O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ривожланмаган журналистикани “ривожлантиришмоқчи”.

Ривожланмаган журналистикани “ривожлантиришмоқчи”.
152 views
27 September 2013 - 10:57

смиМиллий матбуот марказида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда ЎзДЖТУ ва ЎзМУнинг журналистика факультетлари ҳамкорлигида “Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги вазифалар” мавзусида анжуман ташкил этилди, дейди CA-NEWS  ахборот агентлиги.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди вакили, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети декани, ЎзМУ журналистика факультети декани ва бошқалар ўз маърузаси билан қатнашдилар.

Анжуманда Ўзбекистонда гўёки, мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликлари ишларини мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича “намунали” лойиҳалар амалга оширилаётганлиги эътироф этилади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач журналистик  фаолият билан боғлиқ учта асосий  қонун қабул қилган. Аммо вақт қонунлар қабул қилинишигина етарли  эмаслигини исботлаб берди. Каримов  режими хақиқий  журналистларни  қамаш, сургун қилиш орқали  Ўзбекистонда журналистиканинг фақат номи бор эканлигини, журналистлар доимо босим остида эканлигини исботлади.

Ўзбекистон  Республикасининг «Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида» Қонуни нинг 3-моддасида  “Журналист-Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатнинг ОАВларида хизмат қиладиган ёхуд уларда шартнома асосида ишлайдиган ва маълум мавзудаги ахборотни тўплаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланувчи шахсдир”, дейилади.  Қонун қоғозда бор, лекин бирор журналист хорижий журналистлар билан алоқа қилса ёхуд  давлат ичида бирорта мавзуни таҳлил қилса Ўзбекистоннинг  маълум хизматлари томонидан ҳеч бўлмаганда бирорта шантаж асосида  фаолияти чекланади.

Аммо, энг ачинарлиси шундаки, Ўзбекистоннинг ичида ва ё ташқарида  Ўзбекистоннинг давлат сиёсатини холисона  ёритаётган журналистларнинг ҳаёти доим хавф остида. Уларни Ўзбекистон МХХи таъқиб остига олганлар. Бунга яққол мисол, куни кеча журналист Сергей Наумовнинг ушлаб кетилиши, бундан тўрт йил аввал Қирғизистонда Алишер Соиповнинг отиб кетилиши ва яна бир қатор журналистларга таҳдидлар… Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон МХХ тарафидан уюштирилган, дейилади.

Ўзбекистонда фақат Каримов сиёсатини мақтаб, уни кўкларга кўтарадиган журналистларгина ОАВларида бемалол ишлай оладилар.

 

ЎХҲ хабар маркази.