Тошкентдаги «Чинни бозор» ҳудудида 12 августга ўтар кечаси йирик ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабарлар ва ёнғин фотосуратлари тарқалди.
Ёнғин ярим тунда соат 12 яримда бошланган, деб ёзади Озодлик. Зангиота ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ёнғинни ўчиришга жами 18та ўт ўчириш машинаси жалб қилинган.
“Ёнғинни ўчиришга нафақат Зангиота тумани, балки қўшни туманларнинг пожарний машиналари ҳам жалб қилинди. Чилонзор туманидан битта бригада борган. Жами 18 та машина чиқди. Соат 02:12да ёнғин ўраб олинган ва соат 03:07да ўчирилган. Ёнғинни ўчиришга шу бир соатча вақт кетган”, деди Озодлик манбаси.
“Чинни бозор”да савдо қилувчи тадбиркорларнинг айтишича, ёнғин натижасида камида 150та дўкон ёниб кул бўлган.
Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасига қарашли Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси навбатчи диспетчерининг Би-би-сига маълум қилишича, ёнғин ҳақида хабар 12 август тунги 00:31 да келиб тушган.
“Ҳодиса жойида таҳлилий ишлар олиб борилмоқда. Нима сабабдан ёнғин келиб чиққани маълум эмас”, – дейди навбатчи.
Навбатчи диспетчер ёнғин сабаблари ўрганилаётганини билдирган. Ёнғин натижасида жароҳатланганлар борасида бирор маълумот йўқ. “Чинни бозор” номи билан машҳур бозор Тошкентдаги “Абу Саҳий” бозори рўпарасида жойлашган.
Ижтимолий тармоқларда қолдирилган изоҳлардан маълум бўлишича, ёнғин мебель дўконида келиб чиққан. Сешанба товарлар улгуржи сотиладиган кун бўлгани учун раста ва омборларнинг мол билан тўла бўлгани ёзилмоқда.
Маълум бўлишича, ёнғин туфайли «Бунёдкор» шох кўчасининг ушбу бозорга олиб борадиган қисми маълум вақтга ёпилган.
ЎХҲ ахборот бўлими