O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Толибон ва Лукашенко Қримни Россия ҳудуди деб тан олди

Толибон ва Лукашенко Қримни Россия ҳудуди деб тан олди
110 views
04 December 2021 - 8:34

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган радикал исломий Толибон ҳаракати Қримни Россия ҳудуди деб тан олди.
Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Россиянинг Octagon нашрига берган интервюсида айтиб ўтган.
“Биз Қримда яшовчи халқ тарафидамиз ва улар нимани хоҳлаётганини тинглашимиз керак, чунки одамлар танлов ҳуқуқига эга. Агар одамлар Россияда яшашни истаса, биз улар билан биргамиз ”, деган у.
Шу билан бирга, Толибон матбуот котиби Россиянинг Европада ҳеч ким билан жанг қилишини истамасликларини таъкидлаган ва Қрим сабаб келиб чиқадиган эҳтимолий эскалациядан хавотир билдирган.
Расмий Москва Толибонни террорчи ташкилот деб тан олади, бироқ айни пайтда у билан музокаралар олиб бормоқда. Кремль бу музокараларнинг Афғонистондаги инқироз ва гуманитар фалокат қаршисида “мажбурий қадам” эканини таъкидламоқда. Россия президенти Владимир Путин “Толибон” ҳаракатини террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқаришга эришмоқчи эканлигини маълум қилди.
Лукашенко Толибонга эргашиб, Қримни Россия деб тан олди
Толибон ортидан Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам РИА Новости агентлигига берган интервюсида 2014-йилги референдумдан сўнг Қрим ҳар томонлама Россияники бўлиб қолганини таъкидлаган.
“Қрим де факто Россияники эканлигини ҳаммамиз биламиз. Референдумдан сўнг де-юре ҳам Россия ҳудудига айланди”, – деган Лукашенко.
Беларус президенти ҳам ярим оролга бориш нияти борлигини маълум қилган ва бу борада Россия президенти Владимир Путин билан келишиб олганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 2014-йил 16-март куни Украинанинг Қрими ҳудудида халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган “ярим орол мақоми бўйича референдум” бўлиб ўтганди. Россия президенти Владимир Путин 2014 йил 18 мартда “Қримнинг Россия Федерацияси таркибига қўшилиши” ҳақида эълон қилди ва бу халқаро ҳамжамият томонидан Украина ҳудудининг Россия томонидан аннексия қилиниши сифатида баҳоланди.

Эрк ДП хабар бўлими