O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тошкентдаги “Минор” қабристонида ернинг нарҳи тўрт баравар ошиб кетди

Тошкентдаги “Минор” қабристонида ернинг нарҳи тўрт баравар ошиб кетди
260 views
26 May 2014 - 11:53

Россиялик олигарх Алишер Усмонов масжид қурдитираётгани туфайли Ўзбекистон пойтахтидаги “Минор” қабристонида ернинг “нарҳи” икки баравар ошиб кетди. Масжид қурилиши бошлангунча бир қабрга ажаратиладиган ер учун бериладиган пора миқдори таҳминан минг доллар бўлган бўлса, айни кунда ернинг “нарҳи” тўрт минг долларга чиққан.

“Бунга сабаб – Тошкент бойларининг ўзлари. Чунки Алишер Усмоновнинг жияни шу қабристонга дафн қилингач, пойтахтниннг турли бурчакларида яшайдиган “янги ўзбеклар” даб-дурустдан шу қабристондан ер сотиб олишга тушишди. Ҳаммаси Бобур Усмонов билан бир қабристонга кўмилгилари келиб қолди. Ҳудди бойваччанинг ёнида кўмилса, жаннатга тушишлари ҳақида хабар келгандек, “Минор”дан ўзларига ва оила аъзоларига ер сотиб олишга тушишди”, дейди қабристон гўрковларидан бири.

Тошкентлик “янги зодагон”лардан бири 5 кишилик оиласи учун шу қабристондан ерни “бронлаб” қўйиш учун Мусулмонлар диний идорасидаги мулозимларга 17 минг доллар узатган. Қабристонлар бошқармасидаги амалдорлар бойваччадан аслида 20 минг доллар сўрашган. Лекин ўртага МХХдаги генераллар тушиб, 3 минг долларга “скидка” қилиб берганлар.

Унинг айтишича, бойвачча йигит шу ерга кўмилгач, бу қабристонда гўрков бўлиб ишлашга орзумандлар ҳам кўпайиб қолган. “Ҳозир менинг ўрнимга таҳминан 10-15 киши даъвогар. Таниш-билиш ва узат-узат ишга солинган. Кейинчалик бу ерда фақат олигархлар кўмилса, пул кўп тушишидан умид қиляптилар”, дейди суҳбатдошим.

“Минор” қабристонидаги гўрковнинг айтишича, қурилаётган масжидга имом бўлиш ниятидаги “уламолар” ҳам таниш-билишларини ва пулларини ишга солиб, қаттиқ курашга бел боғлаганлар.

“Энди шу масжидга имом бўламан деган муллаларни кўрсангиз, жирканасиз ҳам, куласиз ҳам. Биттасининг қўлида 50 минг доллари бор. Шу пули билан Вазирлар Маҳкамасидаги Диний қўмитагача чиқди. Лекин иши битмади. Энди Бош вазир Шавкат Мирзиёевга чиқиш учун одам қидиряпти. Унинг айтишича, қурилаётган “Минор” масжиди келажакда “прибильний” жой бўлармиш”, – дейди суҳбатдошимиз.

Аслида Аллоҳнинг уйи ҳисобланадиган ва амри-маъруф ҳамда ибодат учун қуриладиган масжидлар Ўзбекистонда риё ва кибр учун барпо этилаётган бир пайтда бундай иншоотларнинг имомлари ҳам амри-маъруф ва ибодатни эмас, бошқа мақсадларни кўзлаётганига ажабланмаса ҳам бўлади.

 

Тошкентдаги мухбиримиз