O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тошкент обод бўлиши учун одамлар ўз уйидан кўчирилмоқда

Тошкент обод бўлиши учун одамлар ўз уйидан кўчирилмоқда
159 views
18 October 2017 - 17:01

Би-би-си радиосининг хабар беришича, Лондонда нашр этиладиган “Гардиан” рўзномаси Тошкент марказида барпо этилаётган Tashkent Cityнинг оддий инсонлар ҳаётига таъсирига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилган.

“Мен қутида яшашни истамайман’: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда” деб сарлавҳаланган мақоланинг Ўзбек тилидаги таржимаси.

“Гардиан” рўзномасининг EurasiaNet.org мустақил онлайн нашри билан ҳамкорликда тайёрланган мақолада Тошкентнинг “Пахтакор” метро бекати яқинидаги қадимги маҳалла яшовчилари бугунги кунда юзма-юз келган манзара тасвирлаб берилади.

“Абдужалил Азимов стулда ўтириб олиб, радиоприёмнигидан ўзбек эстрада қўшиғини тингламоқда, унинг қўйлари эса кунботар пайти Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри марказидаги майсазорда бемалол ўтлаб юрибди.

Олд тарафда муҳташам янги хонадонлардан иборат кўзни қамаштирувчи оқ мармар уйлар қад ростлаган. Азимовнинг орт тарафида “Олмазор” маҳалласи, унинг бетартиб қуриб ташланган пахса уйлари кўзга ташланади. Бу уйлар бир вақтлар Буюк Ипак йўли манзилларидан бири бўлган Марказий Осиё шаҳрининг кўҳна тарихини гавдалантирарди.

Бу киши заводда ишлаб, 60 ёшида пенсияга чиққан. Отаси, буваси ва катта буваси сингари у ҳам “Олмазор” маҳалласида туғилган. – Катта бувам 1934-йили 106 ёшида қазо қилган, – дейди у ғурур билан.

Бироқ ота-боболаридан фарқли равишда Азимовга (бу – унинг тахаллуси, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида исми ўзгартирилди) туғилиб ўсган жойида умрининг охиригача яшаш насиб этмайди: “Олмазор” маҳалласини бузиш режалаштирилмоқда. Умр йўлдоши, фарзандлари ва беш невараси билан яшаётган уйи бошқа юзлаб уйлар қатори бузиб ташланади.

Тошкентнинг

Улар яшаб турган жойда осмонўпар ва кумушранг бинолар қад кўтаради ва уларда бизнес марказлари, ҳашаматли хонадонлар, меҳмонхоналар, офислар ва дам олиш объектлари жойлашади. Ҳукумат шу тариқа Тошкентни халқаро харитадаги кўзга кўринадиган жойлардан бирига айлантирмоқчи”, дейилади мақолада.

“Бир йил олдин диктатор ўтмишдоши Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг ҳокимиятни эгаллаган Президент Шавкат Мирзиёев эълон қилган Tashkent City деб аталувчи иддаоли лойиҳа чет эллик сармоядорларни жалб этувчи оҳанрабо вазифасини ўтайди. У Ўзбекистон пойтахтини Марказий Осиё ва бошқа минтақалар учун бизнес марказига айлантириш йўлидаги иқтисодий инқилобга йўл очиб беради”, дейилади “Гардиан”даги мақолада.

“…Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг узоқ йиллар раҳбарлик қилган Каримовнинг ўлимига қадар пойтахт ғафлат уйқусидаги овлоқ жойга айланиб қолди ва сармоядорлар бу ердан қочадиган бўлди. Бунга совет услубидаги қолоқ иқтисодий амалиёт ва ҳукуматнинг сармоядорлар активларини тортиб олаётгани сабаб бўлди. Энди Мирзиёев Ўзбекистонга сармоя жалб қилиш учун жозибали мамлакат сифатидаги обрўсини ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотларга қўл урди. Тошкент шаҳри ўша режанинг бир бўлагидир”, деб ёзилган мақолада.

“Аксар оилаларнинг қанчадан-қанча авлоди бу ерда яшаб ўтганлар, энди эса улар кўчиши керак. – Тошкент-Сити мана шу маҳаллаларнинг бошидан оёғигача бўлган ҳудудни эгаллайди, – дейди пушти ҳижоб ўраб олган Дилноза Икромова(гарчи ҳаммаси ҳам диний амалларни бажармаса-да, ўзбекларнинг барчаси мусулмон) “маҳалла” сўзига алоҳида урғу берар экан. – Мана шу уйларнинг барчаси бузилади.

Ўзбеклар оила билан маҳаллага қаттиқ боғланганлар, бинобарин, маҳалланинг бузилишини юракларига яқин оладилар. – Бу уят, албатта. Мен умр бўйи шу кўчада яшадим. Уч ака-укам оилалари билан мана шу уйларда яшайди, – дейди у тор кўчани кўрсатар экан. У ерда икки болакай эски бир коптокни тепиб ўйнаётган эканлар. – Мен шу ерда туғилганман, лекин қўлимдан нима ҳам келар эди? Давлат нима деса, шу бў’лади.

Бу аёл ҳам бошқалар сингари давлат идоралари катта оиласини кўчириб, бирор жойдан уй беришидан умидвор, бироқ бу ҳақдаги расмий маълумот жуда кам. Амалдорлар бу ерда қанча одам яшаётганини ҳисоблаб чиқмоқда, аммо туман ҳокимлиги ходими, “бир нарса дейиш қийин”, деб елка қисишдан нарига ўтмайди”, дейилади мақолада.

“Аксар кишилар ўзларига шаҳар чеккасидан хонадонлар таклиф қилинишига ишонадилар, чунки бир неча йил олдин уйлари бузилган қўшниларига шундай хонадонлар таклиф қилинган эди. Икромова замонавий қулай шароитлари бор ва водопровод суви билан таъминланган хонадонга кўчиб ўтишни интиқлик билан кутмоқда, чунки бундай шароит маҳалласидаги уйларда йўқ, лекин бошқа кишилар шаҳар марказидан чеккага кўчишни ҳам, тор хонадонга қамалиб олишни ҳам истамаяпти.

– Мен қутида яшашни истамайман, – дейди Ўзбекистоннинг узундан-узоқ ёз кунларидан бирида уйи олдидаги чанг кўчани супураётган Нилуфар Орипова. – Мен умрим давомида – 52 йилдан буён “Олмазор” маҳалласида яшайман. Икки-уч кўча нарида туғилганман, эримнинг мана шу уйига келин бўлиб тушганман.

– Маҳалламдан кўчишни истамайман, лекин кўчишга мажбур бўлсак, бизга ҳаммамиз бирга яшайдиган катта ҳовли берилиши керак, – дея қўшимча қилади Орипова. У маҳаллада эри, уч фарзанди ва бир неча невараси билан яшайди. Давлат квартира ўрнига ер таклиф қилиши ҳам мумкин, лекин аҳоли ўша ерда уйни ўз ҳисобидан қуриб олиши керак бўлади.

– Уларга турли вариантлар таклиф қилинади, лекин ҳали бир тўхтамга келингани йўқ, – дейди Тошкент шаҳрига сармояларни жалб қилишга масъул ходим Баҳром Ризаев. Унинг фикрича, бу ишни режалаштираётган кишилар “ҳаммани қониқтирадиган янги уй-жой билан таъминлаш”га бел боғлаган.

Мирзиёевнинг сармоядорларга барча шароитларни яратиб беришни кўзда тутган ислоҳотларига қарамай, шу пайтгача Ғарб тадбиркорларининг бу ерга сармоя ётқизиш учун навбатга турганини ҳеч ким кўргани йўқ. Аммо Ризаевнинг айтишича, туркиялик ва хитойлик сармоядорлар Tashkent Cityга қизиқиш билдирмоқдалар ва “рўйхат аста-секин кенгайиб боради. “Иқтисодиётимизда ижобий ўзгаришлар юз бермоқда, шу сабабли лойиҳамиз муваффақият қозонишига ишонамиз”, дея қўшимча қилди у.

Tashkent City Ўзбекистон пойтахти қиёфасини, эски маҳаллаларда яшаётган аҳолининг ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартириб юборади. Уларнинг яшаб турган жойидан кўчирилиши шаҳар марказининг обод бўлиши учун тўланадиган товон пулидир. “Олмазор” маҳалласида яшовчи Азимов уйда уч-тўртта қўйни семиртириб сотиш ва кам миқдордаги пенсиясига қўшимча даромад учун уларни кўчада ўтлатишга мажбур. – Квартирага кў’чиб ўтсам, бу ишни қила олмай қоламан, – дейди у.

Бироқ кўчирилаётган айрим кишилар масаланинг яхши тарафини ҳам кўраётганларини айтадилар. – Биз ё кўчириламиз ёки товон пули оламиз, – дейди элликнинг нари-берисидаги, тилла тишлари ялтираб турган Феруза Аҳметова. Оқ сочи дид билан турмакланган бу аёлнинг афт-ангори Ўзбекистонда муайян ижтимоий мақомга эгалигини кўрсатади. – Бу барчамиз учун, Ўзбекистон учун қилинмоқда. Ўзбекистон гуллаб-яшнаса, Тошкент ҳам гуллаб-яшнайди, деб умид қиламан. Бунинг номини тараққиёт дейдилар”, дейилади “Гардиан” рўзномасидаги мақолада.

ЎХҲ хабарлар бўлими