O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Толибон Кобулга кирди. Афғонистон президенти Ғани мамлакатни тарк этди

Толибон Кобулга кирди. Афғонистон президенти Ғани мамлакатни тарк этди
1,050 views
15 August 2021 - 19:54
Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди, деб хабар берди маҳаллий ТОЛО Nеwс телеканали. ОАВ хабарларига кўра, у Толибон билан музокаралар чоғида лавозимдан кетишга рози бўлган.
АзияПлюс тожик медиа гуруҳининг хабар беришича, Ғани ўз маъмурияти раҳбари Фозил Маҳмуд Фазли ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиба ҳамроҳлигида Тожикистонга йўл олган.
BBC, Reuters каби халқаро ахборот воситалари Tolo News телеканалига таяниб, Ғанининг мамлакатдан чиқиб кетгани хабар қилинаётганини ёзди. Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла “Фейсбук”да эълон қилган билдирувида “Президент мамлакатдан чиқиб кетганини” ёзиб, унинг бу қадамини танқид қилди. Ғанининг Афғонистонни тарк этгани тўғрисидаги хабарни Афғонистон президенти девони шу пайтгача расмий тасдиқламади. Президент саройи ходимлари унинг хавфсизлигини таъминлаш учун қаерда эканлиги тўғрисида маълумот берилмаслигини Reuters агентлигига билдирди. Шу соатларда Толибон ҳаракати пойтахт Кобулни қуршаб олган. Баъзи норасмий хабарларга кўра, Кобул Толибон назоратига ўтган.
Манба: Ozodlik.org