Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кундан-кунга кучайтирилаётган бир пайтда Тошкент метрополитенига тижорат рекламалари яна қайтиб келмоқда. Сўнги бир неча кун ичида “Ўзбекистон” йўналишидан “Чилонзор” йўналишига ўтишда мевали соклар ва маъданли ичимликларни реклама қилувчи баннерлар пайдо бўлди.
Маълумки бундан уч йил олдин метрополитен раҳбариятининг “юқоридан” келган буёруқ асосидаги қарори билан барча вагонлар, бекатлар ва ўтиш йўлакларидаги рекламалар олиб ташланганди. Тошкент шаҳар ИИБ нинг Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича батальони командири подполковник Руслан Эрназаров метрополитендаги рекламалар йўловчиларнинг диққат эътиборини чалғитиб қўйишини таъкидлаганди. Бу эса, ўз навбатида йўловчиларнинг хавфсизлиги таъминланишига салбий таъсир кўрсатади, деганди мулозим.
Шундан сўнг Тошкент метрополитенидаги барча вагонлар, бекатлар ва ўтиш йўлаклари хавфсизликка даъват қилувчи баннерлар билан тўлдириб ташланганди. Айни пайтда, деярли бир йил давомида Ўзбекистон телеканаллари орқали метрополитенда унитиб қолдирилган буюмлар кўзга ташланганда нималар қилиш кераклиги ҳақида турли қисқача видео роликлар намойиши йўлга қўйилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ИИВ махсус бўлинмалари, МХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида метрополитенга ўрнатилган портловчи моддаларни зарарсизлантириш бўйича турли қўшма ўқув машғулотлари ўтказиш йўлга қўйилганди.
Бироқ барча кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, бугунги кунда метрополитендан йиғиштириб олинган тижорат мақсадидаги рекламалар яна қайтиб кела бошлади. Бу эса, баъзи кузатувчиларнинг фикрича, метрополитен рекламалари ортидан келадиган йирик даромад билан боғлиқ бўлиши мумкин.
ЎХҲ ахборот бўлими