Ўзбекистон Туркия билан муносабатларини яхшиламоқчи. Zaman хабар беришича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Туркия бош вазири Режеб Тойиб Эрдўғанни муқаддас Рамазон ойи кириб келиши билан мактуб орқали табриклаган.
Мактубни эгасига Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Улфат Қодиров чет эл дипломатик миссиялар раҳбарлари ва элчилар тўпланган ифторлик зиёфатида топширган.
Қодиров Ўзбекистон ва Туркия биродар мамлакатлар ва доим бир-бирини қўллаб келадилар, дея қайд этиб ўтган. Ўзбек дипломатига кўра, Туркиянинг келажаги порлоқ, у ҳаётнинг кўп соҳаларида катта муваффақиятларга эришган ҳамда бошқа мамлакатлар учун демократик давлат яратиш ишида ўрнак бўла олади.
Эслатиб ўтамиз, Каримовнинг энг катта душмани, мухолифатдаги “Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ Туркияда бошпана олганидан сўнг Анқара ва Тошкентнинг ўртасидаги муносабат бузилди. Тошкент бир неча бор Анқарага Солиҳни мамлакатдан ҳайдаб чиқаришга ишора қилди, аммо Туркия ўзини билмаганга солиб олди. Биринчидан, мухолифатчи БМТ томонидан сиёсий қочоқ мақомига эга, иккинчидан эса, Европа иттифоқи тарикибига киришдан умидвор Анқара инсон ҳуқуқларининг бузилишини ва шу йўл билан халқаро ҳуқуқ ҳимоя жамиятларининг эътиборини ўзига қаратишни истамади. Бундан ташқари, Анқара 2006 йилда Андижон воқеаларининг халқаро текширувини ўтказишни ҳамда Ўзбекистонда пахта терим мавсумида ёш болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилган эди.
Бунга жавобан Тошкент мамлакатдаги турк тадбиркорларига босим ўтказиб келаяпти, уларни депортация қилаяпти, қамаяпти ҳамда 2012 йил 22 февралдан бошлаб Ўзбекистон телевидениесида турк сериалларини намойиш этишни тақиқлаяпти.