Бу хатни Тошкентдан ёзяпман. Архивимдан бир эски варақа топдим. Уни кўриб ҳаяжонландим ва томчидан қутилиб ёмғирга, дўлга учраган Мустақиллигимизни эсладим. Яқин тарих саҳифаларини, сарғайган газеталарни варақлар экан, бизга бу имтиҳоннинг не сабабдан юборилганини мушоҳада қилишга уринаман…
Бугун Мустақиллик учун курашган ватан авлодлари тутқинда ва сургунда, муҳожиротда яшаяпти. Аммо улар четда туриб ҳам биздан кучлироқ ва иймони мустаҳкамроқ экани бизни севинтиради.
Бу ажойиб хат 1989 йил август ойида “Бирлик” халқ ҳаракати қошидаги Ўзбекистон ёшларининг эркин уюшмаси “Ахборот варақаси”нинг 3-сонида чоп этилган экан:
Муҳаммад СОЛИҲга мактуб
Мактубга ёшлар таҳририяти шундай изоҳ берибди:
“Биз ўзимизга лоақал бирорта ўзбекча ҳарфли машинка топа олмай ўрисча ҳарфларда ёзиб, бунинг устига Ўзбекистонда яшаб туриб, жумҳуриятимизнинг давлат тили масаласини ҳал қилолмай юрган пайтимиз чет элликлар ўз ишларини ўзбекча компьютерларда битирса ажабланарлими? Бундан бир йилгина аввал “Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили бўлсин!” деган шиорни кўришса баъзиларнинг “қуёнчиғи” тутиб қоларди. Энди бўлса, бу шиорни айтавериб биз ҳам чарчадик. Сиз яхшиси америкалик олим Девин Девиснинг ўзбекистонлик дўсти Муҳаммад Солиҳга ўз шахсий компьютерида ўзбек тилида ёзган мактубини ўқиб кўринг. Ўзбекистондаги бирорта ўрис ёки ўзбек шундай ширин тилда, равон тилда гапира олармикан?”
Биз ўз тилимизга эга бўлолмаётган бир пайтда амриқолик бир олим шоир Муҳаммад Солиҳга ўзбек тилида мактуб йўллабди. Марҳамат, азиз ўқувчи, бу хат мустақиллик ҳаракатининг 90- йиллари ҳақида оз бўлса-да, тасаввурингизни бойитиши мумкин.
“Азиз дўстим Муҳаммад!
Салом! Узоқ вақт мендан эшитмагансиз, ҳеч бир хат ҳам олмагансиз; шунинг учун узр айтмоқчиман. Афсуски, бу хат қисқача бўлади. Ленинградга бориб, эртага тонг билан бу ердан жўнайдиган дўстим орқали юбормоқчиман. Сиздан ҳам узоқ вақт бўлиб, ҳеч бир хат олмаганман, лекин Билл Вуд ва Билл Фирман орқали хабардор бўлиб қолдим. Балки энг яхшиси шундаки, газеталарда, журналларда, ҳатто телевизорда шеърингиз, бошқа ёзишларингиз ё Сиз ҳақингизда хабар кўра оламан. “New York Times” газетасида сўзларингизни ўқиб, дўстим деб соғиндим, қувондим. Сиз учун қувондим, сўзларингиз учун қувондим, ошкоралик учун қувондим, менга бахт деб санаб, Сиз билан танишиб дўстлашганим учун қувондим, Айниқса, бундан беш йил бурун, Ўзбекистонга келишим вақтида шароитларни эслаб қувондим. Албатта, хушёр бўлиб қувондим, балки Фарғона водийсида, ҳатто Хитойда яқинда бўлган ҳодисалар туфайлидан ташвишланяпман, лекин ҳар ҳолда янги шароитларни узайтириб, такомиллаштиришга интила олмоқчисиз деб умидим бор. Айниқса, бирор кишининг (отини унутган эканман, балки Қуруқжонли (“Правда Востока” газетаси ходими Ю.Кружилин назарда тутилмоқда – таҳр.) ё шунга ўхшаш фамилия) ёлғонли, алдоқли мақоласини ўқиганимда эски услубдаги ҳужум қайтиб келган экан (ё тўғриси, ҳалигача чиқарилмаган экан) деб безовта бўлдим. (Кружилинга – таҳр.) Жавобингизни ўқиганимда, жойим борми ё йўқми, хурсанд бўлиб қолдим, яшасин деб айтдим.
Мендан сўрасангиз, одатимча жуда банд бўлганман. Кечган йилда ёз ойларини Ҳиндистонда ўтказдим, турли шаҳарлардаги китобхоналарнинг форсча, арабча ва туркча қўлёзмалари билан тадқиқотлар қилдим. Яқинда Кубравий тариқати ҳақида бир мақолам босиб чиқарилди, лекин илмий ёзишим учун вақтим етарли эмас экан. Оиламда ҳаммаси тинч, қизимдан фақат хурсандлик билиб оламан.
Крек Кеннеди ва Билл Вуд ва Билл Фирман билан танишганингиз билан жуда хурсандман; Сиз учун улардан ҳеч бир ташвиш, тинчсизлик келмаган экан деб умидворман, балки бу шароитларда шундай ташвиш мендан келган деб англайман, бундай зарарли дўст эканимни сезиб айбдор эканман. Менимча, алоқадор бўлмоқ яхшироқ, лекин безовталикнинг имконияти ҳам бор бўлса ҳам узр айтгим келди. Фикрингизча, Сиз томонга яна марта келишим билан ҳар қандай безовталикка учрайсиз ё учрайман?
Араб ҳарфлар, расмий тил ва бошқа масалалар ҳақида баҳслар менга жуда қизиқарлидир; лекин менимча, фақат ҳарфларга қайта кўриш етарли бўлмайди. Шундай ҳарфларни яратган маданиятнинг маънавий, руҳий, ҳатто диний дунёсига яна марта, чуқурроққина қайта кўриш шарт экан. Бу “дунё” аждодингизнинг меросидан бир муҳим қисмидир. Менимча, аждодингизнинг бу қисмни қабул қилганларини “хурофот” ё “мажбурий” деб айбламоқ фақат катта хатогина эмас, ҳатто бошқа халқнинг иши экан. Бошқаси эса, келажак йилда, ёзда бизда Ўрта Осиёда экология масалалари ҳақида конференция ўтказилади; келишингиз мумкин бўлади, деб умиддамен. Расмий таклифнома почта орқали юборилади.
Мана компьютер билан ёзилган хат, кўра оляпсиз; менимча, мен ишлаб чиқарган ҳарфлар (ў, қ, ғ, ҳ) программа орқали тахминланган ҳарфлардан яхшироқ. Ўзбек тилини ёмон ёзишим учун кечирасиз, илтимос; янги компьютерим билан ёзилган бўлса ҳам, шундай механизм ўзбекча равонлигимга ёрдам бермайди! Техника яхши, лекин нотиқлигим ҳалигача яхши эмас; афсуски, компьютер тилимни бийрон эта олмайди.
Қиладиган илтимосим шуки, мендан бошқа дўстларимга саломлар, яхши истакларимни етказсангиз; оилангизда тинчлик, омонат учун ҳаваскорман . Ва Сиздан яна бевосита хабар олиб, эшитгим келди; хат ёзиб туринг, дўстим. Ва Худо хоҳласа ё Сиз бизга ё биз Сизга келиш мумкин бўлади. Ҳар ҳолда Сизни унутмаганман, ҳозирги кунларда мендан ҳеч нарса Сизга керак бўлса ҳам унутмасман, буни яхши биласиз деб ёзаман; ва шунингдек, мени унутмагансиз деб ишониб, мени ёдингиздан чиқарманг деб илтимосим ҳам бор.
Сизни қучиб, Девин”.
Профессор Девин Девис, бугунда Американинг Индиана Штатидаги Блумингтон Университетида туркшуносликдан дарс беради.
Ўзбекистон ёшларининг эркин уюшмаси
“Ахборот варақаси”нинг 1989 йил 3-сонидан
Абдуқодир Каримов