Тошкент вилояти Паркент шаҳрида мактаб ва лицейлардан 1 июндан бошлаб бирданига 14 та ўқитувчи ишдан бўшатилди, дея маълум қилади Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ).
ЎМҲҲТГ маълумотига кўра, №1, №2, №5, №8, №10, №30, №45 ўқув муассасалари педагогларини “ўз хоҳишига биноан” ишдан бўшаш тўғрисидаги аризаларини ёзишга Паркент тумани халқ таълими бўлимининг мудири Муҳсиддин Ҳасанов мажбур қилган. Ишдан бўшатилишнинг сабаби – ўқитувчи аёлларнинг турмуш ўртоқлари ёки қариндошлари диний сабаблар билан қамалган ёки қидирувда бўлган. Баъзи ўқитувчилар эса фақат масжидга борганлари учун шундай ситамга йўлиқдилар.
Бундан ташқари, №1 мактаб директори Тоҳир Абдуғаффоров ҳамда 5 мактаб-лицей директори Отабек Арипов тергов изоляторига ташланган, Паркент тумани ИИБ уларга қарши ваҳҳобийликда айблов билан жиноий иш ясаяпти. Ҳолбуки, мактаб ўқитувчиларига кўра, бу икки директор масжидга бориб номоз ўқимаган, диндор бўлмаган ва дунёвий ҳаёт тарзи кечирган.
ЎМҲҲТГ, шунингдек, Паркент туманида етти нафар маҳаллий фермер ва тадбиркорлар диний экстремизмда гумон билан ҳибсга олинганини маълум қилмоқда.
Маҳаллий аҳолига кўра, халқ таълими ходимларининг ёппасига ишдан бўшатилиши, фермер ва тадбиркорларнинг ҳибсга олиниб, уларга қарши жиноят ишларининг сохталаштирилиши ортида Паркент тумани ИИБ бошлиғи милиция подполковниги Шуҳратулло Ҳусанов ҳамда Миллий хавфсизлик хизматининг Паркент туманидаги ходимлари турибдилар.
”Фарғона” ахборот агентлиги