O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тошентга келмадикми ҳали?

Тошентга келмадикми ҳали?
172 views
22 October 2021 - 15:52
Бу гапларни кеча- байрам куни ёзгим келмади. Ёзмоқчи ҳам эмасдим. Сабаби, менгача ҳам анча инсон бу хақда гапириб, эътирозларини айтишди, ёзишди… Аммо…барибир жим тура олмадим.
Кинофестивалнинг биринчи куни.
Ўзбекона карнай-сурнай, ноғораларнинг дақа-думдаранги билан кутиб олинган меҳмонлар қулоғи миллий оҳангларимизга тўймади.
Янги таъмирланган “Ўзбеккино” анжуман иштирокчиларини ўзбекона кутиб олдию, охиригача ўзбекчиликни жойига қўя олмади. Ўша куни бир қанча тадбирлар мўлжалланган экан. Улардан бири- Хужжатли фильмлар режиссерлари билан учрашув эди. Ҳамма жам бўлгач, айниқса бир вақтлар “Угадай мелодия” си билан машхур бўлган, хозир хужжатли фильмлар олаётган Валдис Пелшжон тўрдаги жойларини эгаллагач тадбир ниҳоят бошланди.Энг аввал аҳамият бериб озорланган нарса шу бўлдики, русийзабон давлатлар, айниқса Россиядан бир қанча ижодкорлар таклиф қилиниб, қўшни ва Туркий давлатлардан келган фильм ижодкорлари саноқли эди. Хорижий телеканаллардан таклиф этилган журналистлар ҳам худди шу тарзда танланганди.
Мен миллатчи эмасман! Аммо “Культура”чилар чиққан тўрига Ўзбекистонда акредетациялари ўтган, маданиятимизнинг тағиботида ўрислардан фидойироқ бўлган бошқа телеканал вакиллари ҳам сиғарди.
Хуллас, тадбир бошланди. Янги Ўзбекистондаги янги “Ўзбекфильм”ининг яп-янги залида, эппа-эски қойидаларга қул бўлиб қолган мезбонлар тадбирни бошидан охиригача рус тилида олиб боришгани “кульминацион” зарба бўлди.
Тўгри, тўрида савлат тўкиб ўтирган меҳмонларнинг тўққизтадан саккизтаси русийзабон: белорусс, украин, ўрислашган қозоқ, қирғиз …аммо тўққизинчи бўлиб бир чеккада шумшайиб ўтирган Туркиялик меҳмон ҳам бор эдику! Қолаверса тўрида бўлмаса хам залда , узоқ-яқин хориждан келган рус тилини билмайдиган меҳмонлар, журналистлар ҳам бор эди.
Бечоралар бирорта гапни тушунмай жавдираб ўтиришди. Айниқса “Ўзбеккино” ва “Ўзбекистон хужжатли фильмлар студияси билан ҳамкорликда “Алишер Навоий” фильмини ишлаган турк режиссерига ичим оғриди.
Бир сўз берилганларга мўлтираса, бир залдагиларга жавдирайди. Ҳамма жим тингласа қулоқ тутиб, қарсак чалишса қарсак чалади. Тил билмаса ёмонда. Сабр косаси тўлиб, жахли чиқаётгани шундоқ қош- қовоғидан кўриниб турарди.
Ахир икки йил давомида келиб-кетиб юрган, Ота юртида оталарининг тили эмас, бегона тил ҳукмронлик қилса алам қилмайдими? Шу одам бир сўм пул олмай ўзбекнинг буюк шоири хақида турк тилида фильм ишлади. Қирқдан ортиқ олимлардан интервьюлар олиб Америкадан Хиротгача бориб фильм яратсаю Навоийнинг авлодлари унинг хурмати учун атиги битта тадбирда ўзбек тилида гапира олишмаса.
Ҳамма хурмат, иззат -икром, “Ўзбеккино” буюртмаси ва хомийлиги асосида яратилган буюртма фильмлар ижодкорларига бўлди.
Унинг ёнида ортиқча курси ҳам йўқки, озроқ бўлсада гапираётганларни англатиб турсам…
Ниҳоят унга ҳам сўз беришди.
“Ўзи нега мени чақирдинглар, барибир ҳеч балони тушунмадим”
деб бопласа керак деб ўйладим, лнкин у одоб чегарасидан чиқмай меҳмонлар ва ўрисқул ўзбекларга туркона салом бериб кинофестивалга тақдим қилган “Алишер Навоий” фильми хақида гапириб кетди.
Тилларимиз яқинлиги боис, унга таржимон бириктирилмаган. Шундай бўлсада мен туркчадан-ўзбекчага ўгириб турдим.
Лекин кайфиятим бузилиб , асабийлашиб қолгандим. Бир қарашда арзимас, аммо тил билган инсон дарров илғайдиган хатолар билан бўлсада айтаётганларини англатдим. Мутахасис бўлмасанг қийинда, кайфият-пайфиятга қарамай тўғри, равон, ҳаяжонни босиб гапирасан. Ҳаваскор бўлсанг эплаганингча эплайсан. Туркиялик меҳмоннинг нутқи тугаб жойимга қайтсам таниқли режиссерларимиздан бири дакки бериб, қовоқ уйди:
-Ты чё…русский язык не знаешь? Почему на узбекский перевела?
Жахлим баттар алангалади. Рус тилинику биламан. Балки улар тадбирни ўз тилимизда олиб боришганида, ёки хеч бўлмаса рус тилини билмайдиган хорижликлар учун замонавий таржима ускуналарини тарқатишганида мен ҳам тўридаги машҳурлар хурмати икки тилга таржима қилишни уддалардим. Аммо саломга яраша алик қайтаришни афзал кўргандим.
-Жаль, гости не поняли турка!
Энди ғазабимни яширолмадим:
-…ака турк ҳам уларни тушунмади. 1:1.
Унинг ўнг қовоғи учиб қахр билан ёнимдаги ўриндиқдан туриб кетди.
-С тобой потом поговорим.
Шармандали таънани эса барибир эшитдим. Тадбир тугагач турк режиссери дилидагини тилига чиқарди, қўйди:
-Бураси Московиями? Кимсе ўзбекча кўнишмиёр. Ташкентге галмадикми даха?
Минг афсуски, фестиваль доирасидаги тадбирлар бошидан охиригача фақат Московияликлар учун бўлди…
Муаззам Иброҳимова
Манба: Facebook