Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибоевнинг хабар қилишича, Тошкентдаги Қўйлиқ бозорида мардикорлар касаба уюшмасининг биринчи таъсис мажлиси ўтказилган.
Анжуманда анчадан буён режалаштириб келинган мажлис раиси, котиби, тафтиш қўмитаси раиси ва ёрдамчилари сайлаб олинган.
Абдулла Тожибой ўғли «Мустакил мардикорларнинг профсоюзи» рахбарлигига номзоди кўрсатилган Нуриддин Жуманиёзовни бир овоздан сайлаб олганларини айтади.
Унга кўра, ташкилот раисини сайлаш ва Низомини кўриб чиқиш муҳим вазифалардан ҳисобланган.
17 меҳнат муҳожири қатнашган мажлис Мустақил мардикорлар ташкилоти Низомини қабул қилишган.
Эндиги вазифа тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, Адлия вазирлигига топшириш ва ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўлади.
Абдулла Тожибой ўғли бошчилигидаги фаоллар бир неча ойдан буён Мардикорларнинг мустақил ташкилотини тузиш ҳаракатида юришган эди.
Улар бир неча бор мардикорлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларинии ҳал қилишга уринган пайтларида милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган ва жарималарга тортилишган.
Бироқ милициянинг ўзи қонунга хилоф равишда иш тутгани боис, фаоллар бироз муддат ички ишлар бўлимларида ушланиб, тушунтириш ишларидан сўнг қўйиб юборилган.
Абдулла Тожибойнинг айтишича, бугун уларнинг йиғилишига ҳеч ким халақит бермаган. Ҳуқуқ фаолига кўра, милиция ходимлари уларни иш берувчи ҳисоблаб, мардикорлар ўраб олгач эътибор бермаган бўлиши мумкин.
Ҳуқуқ фаоллари мардикорларнинг ҳуқуқлари ташкилот томонидан ҳимояга олинмаса бу тоифа кишилар жамиятнинг энг ҳимоясиз ва ночор қатламига айланиб қолганини таъкидлашади.
“Ўзбекистон милицияси шу даражага борганки, қийналиб пул топган мардикорларнинг ишлаб топганини шилиб, ўзларини қамаб қўйган ҳоллари кўп бўлган. Бунга сабаб мардикорлар ўз ҳуқуқларини, қонунни билишмайди”, – дейди Абдулла Тожибой ўғли.
Тузилажак янги ташкилот ана шу масалаларни маълум даражада ҳал қилинишига ёрдам беради деб умид қилинмоқда.
” Ўзбекистон Конституциясининг 34 – моддасига биноан ҳар бир фуқаро касаба ушмасига аъзо бўлиши мумкин. Бу қонунда кўрсатилган ва биз нодавлат ташкилоти тузиш ҳуқуқига ҳам эгамиз. Ҳозир шароит шундай бўлиб қолдики, ташкилотни ким тузаётгани ва раҳбарлик қилишига қараб уни рўйхатдан ўтказадиган бўлишган”, дейди Абдулла Тожибой ўғли.
Шунга қарамай, ҳуқуқ фаоли ташкилотни рўйхатдан ўтказиш, сўнгра бошқа режалар устида ҳаракат қилишни маъқул кўрмоқда.
Ўзбек ҳукумати мамлакатда ичкариси ва ташқарисида қанча ишсиз одам, мардикорлар борлигини ошкор этмайди.
Абдулла Тожибойга кўра, Ўзбекистон ичкарисида қарийб 4,5 миллион мардикор бор.
Ташқарида, биргина Россияда Марказий Осиёнинг асосан уч давлати, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг миллионлаб фуқаролари тирикчилик ташвишида юрибди.