2013 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон милицияси ва махсус хизматлари Тошкент метрополитенида мамлакат фуқароларини прокурор рухсатисиз тинтиб, ҳибсга ола бошлади. Улар “шубҳали” йўловчиларнинг ёнларидан конституцион тузумга қарши материалларни қидирмоқдалар.
Шундай ҳолатларга гувоҳ бўлган кишиларнинг айтишларича, милиционер ва МХХчилар тинтув ва ҳибсларни асосан “Пахтакор”, Алишер Навоий, Ойбек, «Минг Ўрик», Амир Темур, Юнус Ражабий ва бошқа метро бекатларининг ўтиш йўлларида амалга оширмоқдалар.
“Мени “Пахтакор” и Алишер Навоий бекатларининг ўтиш йўлида тўхтатиб, милиция хонасига олиб киришди ва тинтиб бошладилар. Ёнимдан Ўзбекистон Мусулмонлар диний бошқармаси томонидан чиқариладиган “Ислом нури” газетаси чиққани учун мени Шайхонтохур туман прокуратурасига олиб кетишди”, – дея ҳикоя қилади исми-шарифини ёзмасликни илтимос қилган тошкентлик фуқаро.
Унинг айтишича, Шайхонтоҳур прокуратураси ходимлари фуқаронинг ёнидан ҳукумат диний газетаси топилгани учун прокуратурага келган милиционерларни сўкиб кетишди. “Менинг олдимда прокурор милиционерларни оналаридан сўкиб, улар расмий ва норасмий диний нашрлар ўртасидаги фарқни билмасликларидан асабийлашиб кетди”, – дейди пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро. Унинг гувоҳлик беришича, ўша куни Шайхонтоҳур туман прокуратураси коридорларида Тошкент метросининг милиционерлари ва “чекист”лари томонидан ҳибсга олиниб келтирилган яна ўнлаб одамлар бўлган.
“Улардан бири, тахминан 40-45 ёшлардаги эркак киши, унинг ёнидан топилган ҳамда арабча ёзилган “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларида президент Ислом Каримовга ва Ўзбекистондаги конституцион тузумга қарши ҳеч нарса йўқлигини исботлашга уриниб ётганди”, – дея кулади тошкентлик йигит.
Тошкентдаги қариндошлариникига Янги йил арафасида келган андижонлик Зиёда Р. ҳам тахминан шундай ҳолатга тушиб қолган. “Мирзо Улуғбек метро бекатида икки милиционер ва бир МХХчи мени тўхтатиб, нега ҳижобга ўраниб юришим ҳақида сўради. Кейин эса чўнтакларимни ва сумкамни тинтиб бошлашди. “Ўзбекистон” давлат нашриётида чиққан ўзбекча Қуръон китобига кўзлари тушиб, улар ҳудди наркотик модда ёки ўқотар қурол топгандек қувониб кетишди”, – дейди Зиёда Р.
Андижонлик фуқаронинг сўзларига кўра, шундан сўнг милиционерлар уни Чилонзор туман прокуратурасига олиб боришган. “Бахтимга, прокурор милиционерлардан мени қўйиб юборишни талаб қилиб, Ўзбекистон давлат нашриётларида чиққан диний китобларни олиб юрган одамларни бошқа ушламасликни ва прокуратурага олиб келмасликни буюрди”, – дейди Андижондан келган меҳмон.
Ўзбекистон кучишлатар тизимлари томонидан ташкил қилинган берухсат тинтувлардан жабр чеккан фуқаролар ҳамда ҳамда ҳукуматнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган кишилар бундай ғайриқонуний ишлар “тепа”нинг буйруғига кўра амалга оширила бошлаганига шубҳа қилмайдилар.
“2012 йил 7 декабрь куни ўтказилган тантанали мажлисда президент Каримов 2013 йилни “Фаровон турмуш йили” деб эълон қилиб: “Янги йилда бизнинг энг биринчи мақсадимиз тинчликни сақлаш бўлади!” деган эди. Унинг бу гапларини эшитиб, мен: “Демак, 2013 йилда президент армиямизни мустаҳкамлар экан”, деб ўйлабман. Энди эса, яъни ментлар ва МХХчилар метродаги йўловчиларни ҳам ноқонуний тарзда тинтиб, ҳисбга олаётганларини кўриб, мен: “Ислом Каримов “тинчликни сақлаш” деганда диндор мусулмонларга қарши янги таъқиблар бошлашни назарда тутган экан”, деган хулосага келдим”, дейди Тошкентнинг Ҳамза туманида истиқомат қилувчи 65 ёшли Маҳмуд А.
Унинг фикрига кўра, Ўзбекистонда навбатдаги парламент ва президент сайловлари яқинлашгани сари Каримов режимининг мамлакат мусулмонларига қарши ўтказаётган босими ҳозиргидан ҳам кучаяди. “Шундай экан, яқин орада диндорларни тинтиш ишлари автобус ва трамвайларда, кўчалар ва ҳаттоки диндоларнинг уйларида хам бошланиб кетса, хайратланмаслик керак”, – дейди Маҳмуд А.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати