Ёлғиз истиқомат қилувчи, кекса фуқароларга нисбатан содир этилган қотилликлар ва босқинчиликлар бўйича қўзғатилган шов-шувли жиноят ишига Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Зангиота туманлари ИИБнинг собиқ ходимларининг ҳам алоқадор бўлиб чиқди.
Маълумки, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 2014 йил 27 июндаги ҳукми билан Жамолиддин Қосимов ва Наргиза Ўрозовалар Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топганди. Ж.Қосимов умрбод қамоқ жазосига, Н.Ўрозова эса 15 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинганди.
Аниқланишича, улар ўзларини коммунал хизмат, тиббий муассасалар ҳамда ижтимоий таъминот ходимлари сифатида таништириб, кекса ёшли фуқароларнинг ишончидан фойдаланган ҳолда, уларнинг уйига ҳеч қандай тўсиқсиз кириб олган ва қасддан қотиллик, босқинчилик ва бошқа оғир жиноятларни содир этган.
“12news” нашрининг хабар беришича тергов тадбирлари давомида бу ишга милиция ходимларининг алоқаси борлиги ҳам аниқланган.
Олинган маълумотларга кўра, Янгийўл ва Зангиота туманлари ИИБнинг ходимлари пора эвазига қўлга олинган Ж.Қосимов ва Н.Ўрозовани қўйиб юборган.
«Агар биз ўша пайтда ушбу жиноятчиларга нисбатан қонуний чораларни кўрганимизда, улар ёлғиз яшовчи, кекса фуқароларни ўлдириш ва уларнинг мулкини ўғирлаш билан боғлиқ 208 та жиноятни содир этмаган бўларди», — дейди жазога тортилган собиқ милиционерлардан бири.
Суд органларининг қарори билан Тошкент вилояти Янгийўл ва Зангиота туманлари ИИБнинг тўрт нафар ходимига 13 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълумотларига кўра, юқорида тилга олинган туманлар ИИБнинг ушбу шов-шувли жиноят ишига алоқадорликда айбланаётган яна икки нафар ходими, шу жумладан Янгийўл туман ИИБ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари ҳозир қидирувда.
ЎХҲ ахборот бўлими