш учун битта енгил машина ажратишни талаб қилиши бу одамлар орасига рахна солмай қолмайди”, дея фикр билдиради дин соҳасида мустақил таҳлилчи Амруллоҳи Низом.
Аллоҳнинг борлигини инкор этган тожик файласуфларини қоралаган бошқа бир таҳлилчи Саъди Юсуфий тожик жамияти ҳеч қачон бу хил ақидалар таъсирига тушмаслигига ишонади.
“Динни зиёлилик нуқтаи назаридан қабул қилмай келган айрим файласуфларимиз ҳам бугун Аллоҳ ва Унинг расулига имон келтираётганига гувоҳмиз. Фикримча, бу китоб жамиятимизга ҳеч қанақа таъсир ўтказмайди ва халқ диққатини қозона олмайди. Чунки бу китобда худосизлик илми бирор нарса билан исботланмаган” , дея фикр билдиради Юсуфий жаноблари.
Тожик жамиятида Аллоҳнинг мавжудлиги, исломий қадриятларнинг инкор этилиши илк бор кузатилаётгани йўқ. Бундай ақидалар совет тузуми ва у қулагач мустақиллик даври бошларида ҳам айтилган. Аммо бундай фикрловчиларнинг косаси, кузатувчиларга кўра, тожик жамиятида ҳали оқаргани йўқ.
Тожикистонлик таниқли диншунос олим Ҳожа Акбар Тўражонзода фикрича, жамиятда бу хил ақидалар тожик ҳукумати қабул қилаётган “ғалати қонунлар” дан “сув ичади”.
“Дарҳақиқат қабул қилинаётган қонунлари аҳолининг аксар қисмини шўролар давридаги сингари Исломдан хабардор бўлиш, масжидларда номоз ўқишдан маҳрум қилаётир. Аммо бугунги раҳбарлар билан ўша давр раҳбарларининг фарқи шундаки, улари атеист, коммунист эди аммо иккиюзламачи, мунофиқ эмас эди. Коммунистлар раҳбарлари “Биз Аллоҳнинг мавжудлигига ва Исломга ишонмаймиз”, деб очиқча айтганлар. Бироқ, бугунги раҳбарлар, афсуски мунофиқдирлар. Мамлакат ичкарисида Исломга қарши курашадилар, аммо хорижга чиқиб “алҳамдулиллоҳ биз мусулмонмиз”, деб “бисмиллоҳ” билан сўз бошлайдилар. Шу тариқа булар ҳам ичкарида, ҳам мамлакат ташқарисида одамларни чалғитмоқчи бўладилар, дейди таниқли дин арбоби Тўражонзода.
Бир гуруҳ тожик файласуфларининг Аллоҳнинг мавжудлигини инкор этувчи фикрларини жамлаган китоб ўтган йил поёнида100 нусхада чоп чиққан эди.
Айни кунларда зиёлилар ва маҳаллий аҳолига текин тарқатилган китоб қўлдан қўлга ўтиб янада кескинроқ баҳсларни туғдирмоқда.
Бироқ, Тожикистон уламолари Кенгаши ислом маркази раҳбарлари бу масалада сукутни афзал кўраётирлар.
Нодира