O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Толибон Туркманистон яқинида кетма-кет икки туманни босиб олди

Толибон Туркманистон яқинида кетма-кет икки туманни босиб олди
187 views
14 August 2017 - 17:52

Афғонистон шимолида ИШИД билан бирга ўнлаб кишини “шафқатсизларча қириб ташлаши” баробарида Толибон мамлакатнинг Туркманистонга бевосита чегарадош яна икки шимолий вилоятида бирваракайига ҳужумга ўтган.

Ўтган бир неча ҳафтанинг ўзида Жаузжонда ўнга яқин қишлоқ, шанба куни эса, Фарёбда бутунбошли Ғўрмоч туманини босиб олишга муваффақ бўлгани маълум бўлган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқи катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари мамлакатни тарк этган ўтган уч йил ичида Толибон ҳаракати баҳорги амалиётларининг дастлабки нишонига айланган минтақа бўлади.

Худди шу вақт оралиғида Толибон якка ўзи ва ИШИД билан ҳамкорликда Афғонистонда уюштиришга муваффақ бўлган энг ҳалокатли ҳужумлари ва энг йирик муваффақиятлари ҳам айни шу минтақа ҳисобига тўғри келади.

Шундоққина биқинларида кузатилаётган бу каби ҳолат эса, ўтган уч йил давомида барча Марказий Осиё давлатлари қаторида Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ғўрмоч

Фарёблик масъулларга кўра, Ғўрмоч таслим бўлиши ортиданоқ, орадан саноқли соатлар ўтиб, тумандаги юзлаб толибларга қарши ҳам ҳаводан ва ҳам ердан ҳарбий амалиётлар бошланиб кетган.

Ўтган икки куннинг ичида қатор юқори мартабали қўмондонлари ва бир ўзбекистонлиси дохил элликдан ортиқ жангари ўлдирилган, яна ўнлабига тан жароҳати етказилган.

Фарёб вилояти ҳокими матбуот воизи Аҳмад Жовид Бедорнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, тан жароҳати етказилганлари орасида Толибон ҳаракатининг Ғўрмочдаги ҳокими Мулла Нодир ҳам бор.

Ўлдирилган ўзбекистонлик жангарининг шахси ва Толибон сафларидаги мавқеи ўрганилмоқда.

Унга кўра, Толибон сафларида ўзларига қарши яна покистонлик ва чечен жангарилари ҳам жанг олиб боришмоқда.

Матбуот воизининг сўзларидан аён бўлишича, ўтган икки кун ичида толибларга қарашли иккита танк, зирҳли улов ва катта миқдордаги оғир аслаҳалар ҳам вайрон қилинган.

Ўзлари беш нафар аскарларини бой беришган, ўнга яқини эса, яраланган.

Мингга яқин ҳарбий, бир қанча қирувчи тикучарлар жалб этилганига қарамай, туман ҳануз толиблар назорати остида экани, ўзаро жангларнинг ҳали-ҳамон давом этаётгани айтилади.

Толиблар бундан сал аввал Фарёбнинг Кўҳистонот туманини ҳам ўз тасарруфлари остига олишган, вилоятнинг стратегик жиҳатдан муҳим жойлашуви назарда тутиларкан, мавжуд ҳолат масъуллар, парламент вакиллари ва маҳаллий аҳолининг жиддий хавотирларига сабаб бўлган.

Туманни толиблардан тозалаш учун ҳам ҳаводан ва ҳам ердан йўлга қўйилган ҳарбий амалиётлар эса, бир неча кунга чўзилган.

Кўҳистонот баробарида Туркманистонга шундоққина қўшни Фарёб вилоятининг яна уч туманида йўлга қўйилган ҳарбий амалиётларнинг эса, ҳануз давом этаётгани айтилади.

Буёғи Жаузжон

Худди шу жанглар манзарасида толиблар Фарёбга бевосита чегарадош ва сўнгги йилларда ИШИД жангари гуруҳи ҳам фаоллашиб бораётгани айтилган Жаузжонда ҳам ўнга яқин қишлоқни босиб олишган.

Жаузжон Афғонистоннинг Туркманистонга шундоққина қўшни ва аксарият туманларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётгани айтилувчи бошқа бир шимолий вилояти бўлади.

Айнан шу вилоятда ИШИДнинг Афғонистонда бир вилоят учун тайин этган илк ҳокими қўлга олинган, ИШИД илк бор катта сондаги тинч фуқаронинг умрига зомин бўлган, ўзининг “зиндонига асос солиб, ўз маҳкамаларини ҳам йўлга қўйган”.

Сўнгги бор Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум лидери Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўтгани айтилган Дарзоб тумани ҳам худди шу Жаузжонда жойлашган.

Жаузжон вилоят ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бир неча ҳафтадирки, бу қишлоқлар толиблар назорати остида, у ерларда юзлаб толиблар ҳозир ва уларга қарши туриш учун вилоятда етарлича куч йўқ.

Суҳбатдошимизга кўра, бу хусусда кўмак сўраб, марказий афғон ҳукуматига ҳам мурожаат қилишган ва Сарипулдаги ҳарбий амалиётлар поёнига етгач, уларга мадад етказилиши айтилган.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозир фақат мудофаа мавқеида эканиликларига қарамай, мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, орада кечган вақт давомида беш қўмондони дохил камида 45 нафар толибни ўлдиришган. Толибоннинг Жаузжон бўйича ҳокими муовини Қори Ҳафизни оғир яралашган.

Матбуот воизига кўра, жанглар натижасида маҳаллий аҳоли ҳам жабр кўрган, уй-жой, мол-мулклари вайрон бўлган, сонлари аниқ эмаса-да, қурбонлар орасида, ҳатто, болалар ҳам бор.

Юзлаб одамлар эса, толиблардан қочиб, Оқча шаҳрига келишган, ёзнинг жазирама иссиғида хиёбонлардан бошпана топишган.

Хорижий жангарилар

Ҳам Фарёб, ҳам Жаузжон ва ҳам Сарипул сўнгги йилларда афғонистонлик масъуллар Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларига нисбат берувчи ўнлаб ўзбекистонлик жангарилар ўз оилалари билан кириб бориб, жойлашишга муваффақ бўлган асосий вилоятлари саналишади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, 2015 йилнинг августида Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳига тўлиғича байъати келтирган, аммо орадан қисқа вақт ўтмай, ҳаракат сафларида парчаланиш юз бергани, яна Толибонга мойил ўзаги ажралиб чиққани айтилган.

Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг айтишича, бу жангарилар ўз аёллари билан бирга асосан жанг олиб бориш, портловчи ускуналар ясаш ва уларни ўрнатишдан сабоқ бериш ишлари билан шуғулланишади.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, охирги ойларга келиб, Жаузжондаги ўзбекистонлик жангарилар сони анчайин камайгани кузатилган.

Ўтган яқин-ойлар ичида эса, айнан Жаузжонда Толибон ва ИШИД жангарилари орасида кетма-кет шиддатли жанглар кузатилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Аммо ҳар уч шимолий вилоятдаги сўнгги беқарорликлар манзарасида Тоҳир Йўлдош ўғлининг номи алоҳида кун тартибига чиқмаган.

Унинг ўзи ҳам бу хусусда расман ва ошкора бирор бир баёнот билан чиқмаган.

Аммо, лекин, бироқ…

Бундан бор-йўғи 10 кун бурун Толибон ИШИД билан бирга Жаузжонга бевосита чегарадош Сарипул вилоятининг Сайёд туманида қонли ҳужум уюштиришнинг уддасидан чиққан.

Туманнинг Мирзаваланг қишлоғида аксарияти бегуноҳ болалар ва аёллардан иборат камида 50 кишини “шафқатсизларча қириб ташлаган”.

Бунинг ортидан, бир неча юз кишилик қишлоқни қарийб бир ҳафта давомида қамал қилиб турган, фақат вилоят ҳокими ва маҳаллий оқсоқолларнинг музокаралари ортидангина, улардан 235 нафарини қўйиб юборишга рози бўлган.

Худди шу хабарлар манзарасида вилоят масъуллари Мирзавалангда яна катта сондаги одамлар қолган бўлишлари мумкинлигидан ўз хавотирларини изҳор этишган.

Толибон ва ИШИДнинг ҳамкорликдаги ҳужуми ортидан, минтақага юзлаб қўшимча мадад кучлари юборилган, аммо орадан фақат бир ҳафта ўтибгина, ўтган пайшанба кунига келиб, Сайёдни жангарилардан тозалашга қаратилган йирик ҳарбий амалиётлар бошланган.

Амалиётга мингга яқин ҳарбий, қирувчи вертолетлар ва жосуслик самолёти ҳам жалб этилган.

Аммо, минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ҳам ердан ва ҳам ҳаводан туриб олиб борилаётганига қарамай, ҳарбий амалиётлар жуда секинлик билан кечмоқда.

Аён бўлишича, жангарилар қишлоқдагиларнинг уйларига жойлашиб олишган ва инсоний талафотларнинг олдини олиш мақсадида ҳарбийлар худди шундай йўл тутишга мажбур бўлишмоқда.

Вилоят масъулларига кўра, мавжуд вазиятга қарамай, орада кечган тўрт кун давомида қатор юқори мартабали аъзолари дохил ўнлаб толибни ўлдиришган. Катта сондагисини яралашган.

Ҳалок этилганлар орасида Толибоннинг Сарипулдаги ҳокими собиқ муовини Мавлавий Абдулваҳоб, вилоятдаги Тарғибот ишлари бўйича масъули Мавлавий Содиқ ва минтақадаги муҳим қўмондонларидан бири бўлган Қори Қодирлар ҳам бор.

Агар, ҳарбийларнинг сўзларига таянилса, шу пайтгача Сайёддаги олти муҳим хавфсизлик назорат нуқтасини ҳам толиблардан қайтариб олишга муваффақ бўлишган.

Аммо, Кобулдаги мухбиримиз Абдулмўбин Ғафурийнинг айтишича, на-да масъуллар ва на-да ҳарбийлар ўзлари ва оддий инсонлар орасидан берилган талафотлар ҳақида бир сўз дейишмаган.

ИШИД ва Афғонистон шимоли

Сайёдда ҳамкорликда олиб борган қақшатқич жанглар ортидан, Толибон билан уришиб, улар сафларини тарк этгани этгани айтилган ИШИД жангариларининг ҳам худди шу минтақада ҳозир эканликлари айтилади.

Аммо ўтган пайшанба куни йўлга қўйилган йирик ҳарбий амалиётлар уларни ҳам қамраб олиш-олмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Сайёд – шу йил бошида Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи байроғи остида “афғон ҳукуматига қарши жангларини бошлаш учун” Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳамасосчиси ва дастлабки лидери марҳум Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўтгани айтилган туман бўлади.

2001 йилдаги АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг ҳарбий амалиётлари ортидан, Тоҳир Йўлдошнинг оиласи ва омон қолган жангарилари билан Афғонистонга қўшни Покистондан бошпана топиб келгани айтиб келинган.

Аммо 2009 йилда америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилгани ортидан, марҳум Тоҳир Йўлдош оиласининг қаерда жон сақлаб келаётганига оид аниқ ва муфассал маълумотлар шу кунгача имконли эмас.

Шахсига оид маълумотлар ҳали-ҳануз номаълумлигича қолаётган ўғлининг эса, қисқа вақтнинг ичида Сайёддан Жаузжоннинг, йилларки, иккита энг беқарор туманидан биттаси ва сўнгги пайтларда ИШИД жангарилари фаоллашаётганидан жиддий хавотирлар янграётган Дарзоб туманига ўтгани айтилган.

Аён бўлишича, сафларида хорижликлари ҳам бўлгани айтилган жангарилардан буткул тозаланмас экан, Сарипулнинг Сайёдидаги йирик ҳарбий амалиётлар давом этади.

Манба: Би-би-си Ўзбек