O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тошкентдаги энг катта масжид қурилишини Алишер Усманов молиялаштираётгани айтилмоқда

Тошкентдаги энг катта масжид қурилишини Алишер Усманов молиялаштираётгани айтилмоқда
172 views
22 April 2014 - 17:10

tashkent masjid-1

Тошкент шаҳрининг “Минор” маҳалласида шаҳардаги энг йирик жомъе масжиди қурилмоқда. Қурилиш тархига ва у ерда олиб борилаётган иш кўламига кўра қурилаётган иншоот бошқа масжидларга қараганда анча маҳобатлироқ бўлиши мақсад қилингани аён бўлади. Қурилиш лойиҳасидаги маълумотларга кўра масжид 2,4 минг кишига мўлжалланган.

Ажратилган ҳудуддаги қурилиш ишлари, 2013 йилнинг ёз охирида бошланган. Масжид қурилиши ва унинг атрофини ободонлаштириш ишларини 2014 йил 1 ноябригача якунлаш кўзда тутилган.

Қурилиш ишлари бошланиши биланоқ кўпгина интернет нашрлари ушбу масжид қирилиши билан боғлиқ хабарлар берилганди. Ўша вақтдаги хабарларда асосий эътибор масжид қурилиши муносабати билан у ерда бузилаётган аҳоли хонадонлари ва хизмат кўрсатиш объектларига қаратилганди.

Айни пайтда расмий матбуот ушбу масжид қурилишининг Ўзбекистон Президенти томонидан 2013 йил июль ойида имзоланган “Тошкент шаҳридаги “Минор” маҳалласи ҳудудида масжид қуриш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори”га асосан амалга оширилаётгани ва масжид Ўзбекистон давлат бюджети ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси маблағларига қурилаётгани ҳақида ёзганди.

tashkent masjid-2

Бироқ, сўнги маълумотларга кўра, маҳалла аҳолиси орасида масжид қурилиши айнан россиялик миллиардер Алишер Усманов томонидан молиялаштирилаётганлигига шубҳа қолмаган.

Маълумки, ўтган йили автоҳалокатга учрагаб ҳалок бўлган Алишер Усмановнинг жияни Бобур Усманов 2013 йилнинг 8 май куни “Минор” қабристонига тупроққа қўйилганди. Ягона меросхўрнинг дафн маросимида Алишер Усманов ҳам иштирок этганди. Алишер Усмонивнинг жиянидан ташқари унинг отаси ва ўзига яқин бўлган қариндошларнинг хилхонаси ҳам ушбу қабиристонга дафн этилган.

Алишер Усмановнинг укаси Баҳодир Усмановнинг ҳонадонига яқин бўлган манбанинг айтишича, Алишер Усманов айнан жиянининг дафн маросимидан кейин масжид қуришга аҳд қилган.

Унинг айтишича, масжид қурилиши олдидан кўпгина уйлар бузилганда ва аҳоли норизо бўлмаслиги учун уйи бузилган одамларга Юнусобод туманидан квартиралар сотиб олиб берилган. Бу ишга Юнусобод туманидаги бир нечта риелторлик фирмалари ҳам жалб қилинганлиги айтилади.

“Масалан, бир ҳовлида иккита оила турадиган бўлса, иккита квартира берилди. Уйи бузилганларнинг аксарияти кам таъминланган оилалар бўлгани учун хурсандлигини яширмаяпти”, – дейди суҳбатдош.

tashkent masjid-3

Гувоҳларнинг таъкидлашича Бош вазир Ш. Мирзиёевнинг шахсан ўзи масжид қурилишининг назоратга олган. Айни масжиднинг қурилиши бўйича шаҳар ва туман ҳокимларини йиғиб улардан қурилишга катта эътибор ва маъсулият билан қаралишини қаттиқ талаб қилган. Бундан ташқари, Бош вазир кўрсатмасига кўра масжиднинг қурилиш жараёнини суратга олиш ва сеъёмка қилиш қатъиян тақиқланган.

Яна бир эътиборли жиҳати, бош қурилишнинг пудратчиси “ТРЕСТ12” ОАЖ ҳисобланади. Ҳозирда Бош вазирнинг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси ҳамда Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари мажмуаси раҳбари – Ботир Зокиров 2011 йил декабрь ойида ушбу лавозимга келгунга қадар “ТРЕСТ12” ОАЖнинг 24,37% лик акциясига эгалик қилиб келган.

tashkent masjid-4

Масжиднинг бош биноси – икки қаватли хонақоҳдан иборат. Лойиҳага кўра, масжидда иккита пештоқ, иккита минора ва бир гумбаз бўлади. Мазкур ҳашаматли масжид Кичик халқа йўлидан яққол кўзга ташланади. Кичик халқа йўлидан бурилишда масжид ҳовлисига кириш дарвозаси ва асосий пештоққа юзма-юз келиш мумкин. Ўнг томонда Бўзсув соҳилигача майсазордан иборат хиёбон, чап тарафда эса барча қулайликларга эга замонавий таҳоратхона қурилади.

Қурилишда ишлаётган меъморларнинг сўзларига қараганда, масжиднинг ташқи ва ички кўриниши Тож Маҳал сингари оқ рангда бўлиши режалаштирилган. Ҳатто таҳоратхона ва ҳожатхоналаргача барчаси оқ рангда бўлиши топширилган.

Иккинчи пештоқ ҳовлидан ўтиб хонақоҳга кираверишда тикланмоқда. Олтибурчак шаклидаги хонақоҳ устига улкан гумбаз ўрнатилади.

Баландлиги 38 метр бўлган икки минора биринчи пештоқнинг икки ёнига туташ деворлар муюлишида қад кўтаради. Ҳозирда минораларнинг мустаҳкам пойдеворлари қуйилган. Масжид ҳовлисининг икки томонида миллий ёғоч ўймакорлиги услубларида безатилган устунлар саф тортган айвон қурилади.

Қурилиш ишларига 300 дан зиёд усталар ва меъморлар жалб қилинган. Қурилишдаги ишчиларнинг таъкидлашича, масжиднинг “Қурбон Хайити” куни очилиши ва илк Хайит намози ўқилиши мўлжалланмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими